Cайт ранги: A A


Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида

02 December 2004

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

  • жамғариб бориладиган ихтиёрий пенсия бадаллари— шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ихтиёрийлик асосида киритиладиган пул маблағлари;
  • жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадаллари— шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига мажбурий тартибда киритиладиган пул маблағлари;
  • жамғариб бориладиган пенсия бадалларини киритувчи (бадал киритувчи)— жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчининг фойдасига бадаллар киритаётган жисмоний шахс ёки ишберувчи юридик шахс (бундан буён матнда ишберувчи деб юритилади);
  • жамғариб бориладиган пенсия таъминоти — фуқароларни шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан давлат пенсиясига қўшимча равишда пул маблағлари билан таъминлаш;
    шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи — фуқаронинг Халқ банкидаги эгаси ёзилган шахсий ҳисобварағи бўлиб, бадал киритувчиларнинг жамғариб бориладиган пенсия бадаллари ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларга ҳисоблаб қўшилган фоизлар ана шу ҳисобвараққа келиб тушади ҳамда унда ҳисобга олинади.

4-модда. Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти олиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жамғариб бориладиган пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эга.

5-модда. Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти бўйича давлат кафолатлари

Давлат жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи фуқароларга шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида жамғарилган маблағлари сақланиши ҳамда тўланишини кафолатлайди.

II. ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ ТИЗИМИНИ  ТАШКИЛ ЭТИШ

6-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиш

Иш берувчиларнинг, шунингдек меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширувчи фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, мажбурийдир.
Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги-деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек бошқа фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар.

7-модда. Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олиш

Жамғариб бориладиган пенсия тизимида мажбурий тартибда иштирок этувчи фуқароларни ҳисобга олиш иш берувчининг талабномасига мувофиқ мазкур фуқароларнинг асосий иш жойидаги Халқ банки филиалида амалга оширилади.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этувчи фуқароларни ҳисобга олиш уларнинг аризасига мувофиқ мазкур фуқароларнинг яшаш жойидаги Халқ банки филиалида амалга оширилади.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари очиш;
  • жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини бериш.

Халқ банки жамғариб бориладиган пенсия тизимида фуқароларнинг шахсий ҳисобини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда юритади.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида фуқароларнинг шахсий ҳисобини юритишга доир ҳамда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига тааллуқли маълумотлар Халқ банкининг ягона маълумотлар электрон базасида шакллантирилади ва сақланади.

8-модда. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия  ҳисобварақлари очиш

Жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олинаётганда фуқароларга Халқ банки умрбод қилиб белгиланадиган, доимий шахсий тартиб рақамли шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари очади. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига тартиб рақами бериш фуқароларнинг паспортидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.
Фуқароларнинг яшаш ёки иш жойи ёхуд паспортидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи тартиб рақами ўзгаришсиз қолади ва янги шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи очиш талаб этилмайди.

9-модда. Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси

Фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқини тасдиқловчи жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси фуқарога шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи очилганидан кейин Халқ банки томонидан берилади.
Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасида ҳисобга олинган сана, фуқаронинг шахсига оид маълумотлар, шу жумладан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағининг тартиб рақами, шунингдек бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади. Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини бериш тартиби ва бундай дафтарча шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси йўқотиб қўйилган (йўқолган) тақдирда унинг дубликати шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағининг ўша тартиб рақами қўйилган ҳолда берилади.

10-модда. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида маблағларнинг шакллантирилиши

Жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг тегишлича камайтирилган суммаси ҳисобига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини иш берувчи ҳар ойда тўлаб боради.
Жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларининг миқдори ходимларнинг, шу жумладан ишлаётган пенсионерларнинг иш ҳақи ва бошқа даромади суммаси асосида ҳисоблаб чиқарилади ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан навбатдаги йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантириш вақтида белгиланади.
Иш берувчига ўзининг маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар тўлаш ҳуқуқи берилади. Қўшимча бадалларнинг миқдори ва уларни киритиш муддатлари жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади.
Иш берувчининг жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини тўлаши учинчи шахсларнинг фойдасига амалга оширилиши мумкин эмас.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида мажбурий тартибда иштирок этувчи фуқаролар ўз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига, шунингдек учинчи шахслар фойдасига ўзлари мустақил равишда белгилайдиган миқдорлар ва муддатларда қўшимча бадаллар киритишга ҳақли.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этувчи фуқаролар ўз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига, шу жумладан учинчи шахслар фойдасига киритиладиган бадаллар миқдори ва муддатларини ўзлари мустақил равишда белгилайдилар.
Халқ банки шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларга пул қадрсизланишига нисбатан юқори суръатлардаги ставкалар бўйича фоизларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоблаб қўшади. Фоиз ставкаси Халқ банки томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишиб, жамғариб бориладиган пенсия тизимининг маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

11-модда. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини шакллантириш

Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари Халқ банкида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида маблағларни жамлаш йўли билан шакллантирилади.
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида маблағларни шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

  • жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадаллари;
  • жамғариб бориладиган ихтиёрий пенсия бадаллари;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари маблағларига ҳисоблаб чиқарилган фоизлар;
  • қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқамаблағлар.

