Cайт ранги: A A


Халқаро фаолияти

Қонунлар ижроси: миллий ва хорижий тажриба

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида “Қонунлар ижросини таъминлаш самарадорлигини ошириш механизмлари: миллий ва хорижий тажриба” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. 
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Германиянинг К.Аденауэр ва Ф.Эберт номидаги жамғармалари, БМТ Тараққиёт дастури ва ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Европа парламенти депутатлари, Германия, Италия, Бельгия, Латвия, Словения каби давлатлардан экспертлар иштирок этди. 

Конференцияда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, уларнинг амалий самарадорлигини оширишда қонуний асосларни мустаҳкамлаш, қонунчилик ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг ҳар томонлама тараққий этишига хизмат қилаётгани таъкидланди. Давлат органларининг қонунларни сўзсиз бажариш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини таъминлашнинг долзарб масалалари, ривожланган мамлакатларнинг бу борадаги илғор тажрибаси, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг аҳоли ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ва қонунлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги фаолиятини ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди. 

Мамлакатимиз ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил одимламоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” барча ютуқларимизнинг мустаҳкам пойдевори, тараққиётимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. 

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлашда янги босқични бошлаб берди. Концепцияга мувофиқ қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳукуматимиз ва ижро тузилмаларининг қонунлар ижроси ҳамда устуворлигини таъминлашдаги масъулиятини янада оширди. Миллий қонунчилик базасининг изчил такомиллаштирилаётгани мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларини ривожлантириш, қонунлар ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашда муҳим омил бўлаётир. 

– Мазкур халқаро конференцияда иштирок этиш жараёнида қонунлар ижросини таъминлаш самарадорлигини ошириш борасида Ўзбекистон тажрибаси билан яқиндан танишдик, – деди Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш институти асосчиси ва ижрочи директори Эрик Аксе (Бельгия). – Мамлакатингизда кучли қонунчилик базаси яратилгани, мазкур тизим изчил ривожланаётгани, соҳада халқаро ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани эътибор молик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича келишиб олдик. 

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда қонунлар ижросини таъминлаш самарадорлигини ошириш механизмларини янада такомиллаштириш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар билан таништирилди. Қонунлар ижросини таъминлаш механизмлари, қонунларни сўзсиз бажаришда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги хусусида фикр алмашилди. 

Европа парламенти депутати Ивета Григуле демократик ислоҳотларни муваффақиятли ва самарали амалга ошириш учун зарур бўлган, ҳаёт талаб қилаётган қонунларни қабул қилиш, уларнинг самарадорлигини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қонунларни ижрочиларга ўз вақтида етказишга оид ҳуқуқий тажрибани ўрганиш ва самарали қўллаш, уларнинг ижросини назорат қилиш қонунлар ижросини таъминлаш самарадорлигини оширишда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Бу борада Ўзбекистон тажрибасидан ўрганиш ва намуна олиш мумкинлигини қайд этди. 

Конференцияда ахборот соҳасини ислоҳ этиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш юзасидан қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига алоҳида эътибор қаратилди. Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини таъминлаш масаласи акс этган, улар фаолияти ҳақидаги ахборотни тарқатишнинг янги тартиби белгиланган. 

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуни идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш тартибини тубдан такомиллаштирди, уларни нашр қилишнинг расмий манбаларини белгилаб берди. Ўзбекистонда янги қонунлар, қонун тўпламларини чоп этадиган расмий манбалар фаолият кўрсатмоқда. Бу борада Адлия вазирлиги томонидан яратилган Lex.uz миллий қонунчилик базаси, “Norma” ва “Yurida” ахборот-ҳуқуқий тизимларидан унумли фойдаланилмоқда, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, ҳуқуқий адабиётлар чоп этилмоқда. 

– Қонунлар ижросини таъминлаш самарадорлигини ошириш борасида Ўзбекистон тажрибаси ва бу соҳада эришилаётган ютуқлар билан яқиндан танишганимдан мамнунман, – деди Италиянинг Осиё ва Ўртаер денгизи минтақаси масалалари бўйича институти вице-президенти Уго Интини. – Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Барча соҳаларни изчил демократлаштириш доирасида соҳаларга оид қонунчилик тизими такомиллаштирилмоқда. Мамлакатингиз билан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдоримиз. 

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қонун ва қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишда уларнинг умумий принцип ва механизмларини белгилаб қўйиш билан чегараланмаслик кераклигини алоҳида таъкидлади. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, замонавий шароитда қонунлар ижроси тизими принципиал жиҳатдан янги ёндашувлардан фойдаланган ҳолда уни доимий ислоҳ қилишни талаб этади. Конференция иштирокчилари мамлакатимизда қабул қилинган қонунларнинг самарали ижросини таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш бўйича босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида катта муваффақиятларга эришилаётгани қайд этилди. 

Анжуманда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочилар ва аҳолига етказишнинг самарали усуллари, бу борада парламентнинг ижро ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги, қонунлар ижросини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатишдаги роли, аҳолининг улардан хабардорлигини таъминлашда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, қонунлар ижросини таъминлашда давлат органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, қонунларни сўзсиз бажаришда қонун ҳужжатлари самарадорлигини баҳолаш тизимининг ўрни каби масалаларга доир маърузалар тингланди. 

Кўришлар сони: 7063


Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2017
Ижтимоий соҳага оид қарорлар ижроси парламент назоратида бўлади

2017 йил 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси...

15.09.2017
Феруза ИБРАГИМОВА: Юксак маънавият, интелектуал салоҳият – мамлакат келажаги

Кутубхоналар – халқимизнинг маънавий-маданий мероси ҳамда интелектуал салоҳиятини намоён этади. Ку...

14.09.2017
Ёшлар билан очиқ мулоқот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга...

Тадбирлар тақвими