Cайт ранги: A A
САЙТ ТЕСТ ҲОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!                  САЙТ ТЕСТ ХОЛАТИДА!


Аккредитация қоидалари


Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг

2010 йил 5 апрелдаги

76-сонли фармойиши билан

ТАСДИҚЛАНГАН

Оммавий ахборот воситаларининг вакилларини (журналистларни) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузурида аккредитация қилиш

Қ О И Д А Л А Р И

1. Оммавий ахборот воситаларининг (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) вакилларини (журналистларни) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ҳузурида аккредитация қилиш Қонунчилик палатасининг, палата Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларининг, депутатлар бирлашмаларининг фаолияти, палатада ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш, шунингдек аккредитация қилинган ОАВ вакилларининг (журналистларнинг) ишини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиш мақсадида амалга оширилади.

2. Аккредитация «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, ОАВга доир бошқа қонун ҳужжатлари ва ушбу Қоидаларга мувофиқ ўтказилади.

3. ОАВ вакилларини (журналистларни) аккредитация қилиш ишларини Қонунчилик палатасининг Матбуот котиби (бундан буён матнда Матбуот котиби деб юритилади) ташкил этади. У ўз зиммасидаги вазифани бажаришда Қонунчилик палатаси Девонининг (бундан буён матнда Девон деб юритилади) тегишли тузилмавий бўлинмалари (Умумий бўлим ва Моддий-техника таъминоти бўлими) билан ҳамкорлик қилади.

4. ОАВнинг Қонунчилик палатаси фаолиятини мунтазам ёритиб борадиган вакиллари тегишли ОАВнинг палатадаги мухбири сифатида аккредитация қилинадилар.

5. Матбуот котиби Қонунчилик палатаси ҳузурида аккредитация қилиш қоидалари, муддатлари ва аккредитация қилиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар тўғрисида ОАВ таҳририятларини олдиндан хабардор қилади.

6. ОАВнинг таҳририятлари:

ахборот агентликлари 4 нафаргача (бунда журналистлардан бир нафари фотомухбир бўлиши назарда тутилмоқда);

телетаҳририятлар 12 нафаргача (бунда телетаҳририятлар 3 тадан гуруҳ тақдим этиши ва ҳар бир гуруҳ таркибида алоҳида телеоператор, техник хизмат кўрсатувчи мутахассислар бўлиши назарда тутилмоқда);

радиотаҳририятлар 3 нафаргача;

кундалик нашрлар 4 нафаргача;

ҳафталик нашрлар 2 нафаргача вакилни аккредитация қилиш учун тавсия этишлари мумкин.

Ойлик ва бошқа нашрлар бир марталик аккредитация учун буюртманома берадилар.

7. Аккредитация қилиш учун ОАВ таҳририятининг Девон раҳбари номига расмий бланкада ёзилган буюртманомаси тақдим этилади. Буюртманома ОАВ раҳбари томонидан имзоланиши, муҳр билан гувоҳлантирилиши лозим ва унда оммавий ахборот воситасининг:

номи ва тури;

ихтисослашуви;

тарқалиш ҳудуди;

электрон почта манзили (шу жумладан индекс);

таҳририятнинг телефонлари ва факслари рақамлари;

аккредитация учун тавсия этилаётган ОАВ вакилининг (журналистнинг) фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими, телефон рақамлари кўрсатилади.

Буюртманомага ОАВ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси, кўрсатув (эшиттириш) олиб бориш учун (электрон ОАВга) берилган лицензия нусхаси, аккредитация учун тавсия этилаётган ОАВ вакилининг (журналистнинг) паспортига оид маълумотлар, дипломи нусхаси, 3х4 ўлчамдаги тўрт дона рангли фотосурати илова қилиниши шарт.

