Cайт ранги: A A


Томорқа ерларидан фойдаланиш парламент назоратида

Томорқа – беминнат даромад, сифатли озиқ-овқат манбаи

Томорқа – беминнат даромад, сифатли озиқ-овқат манбаи

Жаҳон ҳамжамиятида кечаётган пандемия оқибатида деярли барча мамлакатларда вақтинчалик карантин ҳолати эълон қилиниб, аҳоли истеъмол товарларини, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларни заҳирага йиғиш ҳаракатида бўлиши озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг кескин ортишига сабаб бўлмоқда.

Бундай ҳолатда кўплаб мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти чеклаб қўйилмоқда. Шу туфайли ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар пандемия шароитида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш зарурлигини таъкидламоқда.

Пандемия даврида муаммоларни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни ички имкониятдан келиб чиқиб таъминлаш долзарб масалалардан бири сифатида қаралмоқда.

Бу вазиятда ўзимизда мавжуд имкониятларни ишга солиш, шу жумладан аҳолининг мавжуд томорқа хўжаликларидан унумли фойдаланиши учун зарур шарт шароитлар яратиш, яъни томорқа эгаларига суғориш суви, зарур маблағ, экин уруғлари, кимёвий ўғитлар, ёқилғи ва бошқа зарур материаллар билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Томорқани ривожлантириш орқали мамлакатимизда илк бор очиқ тан олинган ва эълон қилинган камбағаллик даражасини қисқартиш энг муҳим омилардан бири сифатида ҳам қараш мумкин.

Томорқа биз учун янгилик эмас 

Жаҳон иқтисодиёти ўта қалтис, мураккаб вазиятда қолган, янги иқтисодий инқироз бошланиб, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи янада долзарб бўлиб бораётгани барча мамлакатларда кескин, тезкор чоралар кўришга сабаб бўлаётган бир даврда, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг вазиятни тўғри англаш, таҳдидли ҳолатларга олдиндан тайёр туришга қаратилган ташаббуслари билан бундай чора тадбирлар ишлаб чиқиш мамлакатимизда анча олдин бошланганини таъкидлаш лозим.

Хусусан, Президентимиз томонидан 2017 йил 9 октябрда “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2017 йил 10 октябрда “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи янада долзарб бўлиб бораётган бугунги ўта мураккаб вазиятни олдиндан кўра билиш ва кутилаётган хавф-хатарларни тўғри баҳолаб, инқирознинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилмоқда, десак тўғри бўлади.

Соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида шу даврда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилиб, ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулияти оширилди.

Томорқа ер эгалари учун қулайлик ва имтиёзлар 

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатда томорқа хўжалигидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига молиявий кўмак бериш, уларга зарур маблағни имтиёзли ва улар учун қулай шартларда кредитлар ажратишга ҳам эътибор қаратилган.

Бу борада 2018 йил 26 апрелдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жамғарма маблағлари асосан бир марталик ажратилган 500 миллиард сўм ҳамда аукцион савдоларида фуқароларга ер участкаларини сотишдан тушадиган тушумнинг 10 фоизи, жамғармага юкланган вазифаларни бажариш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари ва грантлари ҳисобидан шакллантирилиши белгиланди.

Бу маблағлар бугунги кунда асосан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлашга, улар фаолиятини янада ривожлантириш, кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш соҳаси ва ер эгаларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш, шунингдек қишлоқ хўжалигида янги самарали технологияларни жорий этишга сарфланмоқда.

Хусусан 2020 йилда экин экиш, ихчам иссиқхона қуриш, паррандачилик, чорвачилик ва бошқа йўналишлар учун 58,6 млрд.сўм ва сув таъминоти оғир жойларда суғориш қудуқлари қазиш учун 16,8 млрд.сўм жамғарма маблағларидан ажратилиши фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига қўшимча молиявий мадад, кўмак, уларни машаққатли даврда қўллаб қувватлаш намунаси десак менимча тўғри бўлади.

Бундан ташқари инқироз оқибатида юзага келган ўта мураккаб вазият, дунё бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг ошиб бораётган шундай бир шароитда томорқа ер эгаларини давлат томонидан ҳар томонлама янада қўллаб қувватлаш, айни дамда кўп маблағ, оғир меҳнат талаб қиладиган фойланилмай қолаётган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишларни давлат ўз зиммасига олиши бўйича барча чоралар кўрилаётганини ҳам таъкидлаш лозим.

Шу мақсадда бу ўта муҳим вазифалар ижросини таъминлашда давлат кўмагини жорий этишга қаратилган “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорда айнан озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва ундан юқори ҳосил олишда ер ости сувлари захираларидан фойдаланиш орқали экин экилмай қолаётган мавжуд ер майдонларини ўзлаштириш ишларига давлат кўмаги берилиши кўплаб томорқа ер эгаларининг асрий орзуларини амалга ошишига хизмат қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Эндиликда фойдаланишдан чиқиб кетган ва ер ости сувлари захираси мавжуд бўлган ерларни фойдаланишга киритиш, уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун аҳолига имтиёзли шартлар асосида ажратиб бериш йўлга қўйилади.

Ҳар бир туманда фойдаланишга киритилган ер майдонлари деҳқончилик соҳасида билим ва кўникмага эга бўлган, биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга 1 гектаргача деҳқон хўжалигини юритиш учун, истисно тариқасида, 10 йилгача муддатга ижарага берилади ёки тажриба-синов тариқасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига барча харажатларни олдиндан тўлаш шарти билан 5 гектаргача бўлган ер майдонларини 10 йилгача муддатга ижара ҳуқуқини электрон аукцион асосида сотиши белгиланмоқда.

Ушбу ер майдонлари талабгор, ташаббускорларга ижара шартномаси асосида берилади ва олинган ер майдонларида сув тежовчи технологияларни қўллаш, сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва мойли экинларни экиш, боғ ва токзорлар барпо этиш ишлари устувор қилиб белгиланади.

Ердан мақсадли фойдаланган тадбиркорлик субъектларига ердан фойдаланиш муддатини узайтиришда устуворлик ҳуқуқи ҳам берилади.

Қарорга кўра ер эгаларига ижарага бериладиган ер майдонларида енгил конструкциядаги дала шийпон ва суғориш иншоотларини жойлаштиришга рухсат берилади, ушбу ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун халқаро кредит агентликлари кредит линиялари ҳисобидан кредитлар ажратилади.

Энг асосийси мазкур қарор доирасида фойдаланишга киритилган ер майдонлари асоссиз олиб қўйилмаслиги кафолатланиши айни дамда деҳқонларимиз кутган, уларнинг ерга бўлган мулкдорлик ҳиссини қайта уйғотадиган қарор десак асло муболаға бўлмайди.

Шу билан биргаликда шахсий  томорқалардан самарали фойдаланишни рағбатлантириш, деҳқонларимизга жаҳон андозалари даражасида ҳуқуқий кафолатни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги ва «Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Лойиҳада томорқа хўжалигини юритиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги ҳамда томорқа хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмаслиги, томорқа хўжалигида фаолият юритаётган шахс ўз фаолиятини ўзини-ўзи банд қилиш тариқасида расмийлаштириши мумкинлиги, улар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолик бадали тўламаган ҳолда аъзо бўлиши, томорқа ер участкаларида енгил конструкцияли иссиқхона қуриш, бунда давлат органларининг, шу жумладан архитектура-қурилиш, экология, санитария-гигиена, ёнғинга қарши кураш органларининг розилиги талаб этилмаслиги каби кўплаб томорқа ер эгалари меҳнатини рағбатлантиришга қаратилган нормалар киритиш кўзда тутилмоқда.

Президентимиз томонидан пухта ўйланган режалар асосида узоқни кўзлаб, қабул қилинаётган Фармон ва Қарорлар аввало миришкор деҳқонларимиз ишини енгил қилиш, уларнинг машаққатли меҳнатларини етарли рағбатлантириш, жаҳонда кечаётган бу ўта мураккаб иқтисодий инқироз даврида ҳам аҳолининг энг муҳим озиқ овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли таъминлашга, олтинга тенг бўлган суғориладиган ер майдонларимиздан самарали фойдаланиш орқали кўпроқ маҳсулот етиштириш орқали ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навосининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда

Зеро Президентимизнинг деҳқон хўжаликларига ва томорқа ер эгаларига кўрсатаётган ғамхўрликлари замирида қишлоқ жойларда яшовчи оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини кўпайтириш, турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилган олижаноб мақсад ўрин олган.

Томорқа хўжаликларида қанча маҳсулот етиштирилмоқда?

Малумотларга кўра, аҳоли томорқаларининг асосий қисмида асосан сабзавот, полиз, картошка мева ва узум етиштирилмоқда ва бу маҳсулотлар умумий ҳажми 2019 йилда 19 153,5 минг тоннани ташкил қилган.

Таҳлилларга кўра, етиштирилган сабзавот маҳсулотларининг 70,7 фоизи, картошканинг 83,7 фоизи, полиз маҳсулотларининг 59,7 фоизи, меванинг 60 фоизи ва узумнинг 56,2 фоизи айнан ана шу томорқаларда етиштирилмоқда.

Маҳсулотларнинг ўртача ҳосилдорлиги таҳлил қилинганда сабзавот маҳсулотининг ўртача ҳосилдорлиги аҳоли томорқаларида гектарига 27,6 тоннадан тўғри келган бир даврда, бу кўрсаткич фермер хўжаликларида гектарига 21,0 тоннадан, картошка бўйича мос равишда 24,6 тонна ва 17,0 тонна, полиз бўйича мос равишда 24,9 тонна ва 13,4 тонна, мева мос равишда 20,5 тонна ва 8,6 тонна ҳамда узум мос равишда 22,7 тонна ва 11,5,0 тоннани ташкил қилмоқда.

Таҳлиллардан кўриниб турибдики, томорқа хўжалиги маҳсулот етиштиришда ўғит, сув, техника, маблағ ва бошқа зарур таъминотларда фермер хўжаликларига нисбатан устунликларга эга бўлмасада, ҳосилдорликда юқори кўрсаткичларга эга.

Шу ўринда томорқа хўжалигини янада ривожлантиришнинг имкониятлари, ҳар бир оила ўз томорқа хўжалигидан фойдаланиши қанчалик даражада унумдор эканлиги, томорқада экин экишнинг бошқа фаолият турларига таъсири, шу жумладан уй ҳайвонларини парваришлашда озуқа базасини шакллантиришга ижобий таъсирини ўрганишга бўлган интилишлар ортиб бораётганлиги бежизга эмас.

Бу борада парламент аъзолари ҳам давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларни амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этиб, ҳудудларда доимий мониторинг ва таҳлиллар олиб бормоқда. Аҳоли билан олиб борилаётган доимий мулоқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги мураккаб вазиятда халқимиз Президентимизнинг оқилона сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда барчамиз бу оғир дамларни биргаликда енгиб ўтишимизга ишонч билдиришмоқда.

Абдиғани УМИРОВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 126

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими