Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Янги транспорт-коммуникация йўналишлари такомиллашади

Янги транспорт-коммуникация йўналишлари такомиллашади Янги транспорт-коммуникация йўналишлари такомиллашади Янги транспорт-коммуникация йўналишлари такомиллашади Янги транспорт-коммуникация йўналишлари такомиллашади Янги транспорт-коммуникация йўналишлари такомиллашади

2012 йил 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан“Минтақа мамлакатларининг янги коммуникация йўналишларига (транспорт йўлакларига), жаҳон бозорига чиқиши масалалари” мавзуидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ иқтисодий юксалишнинг мустаҳкам асосини яратилишини таъминлаган муҳим комплекс чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Фаол инвестиция сиёсати, ишлаб чиқариш ва саноат тармоқлари инфратузилмасини тубдан техник модернизация қилиш автомобилсозлик, электротехника, газ-кимё, фармацевтика, машинасозлик каби юқори технологияли соҳаларни яратишга, тўқимачилик, мебель ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш каби соҳаларнинг янада ривожланишига имкон яратиб, бугунги кунда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида етакчи саноат марказига айланишини таъминлади.

Тадбирда таъкидланганидек, иқтисодиётнинг ва ташқи савдонинг барқарор ўсиб бориш суръатлари республика транспорт-коммуникациялар мажмуини жадал ривожлантиришни, унинг транзит салоҳиятини янада оширишни, шунингдек, халқаро транспорт йўлакларини диверсификация қилишни талаб этади. Ўтган йиллар мобайнида бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилди. Республиканинг халқаро транспорт коммуникацияларига интеграциясини таъминлаш, бу жарённинг ҳуқуқий базасини шакллантириш борасида аниқ мақсадли тадбирлар амалга оширилди ва бу изчил сиёсат кутилган самарани бермоқда.

Ҳозирги кунда республикада шимолий-ғарбий томондан Бейнеу орқали, жанубий-ғарбий томондан Олот орқали, жануб томондан Термиз орқали ва шарқий томондан Ўш орқали қўшни давлатларга чиқадиган Ўзбек миллий автомагистрали мавжуд бўлиб, унинг узунлиги 2 755 км.ни ташкил қилади. Мустақилликнинг дастлабки даврларида Ўзбекистон экспорт-импорт юкларини ташиш асосан шимолий йўналишдаги 2-3 транспорт йўлаклари орқали амалга оширилган бўлса, бугунги кунга келиб ташқи савдо юкларини 10 га яқин йўналишлар орқали жаҳон бозорига етказиш имконияти юзага келди.

Ҳозирда Озарбойжон, Грузия ва Туркия томонлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Баку – Тбилиси – Ахалкалаки – Карс” темир йўлини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳасининг яқин келажакда якунланиши Ўзбекистон экспорт юкларини Кавказ давлатлари орқали бевосита турк портларига ва қурилиши тугалланаётган “Мармарай” тоннели орқали Европа давлатларига темир йўл транспорти билан тўғридан-тўғри ташиш имконини яратади.

Бундан ташқари, Хитой ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги ўзаро иқтисодий алоқаларнинг транспорт таъминотида анъанавий йўлаклардан фойдаланишга бўлган эҳтиёжни камайтириш мақсадида, экспорт юкларни “Хоргос” чегара ўтиш ҳалқаро маркази орқали ва Қозоғистон орқали Хитойга темир йўл орқали ташишни ташкил қилиш юзасидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишнинг ишга туширилиши юкларни Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги масофани 700 км қисқариши ҳисобига транспорт ҳаражатларининг камайтирилишига ва ўз навбатида, Ўзбекистон экспорт товарларининг Хитой бозорида рақобатбардошлигини янада оширишга замин яратади.

Шу билан бирга иштирокчилар мустақиллик йилларида мамлакатимизда янги автомобиль ва темир йўлларини қуриш, мавжуд транзит йўналишларни халқаро стандартларга мос равишда реконструкция қилиш, темир йўлларни электрификация қилиш ва ҳаракатланувчи таркибни янгилаш, халқаро логистика марказларини ва терминалларни барпо этиш, аэропортларни модернизация қилиш бўйича бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширалаётганлигига этиборларини қаратишди.