8. Аккредитация учун буюртманома асл нусхада қабул қилинади. Буюртманома у олинган кундан эътиборан 15 кун ичида кўриб чиқилади. Мазкур Қоидаларнинг 7-бандида қайд этилган маълумотлар кўрсатилмаган, шунингдек белгиланган муддатда берилмаган буюртманомалар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

9. Аккредитация қилиш сўралган ОАВ вакилининг (журналистнинг) Қонунчилик палатаси фаолияти юзасидан тегишли маълумотга эга бўлишини таъминлаш мақсадида Матбуот котиби билан мулоқоти ташкил этилиши мумкин.

10. Аккредитация қилинган ОАВ вакилига (журналистга) 2 йилгача муддатда амал қиладиган Девоннинг Умумий бўлими томонидан «Аккредитация гувоҳномаси» топширилади.

«Аккредитация гувоҳномаси»га аккредитация қилинган шахснинг 3х4 ўлчамдаги рангли фотосурати туширилади, фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими, ОАВнинг номи, гувоҳноманинг амал қилиш муддати ва тартиб рақами ёзилади. Гувоҳнома Девон раҳбари томонидан имзоланиб, Девон умумий бўлимининг муҳри билан гувоҳлантирилади. Гувоҳномани аккредитация қилинган ОАВ вакилининг (журналистнинг) шахсан ўзи қабул қилиб олиши шарт.

11. Электрон ОАВнинг техник ходимларига берилган «Аккредитация гувоҳномаси» Қонунчилик палатаси биносига овоз ёзиш, суратга олиш ва ёритиш аппаратларини олиб кириш ҳамда бинодан олиб чиқиш ҳуқуқини беради. Бундай техника воситалари бинога қарашли ҳудудга олиб кирилиши вақтида қўриқлаш хизмати томонидан белгиланган тартибда текширувдан ўтказилади.

12. ОАВга қарашли махсус автомобилларни Қонунчилик палатаси ҳудудига олиб кириш масаласи алоҳида берилган буюртманомага мувофиқ ҳал этилади.

13. Чет эллик мухбирлар, шу жумладан МДҲга аъзо давлатлар мухбирлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот маркази орқали аккредитация қилинадилар. Аккредитация қилинган чет эллик мухбирларга тегишли шаклдаги гувоҳнома берилади.

14. ОАВнинг таҳририятлари, агар зарурат тақозо этса, ўзининг аккредитация қилинмаган бошқа ходимлари Қонунчилик палатасида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиши учун бир марталик аккредитация сўраб, Девон раҳбарининг номига расмий бланкада буюртманома ёзишлари мумкин. Буюртманомада ОАВ вакилининг (журналистнинг) фамилияси, исми ва отасининг исми, тадбирнинг номи (мавзуси), аккредитация қилиш сўралаётган вақт ва сана кўрсатилиши керак.

15. Ўз фаолиятига кўра реклама тусига эга бўлган нашрларни, тармоқ нашрларни, шунингдек Қонунчилик палатасининг фаолиятини ёритиш билан шуғулланмайдиган нашрларни аккредитация қилиш тўғрисидаги буюртманомалар рад этилиши мумкин.

16. Ўз фаолиятини тугатган ёки фаолияти тўхтатиб қўйилган ОАВ вакилларининг (журналистларининг) аккредитацияси бекор қилинади.

17. ОАВ вакили (журналист) ушбу Қоидаларда белгиланган талабларга риоя этмаса ёки Қонунчилик палатаси фаолияти ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатса қонун ҳужжатларига мувофиқ аккредитациядан маҳрум қилиниши мумкин.

18. ОАВ вакили (журналист) ишдан бўшатилган ёки унинг аккредитацияси чақириб олинган тақдирда, бу ҳақда Матбуот котиби хабардор қилиниши шарт. Бундай вакилнинг (журналистнинг) Қонунчилик палатаси ҳузуридаги аккредитацияси тўхтатилади. Таҳририят аккредитацияси тўхтатилган вакилнинг (журналистнинг) «Аккредитация гувоҳномаси»ни Матбуот котибига қайтаргач, ОАВнинг бошқа вакилини (журналистни) аккредитация қилишни сўраб ушбу Қоидаларда белгиланган тартибда буюртманома киритиши мумкин.

