Cайт ранги: A A


Халқаро фаолияти

Мамлакатимизни модернизация қилиш ва жамиятни демократлаштириш жараёнида сиёсий партияларнинг ўрни мустаҳкамланмоқда

Тошкентда “Кўппартияли тизимни мустаҳкамлаш ва партиялараро рақобат – парламентаризмни ривожлантиришнинг муҳим шарти” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, ЕХҲТ лойиҳалари координаторининг Ўзбекистондаги офиси ва К.Аденауэр номидаги жамғарма (ГФР), “Миллий демократия институти” (АҚШ) нодавлат ташкилотининг ваколатхоналари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда мамлакатимиз парламенти қуйи палатаси депутатлари, давлат тузилмалари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётан халқаро ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинарни ўтказишдан мақсад ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилашда сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва жамиятни демократлаштириш жараёнида уларнинг иштирокини кенгайтириш ҳамда тажриба алмашишдан иборат бўлди.

Тадбирда мамлакатимизда ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини янада такомиллаштириш, парламентнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга доир амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, Вазирлар Маҳкамаси масъулиятини кучайтириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назорати самарадорлигини ошириш кўппартияли тизимнинг ривожланиш даражасига боғлиқ экани таъкидланди.

Замонавий дунёда демократия аҳоли турли қатламларининг ижтимоий манфаатларини ифода этадиган кўплаб сиёсий партиялардир. Шу боис Ўзбекистонда Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг асосий мақсади кўппартияли тизимдек замонавий демократия институтини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари аҳоли турли қатламларининг манфаатларини ифода этадиган партиялар ҳамда жамоат бирлашмаларини ташкил этиш, эркин ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

Семинар қатнашчилари партиялар Ўзбекистонда яратилган қонунчилик базасига таянган ҳолда, жамиятдаги туб ўзгаришларнинг ҳал қилувчи ва самарали кучига айланиб бораётганини таъкидлади. Ўтган давр мобайнида партиялар муайян амалий тажриба тўплади ва сиёсий нуфузга эга бўлди.

– Ўзбекистон қисқа вақт ичида кўппартияли тизимни ривожлантириш йўлида муайян ютуқларга эришди, – деди Тюрингия федерал ери собиқ бош вазири, К.Аденауэр номидаги жамғарма марказий бошқаруви аъзоси Дитер Альтхаус (ГФР). – Мамлакатингизда бир қанча сиёсий партияларнинг фаолият кўрсатаётгани эътиборга лойиқдир. Уларнинг ҳар бири фаол ривожланиб, ўз аъзолари ва тарафдорлари сафини кенгайтирмоқда, ҳокимият вакиллик органлари ишларида иштирок этмоқда. Бу кўппартияли тизимни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳар томонлама пухта ўйлангани, сиёсий партиялар фаолиятини таъминлайдиган сиёсий-ҳуқуқий чораларнинг нечоғли тўғрилиги, уларнинг муваффақиятли фаолият кўрсатаётгани, сайловчилар ва аҳоли томонидан эътироф этилаётганининг ёрқин исботидир.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга оширишга доир ишлар хорижий иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур концепция Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимини демократлаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг кенг кўламли дастури келажакдаги мақсадлар билан боғлиқ шунчаки декларация эмас, балки муайян чора-тадбирлар тизимидир. Шу нуқтаи назардан, семинар қатнашчилари давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги қонун давлат бошқаруви соҳасидаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда катта аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Семинарда демократлаштириш изчил ва мунтазам ривожланадиган жараён бўлиб, халқ ҳокимиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, парламент демократияси институтларида сиёсий партиялар вакиллиги учун ҳуқуқий майдонни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, янги конституциявий нормалар Ўзбекистоннинг қонун устуворлиги, амалий кучга эга ҳокимият ва кучли фуқаролик жамияти каби анъанавий устунларга таянувчи ривожланган демократик мамлакатлар сафига қўшилишдек асосий стратегик мақсадга босқичма-босқич эришишида муҳим қадам экани қайд этилди.

– Ўзбекистонда парламент тизими жадал ривожланмоқда, – деди Жорж Вашингтон университетининг Эллиот номидаги халқаро муносабатлар мактаби профессори Шон Робертс (АҚШ). – Бу мамлакатингиз замонавий парламент тизимини шакллантиришга нақадар жиддий муносабатда бўлаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Жамиятни эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тараққиётга эришиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга ёрдам беради, фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Хорижий иштирокчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда мустақил тараққиётнинг қисқа даврида парламентаризмнинг бой тажрибаси тўпланган. Бу эса, ўз навбатида, демократик жараёнларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат механизмининг самарали ишлашини таъминлашга кўмаклашмоқда. Бу борада амалга оширилган ислоҳотлар бошқа кўплаб давлатлар учун намуна бўлиши мумкин.

– Парламентаризмни ривожлантиришдаги ислоҳотлар миллий ижтимоий-сиёсий тараққиёт хусусиятлари ва халқаро ҳуқуқ стандартлари инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон халқининг тажрибаси, бой тарихий ва маданий мероси, қадриятлари ва анъаналари асосида амалга оширилмоқда, – деди Европа халқаро муносабатлар институтининг геосиёсий тадқиқотлар бўйича директори Пьер-Эммануэль Томанн (Бельгия). – Мамлакатингизда бундай комплекс ёндашув самарасида такомиллаштирилган ҳокимият вакиллик органлари тизими ривожланган ва демократик давлатлардаги шундай тизимлардан нафақат қолишмайди, балки қатор кўрсаткичлар бўйича улардан устун ҳамдир.

Фаол мулоқот руҳида ўтган муҳокама якунларига кўра, халқаро семинар қатнашчилари Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар ижобий самара бераётгани ҳақида якдил фикр билдирди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши ҳаётимизнинг барча жабҳаларини демократлаштиришни давом эттириш ва дунёнинг кўплаб давлатлари учун мамлакатни демократия тамойиллари асосида самарали ислоҳ этиш ва модернизация қилишда намуна бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланди.


Кўришлар сони: 4847


Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.11.2017
САЛОМ МУРАББИЙ

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ...

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

Тадбирлар тақвими