Cайт ранги: A A


Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида

29 April 2004

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳамда шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги ва овулдаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), шунингдек унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

3-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловининг асосий принциплари

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови демократизм, ошкоралик ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида ўтказилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларини сайлашда тегишли ҳудудда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади), жинси, ирқий ҳамда миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ҳамда ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларини сайлашда фуқаролар йиғинининг ҳар бир иштирокчиси бир овозга эга.

4-модда. Фуқароларнинг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловида иштирок этиш ҳуқуқи

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловида фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрий ҳамда эркиндир. Фуқароларга уларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида, шунингдек уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар эгадирлар.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларнинг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловида иштирок этиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

5-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишда ошкоралик

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови ташкил этилаётганда ҳамда ўтказилаётганда фуқаролар йиғини ўтказиладиган кун, вақт ва жой тўғрисида фуқаролар хабардор этилади, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари вазифасига кўрсатилган номзодлардан, овоз бериш якунларидан воқиф қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик жараёнини ҳамда сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.

6-модда. Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари фуқаролар йиғини томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса фуқаролар вакиллари йиғилиши томонидан икки ярим йил муддатга сайланади.

7-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органлари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига кўмаклашишлари, зарур ҳолларда уларни бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлашлари шарт.

II. ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ РАИСИ (ОҚСОҚОЛИ) ВА УНИНГ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ САЙЛОВИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

8-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддатлари

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

9-модда. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияларни тузиш

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ҳамда шаҳарлар ҳудудида тегишинча фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари (бундан буён матнда комиссиялар деб юритилади) тузилади.
Комиссиялар тегишли давлат ҳокимияти вакиллик органининг қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш даври учун тузилади.
Комиссиялар таркибига, қоида тариқасида, фуқаролар йиғинларининг, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари киритилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари вазифасига номзодлар комиссияга аъзо шахслар орасидан кўрсатилган бўлса, улар комиссия таркибидан чиқарилади.

10-модда. Комиссияларнинг ваколатлари

Комиссиялар:

  • ушбу Қонун ижро этилишини таъминлайди ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;
  • фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича тегишли ишчи гуруҳларининг фаолиятини йўналтириб боради;
  • фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш масалалари бўйича, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил қилади;
  • фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларидан кейинчалик тегишли туманлар, шаҳарлар ҳокимлари билан келишиш учун раислар (оқсоқоллар) вазифасига кўрсатилган номзодларга доир ҳужжатларни қабул қилиб олади;
  • фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайловига доир ҳужжатларнинг намуналарини тасдиқлайди;
  • фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалаларга доир ахборотларини тинглайди;
  • тегишли ҳудудда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайлови якунларини чиқаради;
  • фуқароларнинг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади;
  • фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) вауларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг архивга топширилишини таъминлайди.

Комиссиялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳини тузиш

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун фуқаролар йиғини ёки унинг кенгаши қарори билан сайлов даври учун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи (бундан буён матнда ишчи гуруҳи деб юритилади) тузилади.
Ишчи гуруҳи таркибига, қоида тариқасида, фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари киритилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари ишчи гуруҳи таркибига киритилиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари вазифасига номзодлар ишчи гуруҳига аъзо шахслар орасидан кўрсатилган бўлса, улар ишчи гуруҳи таркибидан чиқарилади.

12-модда. Ишчи гуруҳининг ваколатлари

Ишчи гуруҳи:

  • фуқаролар йиғини ўтказиладиган кун, вақтважойни белгилайди ҳамда йиғинўтказилишидан камида беш кун олдин буҳақдатегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилади;
  • фуқаролар йиғини иштирокчиларини рўйхатга олади;
  • тегишли ҳудудда яшовчи, аҳолининг фикрини ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига номзодлар бўйича таклифлар тайёрлайди;
  • фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваунинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш масалалари юзасидан, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради;
  • фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваунинг маслаҳатчиларининг такрорий сайлови ўтказилишини ташкил этади;
  • фуқароларнинг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ваунинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади.

Ишчи гуруҳи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш учун фуқаролар йиғинини (вакиллар йиғилишини) чақириш

Фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чақирилади ва ўтказилади.
Фуқаролар вакилларининг йиғилишига ҳовлилар, уйлар, кўчалар, маҳаллалар, мавзелар ва даҳалардан уларда яшовчиларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланадиган намояндалар вакил қилинадилар. Вакиллик нормасини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича тегишли туман ёки шаҳар мувофиқлаштириш кенгаши белгилайди.

III. ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ РАИСИ (ОҚСОҚОЛИ) ВА УНИНГ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ ВАЗИФАСИГА НОМЗОДЛАР КЎРСАТИШ

14-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига номзодлар кўрсатиш

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда яшовчи, аҳолининг фикрини ҳисобга олган ҳолда ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига кўрсатилган номзодларга доир ҳужжатлар туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли туман ёки шаҳар комиссиясига сайловдан камида ўн кун олдин топширилади.

15-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига номзодларга қўйиладиган талаблар

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига номзодлар, қоида тариқасида, олий маълумотли бўлиши ва сайлов куни тегишли ҳудудда доимий яшаб турган бўлиши, шунингдек ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) вазифасига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

16-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиларининг миқдорий таркибини белгилаш

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиларининг миқдорий таркиби ҳовлилар, уйлар, кўчалар, маҳаллалар, мавзелар ва даҳалардан вакилликни ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғини томонидан белгиланади.

