Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Яна бир бор Роғун ГЭСи қурилиши ҳақида

Яна бир бор Роғун ГЭСи қурилиши ҳақида

Сўнгги бир неча йил давомида кенг халқаро жамоатчилик, нуфузли экологик ташкилотлар вакиллари, кўпчилик мамлакатларнинг сув хўжалиги қурилиши соҳасида тадқиқотлар билан шуғулланадиган илмий-тадқиқот марказлари мутахассисларининг эътибори Тожикистоннинг Амударёнинг юқори қисмида қуввати 3600 МВтга тенг Роғун ГЭСи иншоотлари комплексини қуриш лойиҳасини қайта жонлантиришга доир қайсарона хатти-ҳаракатлари муҳокамасига қаратилмоқда.

Аввал бир неча марта таъкидланганидек, Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси кенг кўламли жиддий технологик, ижтимоий, экологик ва ижтимоий-иқтисодий таҳдид ҳамда хавфларни келтириб чиқаради. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши нуфузли халқаро ташкилотлар ва мутахассислар, шунингдек, Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бу, аввало, қуйидаги асосий омиллар билан боғлиқ. Биринчи навбатда, Роғун ГЭСи қурилишининг ҳар жиҳатдан хавфсиз гидроиншоотлар қурилишини таъминлаш бўйича ҳозирги замон талабларига мутлақо мос келмайдиган эски стандартлар, қурилиш норма ва қоидалари бўйича 35-40 йил муқаддам, совет даврига хос гигантоманияга интилишга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган техник-лойиҳа ечимларининг бугунги талабларга мутлақо жавоб бермаслиги билан изоҳланади. Буни нуфузли мутахассислар ва экспертлар ҳам бир неча бор таъкидлаган.

Сўнгги ўн йилда йирик ГЭСлар барпо этган қурувчилар (Хитой Халқ Республикасидаги “Уч дара”, Россия Федерациясидаги Саяно-Шушенск ва Богучанск ГЭСлари, Жанубий Америкадаги йирик ГЭСлар ва бошқалар) тўқнаш келган кенг кўламли муаммо ва ҳалокатлар бугунги кунда бундай гидроиншоотларга қўйилаётган стандарт ҳамда талаблар мутлақо ўзгаргани, бунинг натижасида кўп ҳолларда бундай иншоотларни қуриш масаласини қайта кўриб чиқиш, тўхтатиш ва, ҳаттоки, улардан воз кечишга сабаб бўлди.

Бундан ташқари, совет даври мутахассислари Роғун ГЭСини лойиҳалаштириш давридаёқ ҳал этилмай қолган қатор муаммоли масалалар юзасидан зарур техник ечимларни топа олмаган эдилар. Жумладан, катта миқдордаги сувнинг тўғон остида қоладиган йирик туз қатламига (қалинлиги 100 метрдан зиёд) муқаррар сингиши (филтрация) ва унинг мазкур қатламга таъсирини бартараф этиш чоралари ҳал этилмаган, шунингдек, қурилиш олиб борилаётган ҳудуддаги тоғ жинслари массасининг тез-тез такрорланиб турадиган хавфли силжишлари ҳисобга олинмаган. Ўтган вақт мобайнида ушбу муаммолар янада мураккаблашди. 1993-йилда Роғун ГЭСидаги вақтинчалик кўтарма тўғонда содир бўлган авария ва мазкур иншоотнинг бутунлай вайрон бўлиши, шунингдек, кейинчалик юз берган бошқа бир қатор авариялар ҳам буни тасдиқлайди.

Иккинчидан, лойиҳада жаҳон амалиётида мисли кўрилмаган, баландлиги 335 метрлик тўғонни барпо этиш кўзда тутилган. Иншоотни бир неча марта Рихтер шкаласи бўйича 9-10 баллни ташкил қилган зилзилалар содир бўлган тоғли жойда қуриш таклиф этилмоқда.

Роғун ГЭСи қурилиши олиб борилаётган майдон Жанубий Тян-Шан ва Ҳисор-Қоқшол минтақавий ёриғи тизимининг бир қисми ҳисобланган Вахш тектоник ёриғидаги нисбатан янги пайдо бўлган тоғ массивлари яқинида жойлашган. Ушбу зоналар Марказий Осиёдаги энг фаол сейсмик ҳудудлар бўлиб, у ерда 10 баллгача бўлган зилзилалар мунтазам такрорланиб туради. Тожикистонда ўтган асрнинг биринчи ярмида рўй берган бундай зилзилалар 100 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Мисол учун, 1911-йилда содир бўлган ер силкинишини эсга олайлик. Ўшанда 9 баллдан ортиқ зилзила Усой уюми ва 20 миллиард куб метр сув сиғимига эга Сарез кўлининг ҳосил бўлишига олиб келди.