19. «Аккредитация гувоҳномаси» ва чет эллик мухбирга берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаган бўлса ёки гувоҳномадаги маълумотлар алмаштирилган ёки уларга шикаст етган бўлса ёхуд мухбир аккредитациядан маҳрум этилган бўлса, Қонунчилик палатаси биносини қўриқловчи алоҳида батальон ходимлари гувоҳномани олиб қўйишга ҳақлидирлар.

20. Аккредитация қилинган ОАВ вакиллари (журналистлар) Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситаларига доир қонун ҳужжатларига риоя этган ҳолда:

а) Қонунчилик палатасида ўтказиладиган мажлислар ва бошқа тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;

б) Қонунчилик палатасида очиқ тадбирлар ўтказилиши вақтида иштирок этиш, шунингдек таҳририят билан боғланиш ва хабарларни етказиш учун махсус ажратилган жойдаги телефон алоқаси ҳамда бошқа техника воситаларидан фойдаланиш;

в) қўмиталар ва комиссияларнинг раислари, депутатлар бирлашмалари раҳбарларининг рухсати билан улар ўтказаётган тегишли мажлисларда ҳозир бўлиш;

г) Матбуот котиби ва Девон ходимларидан зарур ахборотлар олиш;

д) нашр этиш учун тайёрланган пресс-релизлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

21. Аккредитация қилинган ОАВ вакиллари (журналистлар):

а) Қонунчилик палатаси биносида бўлишда унинг ички тартиб-қоидаларига ва ишларини ташкил этиш талабларига риоя қилиши;

б) ўз касбий фаолиятларини амалга ошириш вақтида Қонунчилик палатаси депутатлари ва унинг Девони ходимларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари, умум эътироф этилган журналистлик одоби нормаларига риоя этишлари;

в) газетхонлар, телетомошабинлар ва радио эшитувчиларни Қонунчилик палатасининг иши тўғрисида ҳар томонлама ҳамда холис хабардор қилиб боришлари;

г) ўз касбий имкониятларидан ахборотни яшириш ёки ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни сохталаштириш мақсадида фойдаланмасликлари, тўғри ахборот ниқоби остида миш-мишлар тарқатмасликлари, бегона шахслар ёки оммавий ахборот воситаси ҳисобланмаган ташкилотлар учун ахборотлар тўпламасликлари;

д) Қонунчилик палатаси биносига кириш (ундан чиқиш) вақтида, шунингдек ўз касбий фаолиятларини амалга ошириш вақтида аккредитация гувоҳномасини (ўз шахсларини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда), чет эллик мухбир гувоҳномасини кўрсатишлари шарт.

22. Аккредитация қилинган ОАВ вакилини (журналистни) янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейин таҳририят томонидан тақдим этилган буюртманома асосида ўтказилади.

23. Таҳририят ўз вакилининг (журналистнинг) аккредитация муддати тугашидан камида бир ой олдин Қонунчилик палатасига янги муддатга аккредитация қилиш тўғрисидаги буюртманомани бериши керак.

Янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация қилинган ОАВ вакилининг (журналистнинг) олдинги аккредитацияси давридаги бенуқсон ва самарали фаолиятини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

24. Ушбу Қоидалар Қонунчилик палатасининг Спикери тасдиқлаган санадан бошлаб кучга киради ва белгиланган тартибда ўз кучини йўқотган деб эътироф этилгунига қадар амалда бўлади.


Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.02.2017
Депутатлар қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

Депутатлар фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини...

16.02.2017
Омбудсман 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни депутатларга тақдим этди

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлис бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий...

14.02.2017
Ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш инсон манфаатларига хизмат қилади

Жорий йилнинг 14 февраль куни Сурхондарё вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари...