Cайт ранги: A A


Ёшларга оид тадбирлар

Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатининг олий таълим муассасаларида ижро этилишининг долзарб масалалари

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда"Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатининг олий таълим муассасаларида ижро этилишининг долзарб масалалари" мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мутассаддилари, Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Олий ўқув юртларининг проректорлари, ўқитувчи ва талаба ёшлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг бевосита раҳнамолигида мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб, келажагимиз бўлмиш ёш авлодни ҳар томонлама комил ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Истиқлолимизнинг дастлабки йилларида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бу борадаги олиб бориладиган ишларимизнинг ҳуқуқий асосларини яратиб берди. Ўтган йиллар мобайнида ёшларимизни билим олишлари ва жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини эгаллашлари учун барча шарт-шароитларга эга бўлган замонавий таълим муассасалари барпо этилди ва мазкур таълим муассасаларига ёшларимиз тўлиқ қамраб олинди.

Бугунги кунда таълим муассасаларида асосий эътибор, уларга чуқур таълим-тарбия беришга, ёт ғояларга қарши кураша оладиган ҳамда ўзининг мустақил фикрига эга бўлган, ҳеч кимдан кам бўлмаган маънан етук ва комил инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилгандир.

Мамлакатимиз ёшларининг жаҳон андозалари талаблари асосида билим олишларини кафолатлайдиган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий Дастурининг қабул қилиниши ҳам келажагимиз бўлган ёшларга бўлган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Республикамизда ҳар йили бюджетнинг 60% ижтимоий соҳага йўналтирилаётганлиги, бунда таълим тизимига сарфланаётган қисми 34 фоизни ташкил қилиши, йилига 1 миллионга яқин янги иш ўринлари яратилаётганлиги, мазкур иш ўринларининг ярмидан кўпроғи ёшларимиз учун яратилаётганлиги бу соҳада олиб борилаётган ишлар салмоғи нечоғли катта эканлигини англатади.

Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов 2016 йилнинг 15 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида сўзлаган нутқида ҳам мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ёшларимизнинг жамиятда муносиб ўринларини эгаллашлари учун давлатимиз томонидан барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилди ва бу борадаги ишларимиз изчиллик ва тизимли равишда олиб борилмоқда.

Таълим жараёнини ислоҳ этиш ва меҳнат бозорида талаб қилинадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашда олий ўқув юртлари муҳим ўрин эгалламоқда. Мамлакатимизда замонавий ўқув жиҳозлари билан жиҳозланган, етук малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослаштирилган 58та олий ўқув юртлари ва уларнинг 11 та филиалларида бугунги кунда 260 мингдан кўпроқ талаба ва магистирларимиз таҳсил олишмоқда.

Мамлакатимиздаги мавжуд олий ўқув юртлари билан бир қаторда Россиянинг 3 та нуфузли олий ўқув юртларининг, шунингдек, дунёдаги нуфузли таълим муассасалари бири Буюк Британиянинг Вестминстер университети, Сингапур Менежментни ривожлантириш иниститути, Италия давлатининг Турин Политехника университетларининг пойтахтимизда филиаллари фаолият кўрсатмоқда ва мазкур таълим муассасаларида, машинасозлик, нефть-газ иши, ахборот технологиялари, иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви, молиявий менежмент, тижорат ҳуқуқи каби меҳнат бозорида юқори талаб бўлган мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистирлар тайёрланмоқда ва мазкур мутахассислар бугунги кунда иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. Буларнинг сафига жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб ўз фаолиятини бошлайдиган Корея давлатининг Инхо университети қўшилди.

Мамлакатимизда Ёшларга оид давлат сиёсати узоқни кўзлаб амалга оширилаётганлиги бугунги кунда нафақат ватандошларимиз, балки ҳорижий экспертлар томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мазкур соҳада муайян ишлар амалга оширилаётганлиги, таълим муассасаларида талабаларнинг ўқишлари ва ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилганлиги, талабалар уйларидаги шароитлар, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ва унумли ташкил этилганлиги, аммо ҳали бу борада олиб борилаётган ишларни янада кучайтирилиши лозимлиги, ёшлар онгини турли ҳил ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, замонавий ахборот воситаларидан мақсадли ва ўринли фойдаланиш лозимлиги бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Тадбир якунида бу борада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинди.   


Кўришлар сони: 8791

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

12.10.2017
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолият олиб бориб, улар...

12.10.2017
Ижтимоий тармоқларда депутат билан мулоқот

Онлайн мурожаат, онлайн мулоқот, онлайн мунозаралар... Бугун кўпчилигимиз интернет имкониятларидан с...

Тадбирлар тақвими