Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 8,1%ни ташкил этди

Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 8,1%ни ташкил этди

17 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг I ярим йилликда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8,1 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 7 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 7,1 фоизни, қурилиш ишлари ҳажми – 8,6 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичлардан ортиқ бўлмади.


Ички талабни мувозанатли рағбатлантириш чора-тадбирлари амалга оширилишини давом эттириш ҳамда маҳаллий товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 7,7 фоизга, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми – 25,7 фоизга, чакана товар айланмаси – 12,5 фоизга ва хизматлар – 14 фоизга ўсишини таъминлади. Ялпи ички маҳсулотда хизматлар соҳаси улуши 2011-йилнинг I ярим йиллиги якунлари бўйича 48,3 фоиз ўрнига 52,2 фоизгача ўсди.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ёш оилалар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, оила соғлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш, баркамол ёш авлодни тарбиялашда оиланинг ролини ошириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 1,1 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

2012 йилнинг I ярим йиллигида фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиши туфайли ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмини 7,6 фоизга кўпайтириш таъминлангани ва 531 та янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилгани қайд этилди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар тузилмасида тўғридан-тўғри инвестициялар салмоқли ўрин тутади, уларнинг улуши 80 фоиздан ортиқни ташкил этди. Шунингдек, экспорт 18,8 фоизга ўсиши таъминлангани ва ташқи савдо айланмасида салмоқли ижобий сальдога эришилгани қайд этилди.


“Ўзқурилишматериаллари” ва “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниялари, “Ўзфармсаноат” консерни, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларига идоравий мансуб ва ҳудудий корхоналар раҳбарларининг тегишли тармоқ ва ҳудудлардаги экспортга етказиб бериладиган маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтиришнинг мавжуд захираларини тўлиқ сафарбар этиш бўйича шахсий масъулиятини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига экспортга маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланмайдиган саноат корхоналарини экспорт фаолиятига жалб этиш, шунингдек, сифатни бошқаришнинг замонавий тизимларини кенг жорий этиш ва маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлиги сертификациясини амалга оширишга қаратилган комплекс қўшимча чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Мажлис кун тартиби доирасида янги қишлоқ массивларида фойдаланишга тайёр шартларида намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш, уларни зарур муҳандислик, транспорт, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси билан таъминлаш ишларининг ҳолати батафсил муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришни ташкил этишда йўл қўйилган камчиликлар учун “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари фаолияти танқид қилинди.

Улар олдига 2012 йилда фойдаланишга топшириш назарда тутилган янги қишлоқ массивларида 8510 та якка тартибдаги уй, уларга кириш йўллари, сув таъминоти ва бошқа муҳандислик коммуникатсиялари тизимларини қуришни йил охиригача тугаллашни таъминлаш бўйича қатъий талаблар қўйилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳар икки палатаси томонидан тасдиқланган 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрлари бажарилишини таҳлил қилишга алоҳида эътибор берилди.

Қабул қилинган мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар натижасида 2012 йилнинг I ярим йиллигида 510,5 мингдан зиёд янги иш ўринлари, улардан 345 мингтадан ортиғи ёки 68 фоизга яқини қишлоқ жойларда ташкил этилгани қайд этилди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича касб-ҳунар коллежлари, уларнинг ўқувчилари ва корхоналар ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар сўзсиз бажарилиши учун назоратни кучайтириш топширилди. Шунингдек 9-синф битирувчиларини, айниқса қизларни касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқитиш бўйича тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш чора-тадбирларига эътибор қаратилди.

Мажлисда иқтисодиёт тармоқларини, ишлаб чиқариш инфратузилмасини, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини бўлажак куз-қиш даврига тайёрлаш ишларини ташкил этиш ҳар томонлама кўриб чиқилди.

Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш чора-тадбирларининг бутун комплекси ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компаниялари, шунингдек, бошқа идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотларнинг раҳбарлари шахсан жавобгар эканликлари алоҳида таъкидланди.

Улар олдига уй-жойлар, идоравий мансуб корхона ва ташкилотлар, шу жумладан ижтимоий аҳамиятдаги объектларга иссиқлик ва энергияни тежовчи технологияларни кенгроқ жорий этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

Шунингдек, мева-сабзавот омборхоналари ва совутиш камералари тармоғини кенгайтириш ва модернизатсия қилишни жадаллаштириш, куз-қиш даврида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан кафолатли таъминлаш учун уларни зарур ҳажмда тайёрлаш ва ғамлашни ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича республикадаги вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари сўзга чиқдилар. Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2012 йилги мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифаларини амалга оширишни сўзсиз таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди, дея хабар беради ЎзА.


Кўришлар сони: 7165

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими