Cайт ранги: A A


Халқаро фаолияти

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи: муносабатларнинг янги истиқболлари

Жорий йилнинг 21 май куни парламент қуйи палатасида Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Европа Иттифоқи Кенгаши делегациясининг ишчи гуруҳи аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, амалга оширилаётган ўзгаришлар, халқ билан мулоқотнинг самарали ва ноёб тизими юзасидан маълумот берилди.

Шу билан бирга, меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти, унинг тузилиши, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати, қўмиталар, комиссиялар, ҳорижий парламентлар билан ҳамкорлик қилиш доирасида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолияти ҳамда унинг ишга тушган “Mening fikrim” жамоавий электрон мурожаатлар портали хусусида сўзлаб берилди.

Учрашувда таъкидланганидек, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида Олий Мажлис ролини кучайтириш юзасидан кўламли ишлар амалга оширилди.  Жумладан, Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси, Ёшлар масалалари бўйича ва Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиялар тузилди.  Халқ билан мулоқотни ўрнатиш мақсадида ҳар ойда 10 кун мобайнида депутатлар ҳудудларга чиқиб, жойларда қонунларнинг ижросини ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мониторинги ва таҳлилини амалга оширишмоқда.

Суҳбат чоғида меҳмонлар таълим, экология йўналишларида олиб борилаётган ишларга қизиқиш билдиришди ҳамда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари кафолатлари, қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан саволларни ўртага ташладилар. Парламент аъзолари уларнинг саволлари юзасидан батафсил маълумотлар бердилар. Жумладан, Қонунчилик палатасида Спикерга, депутатларга, қўмиталарга, фракцияларга мурожаат қилишга имкон берувчи виртуал қабулхонанинг фаолияти йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди. Мустақил суд ҳокимиятини таъминлаш борасида бошланган кўламли ишларга тўхталиб ўтилди. Ягона суд амалиётини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий ҳўжалик суди бирлаштирилди. Мамлакатимиз тарихида илк маротаба жаҳон тажрибасини чуқур ўрганган холда умрбод судьялик лавозими жорий этилди.

Юқоридагиларга қўшимча равишда Ўзбекистон парламенти ҳорижий ҳамкорлар билан дўстона ва ўзаро фойдали муносабатларни жадал ривожлантираётганлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги шериклик ва  ҳамкорлик Келишуви доирасида парламент ҳамкорлиги Қўмитаси, савдо ва инвестициялар, адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари, ривожлантириш мақсадидаги ҳамкорлик бўйича кичик қўмиталарини ўз ичига олган 6 та ҳамкорлик ташкилотлари тузилган. Такидланганидек, бугун Ўзбекистонда Европа Иттифоқи давлатлари инвестициялари иштирокидаги мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Суҳбат давомида бошқа йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг ишончли базасини яратиб берувчи парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва доимий сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги ҳам қайд этилди.

Учрашув қизиқарли ва конструктив руҳда бўлиб ўтди. Меҳмонларга парламент қуйи палатаси мажлислар заллари билан танишиш имкони яратилди. 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 2827


Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

Тадбирлар тақвими