Айни пайтда ушбу ҳудудларда сейсмик фаоллик даражаси янада ошмоқда. АҚШ геология хизматининг маълумотларига кўра, Роғун ГЭСи қурилаётган майдон жойлашган Помир-Ҳиндиқуш тоғ тизмасида бугунги кунда ҳафтасига саккиз мартагача зилзила қайд этилмоқда. Тожикистонда ўртача ҳар тўрт йилда кучли, ҳар 10-15-йилда эса ҳалокатли зилзилалар рўй бермоқда. Кўплаб экспертлар маълумотларни таҳлил қилиш асосида кейинги 10-йил мобайнида ушбу тоғ массивида кучли ҳалокатли зилзилалар юз беришини тахмин қилмоқда. Буни, шу жумладан, тожикистонлик сейсмолог олимларнинг тадқиқотлари ҳам тасдиқлайди.

Айни пайтда, бундай катта дамбани қуриш учун 80 миллион куб метр тупроқни кўчириш ва ётқизиш ишларини бажариш талаб этилади. Бунинг натижасида сув омборида 14 миллиард тонна сув тўпланади ва тоғ массивига қўшимча босим ҳосил қилади. Бу эса, шубҳасиз, минтақанинг сейсмик жиҳатдан заифлигини оширади ва шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Роғун ГЭСи қурилиши натижасида ушбу ҳудудда зилзилалар такрорланиши янада кучаяди.

Зилзила ёки техноген омиллар натижасида бундай тўғоннинг бузилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Олимлар ва муҳандисларнинг фикрича, бундай ҳолда сув омборида тўпланган 14 куб километр сув ҳосил қиладиган кучли динамик босим катта (соатига қарийб 500 километр) тезлик билан Вахш дарёси оқими бўйлаб қуйига 100 метр баландликдаги шиддатли тўлқиннинг, таъбир жоиз бўлса, “ясама сунами”нинг юзага келишига сабаб бўлади. Бунинг натижасида Нурек ГЭСи тўғони, Вахш каскадидаги бошқа барча ГЭСлар ва гидроузеллар бутунлай вайрон бўлади, Нурек, Сарбон, Қўрғонтепа ҳамда Румий шаҳарлари бутунлай сув остида қолади. Боз устига, ушбу тўлқин ҳалокатли ҳаракатини давом эттириб, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистондаги бошқа ўнлаб шаҳарлар ва қишлоқларни супуриб кетади ва сувга ғарқ қилади, мислсиз фожиали оқибатларни юзага келтиради, юз минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлади.

Учинчидан, Роғун ГЭСи лойиҳаси Марказий Осиё мамлакатлари атроф-муҳити ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларига узоқ йиллар ўнглаб бўлмайдиган даражада катта хавф солади.

Катта гидроиншоот қурилиши минтақадаги заиф экологик мувозанатга путур етказади, сув хўжалиги ва экологик вазиятга ҳалокатли таъсир кўрсатади. 14 куб километр ҳажмдаги сув резервуарини ҳосил қилиш камида 8-10 йил давомида Вахш дарёси оқимини кескин чеклашни талаб қилади. Бу эса минтақада сув оқимидан кўп йиллар самарали фойдаланиш ва уни бошқариш жараёнини бутунлай издан чиқаради, ҳатто, шусиз ҳам танқислиги ортиб бораётган сув ресурсларининг ҳалокатли даражада камайиб кетишига олиб келади.

Стансиянинг барпо этилиши оқибатида табиий сув оқими тизими бутунлай издан чиқиб, вегетация мавсумида сув ҳажми кескин камаяди, куз-қиш даврида эса уни ўтказиш ҳажми ва сарфи ошади. Бу Амударё қуйи оқимида жойлашган мамлакатларда ёзда сувнинг кескин камайишига, кучли қурғоқчиликка, шунингдек, қишда ҳалокатли тошқинларга сабаб бўлади.

Амударё оқими гидрологик режимининг ўзгариши натижасида ўзанлардаги йўқотишлар ҳам ортади. Ҳозир ҳам сув тақчил мавсумларда бундай йўқотишлар 15 фоизгача етмоқда. Гидрологик режимнинг ўзгариши оқибатида Амударё қуйи қисмидаги кўллар ва ветландларнинг қуриш жараёни бир неча марта тезлашади, янги шўрхок ва тақир ерлар пайдо бўлади. Оқибатда у қишлоқ хўжалик экинлари етиштириладиган майдонларни туз бўронлари билан зарарлайдиган аёвсиз манбага айланади, тупроқ унумдорлиги ҳамда ҳосилдорлик кескин пасайиб кетади. Бунинг оқибатида дунё миқёсидаги экологик муаммо ҳисобланган Орол денгизи ҳалокати янада мураккаблашади.

Шу тариқа, Ўзбекистон ва Туркманистон ишлаб чиқаришининг иқтисодий асоси бузилади ҳамда ушбу мамлакатларнинг Амударё қуйи оқимларидаги воҳаларда яшаётган 10 миллиондан ортиқ аҳолиси турмуш тарзи батамом издан чиқади, одамлар қурғоқчилик ва очликка маҳкум бўлиб, алал оқибат бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлади.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, Роғун ГЭСи қурилиши оқибатида Амударё қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистоннинг бевосита иқтисодий йўқотишлари 20 миллиард доллардан ошади. Бу зарарни қоплашни ҳеч ким зиммасига олмоқчи эмас. Ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган сув ресурслари тақчиллиги шароитида миллионлаб одамларнинг мажбуран кўчиши билан боғлиқ кўплаб қўшимча иқтисодий ва ижтимоий муаммолар пайдо бўлади, минтақада ижтимоий беқарорлик кескинлашади.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши оқибатида юзага келадиган иқтисодий зарарни ҳисоблаб чиқиш мушкул, қолаверса, миллионлаб одамлар чекадиган азоб-уқубат ва бахцизлик кўламини қайси валюта ва қандай рақамлар билан ўлчаб бўлади? Турган гапки, бундай тўғоннинг қурилиши нафақат техник стандартлар ва иқтисодий мантиққа, балки соғлом ақлга ҳам зиддир.

Роғун ГЭСи қурилиши оқибатида юзага келадиган айнан мана шу таҳдидлар халқаро жамоатчиликни, БМТ, Катта тўғонлар бўйича халқаро комиссия, Бутунжаҳон сув кенгаши, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи каби кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар, Эвропарламент, АҚШ, Белгия ҳамда бошқа давлатлар парламентлари аъзолари, Япония, АҚШ, Голландия, Корея Республикаси ва бошқа мамлакатлар илмий-тадқиқот марказларини ҳақли равишда ташвишга солмоқда. Сўнгги бир неча йил мобайнида турли даражада БМТнинг нуфузли тузилмаларида, халқаро илмий-амалий форумлар ва конференсияларда мазкур лойиҳа билан боғлиқ муаммоларнинг кенг кўламда муҳокама этилиши натижасида халқаро ҳамжамиятда ушбу лойиҳани чуқур, синчковлик билан холис мустақил халқаро экспертизадан ўтказиш зарурлиги тўғрисида принсипиал позиция шаклланди.

Таъкидлаш лозимки, мустақил экспертларнинг фикр-мулоҳазалари трансчегаравий сув оқимларидан фойдаланиш соҳасида қабул қилинган халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос келади. Бу масалалар бўйича БМТнинг қатор конвенсиялари (1992-йил 18 сентабрда қабул қилинган Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенсия, 1997-йил 21 майда Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган Халқаро сув оқимларидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги конвенсия) қабул қилинган. Мазкур халқаро ҳужжатларда амалга оширилиши трансчегаравий таъсир билан боғлиқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинишидан олдин трансчегаравий сув объэктлари ҳудудида жойлашган барча томонлар манфаатларини албатта ҳисобга олиш зарурлиги ҳақидаги талаблар қатъий белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, 1997-йилда кучга кирган Трансчегаравий нуқтаи назардан атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисидаги конвенсияда бундай объэктлар қурилишининг экологик оқибатларини тўлиқ ҳисобга олиш ва манфаатдор барча томонларни жалб этган ҳолда, таъсирни ҳар тарафлама баҳолаш кўзда тутилган.

Жаҳон банки ушбу халқаро ташкилотлар ва тузилмалар фикрларини эътиборга олиб ва халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан ҳолда, 2010-йилда Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳасини халқаро мустақил экспертизадан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди ҳамда уни амалга ошириш учун 20 миллион доллар ажратди. Эвропанинг Франсия, Швейцария ва бошқа мамлакатларидан қатор фирмалар ушбу лойиҳани амалга оширмоқда ҳамда экспертизани 2013-йилнинг биринчи чорагида якунлаши кутилмоқда.