17-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари вазифасига номзодлар тақдим этиш

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари вазифасига номзодлар фуқаролар йиғини кўриб чиқиши учун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан тақдим этилади.

IV. ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ РАИСИ (ОҚСОҚОЛИ) ВА УНИНГ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ САЙЛОВИДА ОВОЗ БЕРИШ ҲАМДА НАТИЖАЛАРНИ АНИҚЛАШ

18-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларини сайлашда овоз бериш шакллари

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилади.
Овоз бериш шакли тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.

19-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови бўйича саноқ комиссияси

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови бўйича овоз бериш натижаларини аниқлаш учун фуқаролар йиғини томонидан камида уч кишидан иборат таркибда саноқ комиссияси сайланади.

20-модда. Очиқ овоз беришни ўтказиш тартиби

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари сайлови очиқ овоз бериш орқали ўтказилаётганида овоз бериш ҳар бир номзод бўйича таклифларнинг келиб тушиш тартибига қараб, қўл кўтариш йўли билан ўтказилади.

21-модда. Яширин овоз беришни ўтказиш тартиби

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари сайлови яширин овоз бериш орқали ўтказилаётганида фуқаролар йиғини иштирокчиларига саноқ комиссияси томонидан овоз бериш бюллетенлари берилади.
Яширин овоз бериш бюллетенига фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари вазифасига номзодларнинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчиларини сайлашда яширин овоз бериш бюллетенларини бериш бевосита овоз беришдан олдин бошланади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчиларини сайлаш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёхуд хонасида тўлдирилади. Овоз берувчи ўзи қарши овоз бераётган номзодларнинг бюллетендаги фамилиясини ўчиради.
Овоз берувчи тўлдирилган овоз бериш бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.
Сайлов қутилари овоз бериш тугаганидан кейин саноқ комиссияси томонидан очилади.

22-модда. Овозларни санаб чиқиш

Овозлар саноқ комиссияси томонидан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари вазифасига ҳар бир номзод бўйича санаб чиқилади.

23-модда. Саноқ комиссиясининг баённомаси

Овозларни санаш натижалари бўйича саноқ комиссияси томонидан баённома тузилади.
Саноқ комиссиясининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

  • фуқаролар йиғини иштирокчиларининг умумий сони;
  • овоз беришда қатнашган фуқаролар йиғини иштирокчиларининг сони;
  • яширин овоз бериш ўтказилганида бюллетень олган фуқаролар йиғини иштирокчиларининг сони;
  • фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари вазифасига ҳарбир номзодни ёқлаб ваунга қарши берилган овозлар сони;
  • яширин овоз бериш ўтказилганида ҳақиқийэмас деб топилган бюллетенлар сони.

Баённома саноқ комиссиясининг раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
Баённома саноқ комиссиясининг раиси томонидан ўқиб эшиттирилади ва фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланади.

24-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови якунларини чиқариш

Фуқаролар йиғинида ҳозир бўлган фуқароларнинг ярмидан кўпининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчиси вазифасига сайланган ҳисобланади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови якунлари бўйича фуқаролар йиғини қарор қабул қилади ҳамда мазкур қарор фуқаролар йиғинида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади.
Фуқаролар йиғини баённомаси икки нусхада тузилиб, битта нусхаси сайлов якунларини умумлаштириш учун тегишли туман ёки шаҳар комиссиясига тақдим этилади.
Туман ва шаҳар комиссиялари фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови якунларига доир умумлаштирилган маълумотларни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳар комиссиясига топширади.

25-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш

Агар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловида фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан ками иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан ками иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари сайлови чоғида йўл қўйилиб, оқибат натижада овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарлик туфайли сайлов суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

26-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиси сайловида такрорий овоз бериш

Агар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчиси вазифасига икки нафардан ортиқ номзод кўрсатилган ва улардан биронтаси ҳам сайланмаган бўлса, фуқаролар йиғини энг кўп овоз олган икки номзод бўйича такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Такрорий овоз бериш ушбу Қонуннинг талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилади.
Такрорий овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод, башарти уни ёқлаб берилган овозлар сони унга қарши берилган овозлар сонидан кўп бўлса, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчиси вазифасига сайланган ҳисобланади.

27-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиси такрорий сайлови

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиси такрорий сайлови қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

  • аввалги сайлов ўтмаган ёки ҳақиқийэмас деб топилган бўлса;
  • такрорий овоз бериш фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчиси сайланганлигини аниқлаш имконини бермаса;
  • фуқаролар йиғинида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчиси вазифасига кўпи билан икки нафар номзод кўрсатилган ҳамда улардан биронтаси ҳамсайланмаган бўлса.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиси такрорий сайлови ушбу Қонуннинг талабларига риоя этилган ҳолда кўпи билан бир ойлик муддат ичида ўтказилади.

28-модда. Бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиси сайлови

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган бўлса, тегишли фуқаролар йиғинларида ушбу Қонуннинг талабларига риоя этилган ҳолда янги сайлов ўтказилади.

V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

29-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови натижалари асосида фуқаролар йиғини органларини шакллантириш

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови натижалари асосида фуқаролар йиғини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролар йиғини кенгашини шакллантиради, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни ва фуқаролар йиғини тафтиш комиссиясини, шунингдек маъмурий комиссияни сайлайди.

30-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови натижалари устидан шикоят қилиш

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови натижалари юзасидан фуқаролар йиғини қабул қилган қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

31-модда. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов

Тошкент шаҳри,
2004 йил 29 апрель,
№ ______.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2019
Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака...

16.10.2019
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сессиясида “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, парламентимиз аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти...

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...