Жумладан, “Навои-Учқудуқ – Султонуваизтоғ – Нукус” ва “Тошғузор - Бойсун – Қумқўрғон” темир йўлларини қуриш бўйича босқичма-бочқич амалга оширилган лойиҳалар мамлакатимизнинг жанубий, шимолий ва марказий худудлари ўртасида узлуксиз темирйўл алоқасини таъминлабгина қолмасдан, балки мазкур худудларнинг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан янада ривожланишига муҳим омил бўлди.

Шунингдек, мазкур темир йўллар республика транзит салоҳиятини янада оширишга ҳисса қўшади. Охирги беш йил давомида фақатгина Афғонистонга транзит ташилаётган юклар хажмлари йилига 20% дан ўсиб бораётганлигини инобатга олганда “Тошғузор - Бойсун – Қумқўрғон” темир йўли келажакда республика транзит йўналишлари орасида салмоқли ўрин тутади.

Ўзбекистонлик темирйўлчилар Афғонистон ҳудудида муваффақиятли амалга оширган “Хайратон – Мозори Шариф” янги темир йўлини қуриш лойиҳаси республика транзит салоҳиятини янада ошириш борасида қилинган муҳим қадамлардан биридир. Чунки, янги темир йўл экспорт ва транзит юкларни бевосита Афғонистоннинг Найбобод ва Мозори Шариф шаҳарларигача тўғридан-тўғри етказиш имкониятини яратиб, юк оқимлари тезлигининг Хайратон станцияси имкониятларига боғлиқлик даражасини пасайтиради. Бу эса ўз навбатида юк эгалари учун ҳам вақт, ҳам маблағ тежаш учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги “2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирувчи халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дастурига мувофиқ жами 2011-2015 йиллар давомида 2306 км автомобиль йўллари шундан 474 км цементобетон, 1832 км асфальтобетон қопламали йўл ҳамда 1910 погонометр кўприклар ва йўл ўтказгичлар, 7 та транспорт ечимларини қуриш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, автомобиль ташувлари ва республика автотранспорт мажмуасини модернизация қилиш мақсадида “МАН” русумли юк автотягачларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Иштирокчилар сўнгги йилларда республикамизда бир қатор логистика марказлари ташкил этилаётганлигига алоҳида эътибор қаратишди. Жумладан, Навои аэропорти негизида “Навои” халқаро интермодал логистика марказини, Тошкент вилоятида “Ангрен логистика маркази”ни, шунингдек, пойтахтимизнинг Сергели туманида “Тошкент” логистика марказини барпо қилиш ва ривожлантириш бўйича жадал суръатларда амалга оширилаётган лойиҳалар мамлакатимиз транзит салоҳиятини ошириш ва транзит имкониятларидан тўлақонли фойдаланишда муҳим ўрин тутади.

Маълумки, хозирда “Навои” аэропорти орқали Милан, Брюссель, Шанхай, Деҳли, Мумбай, Бангкок, Франкфурт, Дакка, Истамбул йўналишларида юк ташувлари амалга оширилмоқда. Яқин келажакда Дубай, Москва, Алмати йўналишларида ҳам ташувларни ташкиллаштириш ишлари олиб борилади.

Шу билан бирга семинар иштирокчилари Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини янада ошириш, ундан тўлақонли ва унумли фойдаланиш, транспорт хизматлари экспорти ҳажмларининг ўсишини таъминлаш борасида ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдиришди ҳамда транзит соҳаси ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти вужудга келганлигини таъкидлашди ва иштирокчилар томонидан муҳокама этилган масалалар бўйича Қўмита қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 7153

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджетига доир қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

Йиғилишда қайд этилганидек, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

12.11.2019
Оилавий тадбиркорларга яна бир қулайлик

Мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ...

12.11.2019
Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишида нималар ўзгарди?

Лойиҳа синов воситаларини аттестациядан ўтказишга доир янги модда билан тўлдирилган. Синов ...

Тадбирлар тақвими