Cайт ранги: A A


Халқаро фаолияти

Ўзбекистон-ЕИ: парламентлараро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши

Жорий йилнинг 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи парламентлараро ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Европа парламенти депутатлари, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этдилар.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Европа парламенти ўртасидаги парламентлараро муносабатлар Ўзбекистон Республикаси билан Европа ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида йўлга қўйилган бўлиб, мазкур ҳужжатда парламент даражасидаги сиёсий мулоқотлар таъсис этилаётган Парламент ҳамкорлиги қўмитаси доирасида амалга оширилади.

Ушбу битимнинг 1999 йил 1 июлда кучга кириши билан “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитаси ташкил этилди ва у Олий Мажлис ҳамда Европарламент ҳамкорлигини, хусусан Ўзбекистон-Европа муносабатларини фаоллаштиришнинг ҳам муҳим механизми ҳисобланади. “Ўзбекистон-ЕИ” парламент ҳамкорлиги қўмитаси мамлакатимизнинг турли даражадаги ташаббусларини Европа парламенти ва Европа Иттифоқида илгари суришда кўмак кўрсатади.  

Қўмита воситасида Европа парламенти депутатлари Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилинмоқда. Шунингдек, Қўмита Ўзбекистон парламенти ва Европарламент томонидан ташкил этиладиган турли халқаро тадбирларни ўтказишда кўмаклашиб келмоқда.

Давра суҳбати давомида келгусида Олий Мажлис ва Европарламент ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, тараққиётга кўмаклашиш масалалари бўйича “Ўзбекистон – ЕИ” ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди.


Тадбирда иштирокчиларга Ўзбекистонда демократик давлат қуриш борасида амалга оширилаётган мақсадли ислоҳотлар ҳақида кенг маълумотлар берилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тақдимоти ўтказилди.

Европа парламенти аъзолари Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари, тузилмаси ва салоҳияти, бизнес  юритиш учун яратилган ҳуқуқий кафолатлар, ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг ортаётгани ҳақида хабардор қилинди. Демократик жараёнларни амалга ошириш ва жамиятнинг ривожланишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўрни ортиб бораётгани, миллий парламент фаолиятининг асосий йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Ўзбекистонга таклиф этилганим ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги давра суҳбатида қатнашишим учун имконият берилгани, унинг доирасида  2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тақдимотининг ўтказилгани учун миннатдорлик билдираман, — дейди Европа парламенти депутати Юлиу Винклер. —  Қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ЕИ учун ҳам жуда долзарб. Иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳисобига аҳолининг бандлигини таъминлашга тааллуқли масалалар шулар жумласидандир. Жамият, халқ билан, айниқса, оддий одамлар, турли миллат ва элат вакиллари билан мулоқот ўрнатилганлигини муҳим воқеа сифатида алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Бизнинг делегациямиз мамлакатингизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ўрганди. Уларни ижобий баҳолаган ҳолда, яна шуни   таъкидламоқчимизки, кўзда тутилган вазифалар аниқ натижага қаратилгани  билан эътиборга молик. Биз Ўзбекистонга ҳурмат билан муносабатда бўламиз ҳамда мўлжалланган лойиҳаларни рўёбга чиқаришни қўллаб-қувватлашга, изчил ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.   

— Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳақида кенг кўламдаги маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилади, — дейди Европа парламенти депутати Исмаил Эртуг. —  Шу боис мулоқот ва очиқлик халқаро ҳамжамият учун муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича дадил қадамлари, шу жумладан, парламентлараро ва бошқа турли ташкилотлар фаолиятида иштирокини юқори баҳолаймиз. Ўзаро ахборот алмашинуви мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга имкон беради. Шу жараёнда, шубҳасиз, парламент фаолияти муҳим ўрин эгаллайди. Тадбир доирасида Ҳаракатлар стратегияси тақдимоти шундан далолат берадики, Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотларни изчил амалга оширишга, хусусан, унда белгиланган муҳим вазифалардан бири — парламент ролини мустаҳкамлашга киришди.

Европарламент вакили сифатида айтишим жоизки, Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорлик қилиш биз учун долзарб ва устувор йўналиш ҳисобланади. Негаки, мамлакатингиз ўзининг географик жойлашуви жиҳатидан  Марказий Осиё минтақасида муҳим ўрин тутади.   

Европарламент депутатлари ҳам Европа мамлакатларида содир бўлаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларга доир маълумотлар ва ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Европа парламенти аъзолари Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаларига ижобий баҳо бердилар. Улар ўз чиқишларида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш соҳаларидаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Келажакда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва унда белгиланган вазифалар, биринчи навбатда фуқаролар манфаатларини таъминлашга қаратилганига юқори баҳо бердилар.

Европа парламенти депутатлари Европарламент ва Олий Мажлис ўртасидаги парламентлараро, жумладан, “Ўзбекистон – ЕИ” парламент ҳамкорлиги Қўмитаси доирасидаги  муносабатлар самарадорлигини ошириш зарурати масалаларида Ўзбекистон парламенти аъзолари фикрларини юқори баҳоладилар ва қўллаб-қувватладилар.

Йиғилиш натижалари бўйича истиқболда парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги фаолиятида ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, халқаро тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

 

 


Кўришлар сони: 11659


Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.08.2019
Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Таълим ва тарбия — бутун жамиятнинг иши

Ҳар бир мамлакатнинг янада тараққий этиши, дунё мамлакатлари орасида етакчи бўлиши инновацион ва...

24.08.2019
Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА: Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи

Дунёда инсон учун энг муҳим иш — фарзандини ўқимишли, зиёли қилиш бўлса, давлат учун энг долзарб...

24.08.2019
Ёрмамат ХОЛИЯРОВ: “Тарбия” фани миллий таълим жараёнида ўқитилиши — энг мақбул йўл

Бу — адолатнинг қарор топгани, таъбир жоиз бўлса, ғалабасидир. Зиёли, ўқимишли инсон элда азиз бўлиши,...

Тадбирлар тақвими