Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Mаҳалла институти ривожи

Mаҳалла институти ривожи

Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат қуриш, уни янгилаш ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятда тутган ўрнини оширишга алоҳида эътибор қаратилгани “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини ҳаётга самарали татбиқ этишга замин яратди. Шубҳасиз, буларнинг барчаси юрт равнақи ва эл фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Маълумки, кўплаб асрлар давомида ўзбек халқининг маънавий-ахлоқий урф-одатлари ва қоидалари, жамоатчилик фикри ҳамда ўзига хос дунёқараши маҳаллада шаклланиб келган. Ёш авлод тарбияси, оила юритиш санъати, қўшничилик хислатлари мана шу маданият, одатлар ва анъаналар асосида олиб борилган. Бинобарин, мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юксак даражада қўллаб-қувватланиб, эзгу қадриятларимиз булоғи қайта кўз очди. Хусусан, Конституциямизнинг 105-моддасида унинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилди ва тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳамда ташкилий пойдевор яратилди. Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоя, таклиф ҳамда қонунчилик ташаббуслари эса бу борадаги вазифаларни амалиётга янада самарали жорий этишда айни муддаодир. Шулар асосида юртимизда фуқаролик жамиятининг ушбу ноёб институти имкониятлари, халқимизнинг ҳаёт тарзига таъсири, давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидаги вазифалари кенгайтирилди. Айни чоғда уларнинг оилалар ободлиги ва мустаҳкамлигини таъминлашдаги роли оширилди.
Боиси, Президентимиз таъкидлаганидек, “Мустаҳкам оила” деган ғоянинг ҳаётимиздаги амалий ифодасини кўришда, ҳеч шубҳасиз, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идораси сифатида ном қозонган маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёсдир”.

Шубҳасиз, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 9 июлдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада долзарб аҳамиятга эга. Мазкур ҳужжат соҳа ходимлари меҳнатига берилган юксак баҳо ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кенг қўллаб-қувватлаб келинаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир. Шу ўринда маҳалла таркибидаги ўзига хос фаолият йўналишлари — диний маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилар ҳамда “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаси фаолиятига тўхталиб ўтсак.
Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими таъсис этилди. Натижада маҳаллаларда барқарор диний ва маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, маҳалланинг маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган иллатлар юзага келишининг олдини олиш, уларни бартараф этиш, аҳоли орасида оила ва никоҳ муносабатларининг қонунийлигини таъминлашга эришилди. Қолаверса, миллий, диний урф-одатлар ва маросимларнинг ихчам ҳамда замонавий, кенг аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий бандлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, фуқаролар йиғини кенгаши ва тегишли идоралар билан ҳамкорликда аёлларни доимий иш жойлари билан таъминлаш каби бир қатор йўналишларда олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича маҳаллаларнинг имкониятлари ва ваколатлари кенгайтирилди.
“Маҳалла посбони” жамоат тузилмаларини ташкил этишдан асосий мақсад эса фуқароларнинг фаоллигини ошириш йўли билан ҳуқуқий демократик давлат қуриш жараёнини жадаллаштириш, ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат бошқарув тизимининг айрим ваколатларини бажаришига кенг йўл очишдан иборатдир. Ўз навбатида, бу осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда давлат идоралари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорликда иш олиб боришини таъминлаш, аҳолининг ўзаро ҳамжиҳатлигини оширишга хизмат қилди. Дарҳақиқат, ўтган давр ичида мазкур жамоат тузилмалари томонидан ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, аҳоли билан турли профилактик ва огоҳлантирувчи мазмундаги тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда сезиларли ижобий ишлар амалга оширилди. Пировардида маҳалла халқ ишончини қозонган адолат маскани ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизми, жамиятимизда ислоҳотларни амалга оширишнинг ишончли таянчига айланди.

Хулоса ўрнида айтганда, демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг роли кундан-кунга ошиб бормоқда. Шунга уйғун тарзда соҳа ходимларининг фидокорона меҳнатлари ҳам мунтазам равишда муносиб рағбатлантирилмоқда.

Барчиной МАШАРИПОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Халқ сўзи, 12 июль 2012 йил

Кўришлар сони: 8552

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими