Cайт ранги: A A
САЙТ ТЕСТ ҲОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!


Халқаро фаолияти

«Ўзбекистон – ЕИ»: ҳамкорликнинг истиқболдаги босқичлари

3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлиги қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

«Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлиги қўмитаси      1999 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Келишувга мувофиқ ташкил этилган бўлиб, парламентаризм соҳасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида фаолият олиб боради. Парламент ҳамкорлиги қўмитаси фаолияти орқали парламент депутатлари шерик мамлакатларда ўтказилаётган энг муҳим социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий воқеалар ҳақида хабардор қилинмоқда, турли халқаро ва бошқа тадбирларни ўтказишда ёрдам кўрсатилмоқда.

Қўмита мажлисида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи  ўртасидаги муносабатларни, хусусан, социал-иқтисодий, инвестиция, молия ва ҳуқуқ соҳаларидаги, шунингдек инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги муносабатларни янада фаоллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари тарафлар минтақавий ва халқаро хавфсизликка бўлган таҳдидларга қарши туриш,  барқарор социал-иқтисодий ривожланишни таъминлаш юзасидан амалий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйишга доир чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.

Мажлис иштирокчилари Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан фаол ривожланаётган ҳамкорлигини, шу жумладан парламентаризм соҳасидаги ҳамкорликни мамнуният билан қайд этдилар. Ушбу ҳамкорлик тарафларнинг жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги тенг ҳуқуқли  сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ўзаро манфаатдорлигига асосланган.

Қўмита мажлисида Европа парламенти депутатлари Ўзбекистон мамлакатимизнинг биринчи Президенти И.Каримов томонидан белгиланган демократик ислоҳотлар йўлига, ўзининг халқаро мажбуриятларига содиқ қолаётганлиги муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Давлат бошқаруви тизими етуклиги ва барқарорлигининг юқори даражаси, демократик жараёнлар ва институтларнинг ривожланганлиги халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузининг янада ошишига асос бўлди.

Мажлисда  демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва  кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш юзасидан Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил ахборот тақдим этилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини бундан буён ҳам таъминлаш, хусусий мулкни муҳофаза қилиш ва унинг дахлсизлигини кафолатлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини  ишончли муҳофаза қилишни кучайтиришга йўналтирилган  чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув иштирокчилари  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг демократик жараёнларни чуқурлаштириш ва ҳуқуқий жамиятни ривожлантириш борасидаги роли ошиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бунга парламент фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хизмат қилмоқда. Хусусан, шу йили қабул қилинган, қонун чиқарувчи ҳокимияти юқори органининг қабул қилинаётган қонунлар ижросини таъминлаш борасидаги ролини оширишга, электоратнинг халқ сайлаган вакилларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг  аҳамияти қайд этиб  ўтилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови доирасида жорий йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган тадбирларни муҳокама қилиш чоғида  Ўзбекистонда очиқ ва адолатли демократик сайловни ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганлиги таъкидланди. Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг боришини мониторинг қилишга доир фаолиятга халқаро кузатувчиларни фаол таклиф қилишга оид ишларга ижобий баҳо берилди.

Европа парламенти аъзолари Ўзбекистонда жамият ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган демократик ислоҳотлар натижаларига юқори баҳо бердилар.  Европарламент депутатлари ўз чиқишлари чоғида Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан, шу жумладан, терроризмга, экстремизмга ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига  қарши курашиш масалаларида Ўзбекистоннинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлашларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи таркибига кирувчи мамлакатлар ўртасида  савдо-иқтисодий, инвестициявий ва илмий-техника ҳамкорликни янада ривожлантиришдан  манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Умуман, «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 12-мажлиси амалий ва ишчанлик муҳитида ўтди. Мажлис натижаларига кўра парламент ҳамкорлигини янада фаоллаштириш, 2014 – 2020 йилларда индикатив кўмаклашиш дастурини  амалга ошириш, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кўпайтириш, парламент аъзоларининг тажриба билан алмашишга доир халқаро конференциялар, тренинглар, семинарлар ва бошқа тадбирларни биргаликда ўтказиш юзасидан қарор қабул қилинди.

 Ивета Григуле, Европа парламентининг Марказий Осиё ва Монголия мамлакатлари билан алоқалар бўйича делегацияси раиси (Латвия):

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этаман. У ўзининг бутун куч-ғайратини ва тафаккурини мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга, унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга бағишлади.

Европа парламенти ва Ўзбекистон ҳамкорлиги тўғрисида сўз борар экан, сўнгги йилларда бу шериклик янада яхшиланиб, кенгайиб бораётганлигини қайд этмоқчиман. Европа Иттифоқи ва Европа парламентининг Ўзбекистонга нисбатан муносабати доимо илиқ ҳамда дўстона бўлиб келган. Ўтган йиллар давомида барча соҳалар бўйича, шу жумладан таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, минтақавий ривожланиш, қишлоқ хўжалиги бўйича жуда кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Булар бизнинг яқин йиллардаги шериклигимизнинг ҳам энг устувор йўналишлари бўлиб қолади. Ўйлайманки, Европа Иттифоқи бундан буён ҳам мамлакатингизни қўллаб-қувватлайди.

Европа Иттифоқига кирувчи мамлакатлар ва Ўзбекистон ҳамкорлик доирасида бизни бирлаштирадиган ижобий тажрибага эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқдалар. Чунки аввалги ва келгусидаги ҳамкорлигимиз бизнинг умумий қадриятларимизга, мақсадларимизга асосланади. Улар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи халқининг самарали соғлиқни сақлаш ва таълим тизимига эга бўлган ҳолда янада яхши ва фаровон яшашига қаратилгандир.

 Херберт Дорфман, Европа парламентининг Марказий Осиё ва Монголия мамлакатлари билан алоқалар бўйича делегацияси аъзоси (Италия):

Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш Европа Иттифоқи учун фаолиятнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу 2014 – 2020 йилларда минтақани ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича индикатив дастуримизда ҳам ўз аксини топган. Унда, хусусан, Марказий Осий мамлакатларини молиялаштириш ҳажмини бир миллиард еврога қадар кўпайтириш назарда тутилган. Биз ҳозирги ялпи мажлисимиз чоғида келгусида Ўзбекистоннинг енгил саноатини ривожлантириш истиқболларини ҳам муҳокама қилдик. Шуниси эътиборга сазоворки, мамлакатингизда нафақат юқори сифатли пахта етиштирилади, балки уни чуқур қайта ишлашни амалга ошириш имконини берувчи замонавий тўқимачилик саноати ҳам мавжуддир. Бундан ташқари Ўзбекистон кўҳна тарихга эга бўлган гўзал мамлакатдир. Буюк ипак йўли сизнинг мамлакатингизни Европа ҳудуди билан боғлайди. Шунга кўра биз сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришимиз, унинг инфратузилмасини мустаҳкамлашимиз зарурдир.

Брандо Бонифей, Европа парламентининг Марказий Осиё ва Монголия мамлакатлари билан алоқалар бўйича делегацияси аъзоси (Италия):

Ҳозирги мажлисимиз долзарб масалаларни кенг муҳокама қилиш, тажриба алмашиш учун яхши майдон бўлиб хизмат қилди. Назаримда бизнес тузилмалар билан янги алоқалар, инвестиция ва, умуман, иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўлиши керак. Чунки Ўзбекистон иқтисодиёти Марказий Осиё минтақасида ҳал қилувчи ўрин тутади. Шунингдек Европа компаниялари учун Ўзбекистоннинг бизнес бозорини очиш имконияти ҳам мавжуддир. Бунда сўз нафақат Ўзбекистонга Европадан товарлар импорт қилиниши ҳақида бормоқда, балки Ўзбекистон товарлари ҳам бизнинг бозорларимизда харидоргир бўлиши мумкин.

Бундан ташқари Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни давом эттириш муҳимдир. Ушбу тармоқни янада барқарорлаштириш учун бундан буён ҳам саъй-ҳаракатларни амалга ошириш, уни фаол механизациялаш зарур.

Марк Тарабелла, Европа парламентининг Марказий Осиё ва Монголия мамлакатлари билан алоқалар бўйича делегацияси аъзоси (Бельгия):

Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги натижасида у ўзининг халқаро кооперация бозорини очмоқда ва бу кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашаяпти. Бунинг учун ишбилармонларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база барпо этилган. Бундан ташқари мамлакатингиздаги барқарор вазият ҳам хориж инвестицияларини жалб этишда муҳим аҳамиятга эга.

Шуниси диққатга сазоворки, Ўзбекистон парламенти Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Муҳими, бу институт қонунчилик даражасида ва халқаро амалиётга тўлиқ мувофиқ ҳолда барпо этилади.  


Кўришлар сони: 4184


Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.03.2017
Оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунчилик муҳокама қилинди

2017 йил 22 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида “Ҳаракатлар стратегиясини амалга ...

22.03.2017
Маҳаллийлаштириш: имконият ва истиқбол

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг ташаббуси билан Саноат, қурилиш ва савдо...

22.03.2017
Ўзбекистон халқига Наврўз табриги

Азиз ватандошлар! 
Она диёримизга барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам...

Тадбирлар тақвими