12-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларидан фойдаланиш

Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларидан жамғариб бориладиган пенсия тўловлари тўлаш учун фойдаланилади.
Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларидан жамғариб бориладиган пенсия тизими билан боғлиқ бўлмаган мажбуриятларни бажариш учун фойдаланиш мумкин эмас.
Халқ банки жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларининг алоҳида ҳисобини юритади.
Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини кўпайтириш ҳамда уларни пул қадрсизланишидан ҳимоя этиш мақсадида бундай маблағлардан инвестиция ва кредит ресурслари сифатида, шунингдек молиявий воситаларга жойлаштириш учун фойдаланилиши мумкин.
Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларидан инвестиция ва кредит ресурслари сифатида фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқ банки томонидан амалга оширилади.
Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини молиявий воситаларга жойлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.

13-модда. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига маблағларнинг келиб тушиши ва улардан фойдаланилиши устидан назорат

Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари очиш ҳамда уларни юритиш тартибига риоя этилиши, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларининг тўғри ва тўлиқ ҳисоблаб чиқарилиши ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги органлари, давлат солиқ хизмати органлари ва Халқ банки томонидан амалга оширилади.
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши ҳамда фоизлар тўғри ҳисоблаб чиқарилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан, шунингдек Халқ банкининг шу мақсад учун махсус ташкил этилган бўлинмаси томонидан амалга оширилади.

14-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини солиқ солишдан озод қилиш

Жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларидан, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларга ҳисоблаб чиқарилган фоизлардан ҳамда бундай маблағлар фойдаланилишидан фуқаролар ва Халқ банки оладиган бошқа даромадлардан, жамғариб бориладиган пенсия тўловларидан, шунингдек жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари айланмасидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар олинмайди.

15-модда. Жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш

Жамғариб бориладиган пенсия бадаллари киритилганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати нусхасини, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари тартиб рақами, фамилиялар, ҳар бир ходимнинг ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақи суммаси, бошқа даромадлари ва жамғариб бориладиган пенсия бадаллари суммаси кўрсатилган ходимлар реестрини иш берувчи ўзи турган жойдаги Халқ банки филиалига ҳар ойда тақдим этиши шарт.
Халқ банки ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тўлов ҳужжати ва реестр асосида маблағларни шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказади.

III. ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ ТЎЛОВЛАРИНИ ОЛИШ ТАРТИБИ

16-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи

Жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи фуқаролар пенсия тўловлари олувчи сифатида жамғариб бориладиган пенсия тўловларини қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда олиш ҳуқуқига эга.

17-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини айрим ҳолларда олиш ҳуқуқи

Фуқаро вафот этган тақдирда, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади.
Фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига чиқиб кетаётган бўлса, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар бир йўла тўла ҳажмда тўланади.

18-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчининг яшаш жойидаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари ¬Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими қонун ҳужжатларида белгиланган шаклда берадиган жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома бундай тўловларни олиш учун асос бўлади.
Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани бериш сўралган аризани ушбу Қонун 6-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган фуқаролар иш берувчи орқали, ушбу Қонун 6-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган фуқаролар эса бевосита яшаш жойларидаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари ¬Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига берадилар.
Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномада жамғариб бориладиган пенсия тўловлари бошланадиган сана кўрсатилади.
Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома бундай тўловларни олувчига ариза Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ¬ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Молия ¬вазирлиги томонидан белгиланган тартибда берилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома ўз вақтида берилишини таъминлайди ҳамда берилган гувоҳномалар ҳисобини юритади.

19-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олишда танлаш ҳуқуқи

Тўловларни олувчилар ўзлари мустақил равишда белгилайдиган муддат мобайнида ҳар ойлик жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олишни ёки жамғариб бориладиган пенсия тўловларини бир йўла олишни танлаш ҳуқуқига эга.

20-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини тўлаш

Жамғариб бориладиган пенсия тўловлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман ¬(шаҳар) бўлими томонидан берилган жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида бундай тўловларни олувчининг яшаш жойидаги Халқ банки филиали томонидан тўланади.
Жамғариб бориладиган пенсия тўловлари уларни олиш учун мурожаат этилган ойдан кейинги ойдан эътиборан, лекин бундай тўловларни олувчида давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келгач, тўланади.
Бундай тўловларни олувчилар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидан маблағларни қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган ҳужжатлар асосида ишончли шахслар орқали олишлари мумкин.

21-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидан тўловларни белгиланган тартибда олиш;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги жамғармаларининг ҳолати тўғрисида, шунингдек шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларга ҳисоблаб чиқарилган фоизлар ҳақида ахборот олиш;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги жамғармаларини қонун ҳужжатларига мувофиқ васият қилиб қолдириш.

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчи Халқ банкининг мазкур тўловчи олдидаги мажбуриятларини бажаришига таъсир қилувчи ўзгаришлар тўғрисида Халқ банки филиалига хабар қилиши шарт.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ, жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчи бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

22-модда. Жамғариб бориладиган пенсия бадалларини киритувчиларнинг мажбуриятлари

Жамғариб бориладиган пенсия бадалларини киритувчилар Халқ банки филиалига жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олиш учун зарур маълумотларни тақдим этишлари ҳамда фуқароларнинг шахсига оид маълумотлар билан боғлиқ барча ўзгаришлар (меҳнат шартномаси тузилганлиги ёки бекор қилинганлиги, паспортдаги маълумотлар ҳамда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларини юритиш учун зарур бошқа маълумотлар ўзгарганлиги) тўғрисида хабар қилишлари шарт.
Иш берувчилар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига бадалларни ўз вақтида киритишлари ҳамда фуқароларга ҳисоблаб чиқарилган ва киритилган жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумотларни уларнинг талабига мувофиқ беришлари шарт.

23-модда. Халқ банкининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Халқ банки:

  • жамғариб бориладиган пенсия бадалларини киритувчилардан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари очиш вауларни юритиш учун зарур маълумотларни олиш;
  • жамғариб бориладиган пенсия тизимининг маблағларини инвестициялашдан олинган даромаддан маржа олиш ҳуқуқига эга. Маржа миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

Халқ банки:

  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари очиши ваюритиши;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига киритилаётган бадаллар ваҳисоблаб чиқарилган фоизларни шахслар бўйича ҳисобга олиб бориши;
  • жамғариб бориладиган пенсия бадалларининг ҳамда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларга ҳисоблаб чиқарилган фоизларнинг ўз вақтида ватўла ҳажмда ўтказилишини таъминлаши;
  • жамғариб бориладиган пенсия тўловларининг миқдори ўз вақтида ватўғритайинланишини, шунингдек улар бундай тўловларни олувчиларга тўлиқ берилишини таъминлаши;
  • жамғариб бориладиган пенсия тизимининг маблағларини молиявий воситаларга жойлаштириш ҳамда бундай маблағлардан инвестиция вакредит ресурслари сифатида фойдаланиш йўли билан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларнинг сақланишини, кўпайтирилишини вапул қадрсизланишидан ҳимоя қилинишини таъминлаши;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари ҳолати тўғрисида фуқароларни ҳарйили, шунингдек уларнинг мурожаатига асосан хабардор қилиши;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига алоқадор ҳужжатлар ҳамда ёзувларнинг сақланишини таъминлаши шарт.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, Халқ банки бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

24-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тўловлари тўлашни тугатиш

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини тўлаш қуйидаги ҳолларда тугатилади:

  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар батамом тугаганда;
  • бундай тўловларни олувчи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган жами суммани меросга ўтказиш мақсадида тўловларни олишдан ёзма равишда нотариал тасдиқланган тартибда воз кечганда;
  • давлат пенсиясини олиш ҳуқуқини йўқотганда.

25-модда. Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини ушлаб қолиш ёки тўхтатиб туриш

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини ушлаб қолиш ёки тўхтатиб туриш суд қарорлари ва бошқа органларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ижро этиладиган ҳужжатлари асосида амалга оширилиши мумкин.

26-модда. Низоларни ҳал қилиш

Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

27-модда. Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов

Тошкент шаҳри,
2004 йил 2 декабрь,
№ ______.

«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини
амалга киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2005 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати (Ш.Мирзиёев) ўз қарорларини «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирсин, вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар мазкур Қонунга зид бўлган ўз норматив ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлисининг Раиси Э. Халилов

Тошкент шаҳри,
2004 йил 2 декабрь,
№ ______.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...