Ўз навбатида, Тожикистон ҳукумати 2010-йилда мазкур лойиҳа амалга оширилиши оқибатларини мустақил техник-иқтисодий ҳамда ижтимоий-экологик баҳолаш ишлари якунланмагунича ГЭС ҳудудида қурилиш ишларини олиб бормаслик мажбуриятини ўз зиммасига олган. Айни пайтда, Тожикистон Халқаро валюта жамғармасининг Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳасини молиялаштириш учун мамлакат аҳолисидан мажбурий равишда пул йиғиш кампаниясини тўхтатиш талабини қабул қилган.

Бироқ, минг афсуски, бугунги кунда Тожикистон томони Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси олдидаги мажбуриятлари билан ҳисоблашмай, Роғун ГЭСида қурилиш ишларини олиб бормаслик тўғрисида эришилган келишувларни ўзбошимчалик билан қўпол равишда бузиб, “ҳавойи ғоя”ларини зўр бериб амалга оширишга ҳаракат қилаётганини таъкидлашга тўғри келади.

Кўплаб фактлар Тожикистон халқаро ҳамжамиятдан пинҳон тутган ҳолда, стансия ҳудудида ўтган асрнинг 70-йилларида бошланган кенг кўламли қурилиш ишларини ёпиқ режимда давом эттираётганидан далолат беради. Айни пайтда стансия майдонида, сув ташлайдиган тунеллар қурилишида, машина зали, карерлар ва стансиянинг бошқа объэктларида катта ҳажмдаги қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Шу билан бир қаторда, Тожикистон ҳукумат тузилмалари томонидан Роғун ГЭСи иншоотларини лойиҳалаштириш ишларига хорижий (Россия, Украина ва бошқа мамлакатлардан) пудрат ташкилотлари фаол жалб этилмоқда. Бир пайтнинг ўзида Тожикистон томони стансиянинг биринчи навбатини ишга тушириш учун зарур бўладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материалларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузмоқда. Жумладан, биринчи энергия блоки учун сотиб олинган, тайёрланган ускуналар аллақачон стансия майдонига келтириб қўйилган, иккинчи энергия блокининг ускуналарини тайёрлаш якунланмоқда ва уларни келтириш чоралари кўрилмоқда.

Кейинги бир неча йил давомида Тожикистон катта миқдорда бюджет маблағларини ажратиш (ҳар йили 200 миллион доллардан зиёд) билан бир қаторда, Халқаро валюта жамғармаси олдидаги мажбуриятларини бузиб, аксарият Тожикистон фуқароларининг молиявий аҳволи оғирлигига қарамай, сўнгги пайтда Роғун ГЭСи аксияларини аҳолига мажбурлаб сотиш ишларини яна фаоллаштирди.

Ушбу барча хатти-ҳаракатлар яқинда “Ким Роғун лойиҳасига қарши бўлса – тожик халқининг душманидир” деб баёнот берган Тожикистон раҳбариятининг кучли тазйиқи остида амалга оширилмоқда.

Табиий савол туғилади: Тожикистон Роғун ГЭСи комплексини қуриш борасида амалга ошираётган бундай ҳаракатлардан қандай мақсадни кўзлаяпти, нима учун кўплаб ҳақли эътирозларни назар-писанд қилмай, халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузган ҳолда, стансиянинг биринчи навбати қурилишини шошилинч якунлашга уринмоқда?

Жавоб аниқ – Тожикистон раҳбариятининг бундан кўзлаган мақсади стансиянинг биринчи навбати қурилишини якунлаш ва шу тариқа Жаҳон банки ҳамда бутун халқаро ҳамжамиятни иложсиз аҳволда қолдириб, экспертлар ҳамжамияти ва халқаро тузилмалар кескин қарши чиқаётган мазкур лойиҳани “қонунийлаштириш”дан иборатдир.

Ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш, чалғитиш, амалга оширилаётган ишларни жаҳон жамоатчилигидан бекитиш йўли билан Тожикистон томони вақтдан ютишга ва бошланган ишларни гўёки якунига етказиш орқали халқаро экспертларни Роғун ГЭСи қурилиши билан ноиложликдан муроса қилишга мажбурламоқчи.

Шу билан бир пайтда Тожикистон томони ўз назорати остидаги оммавий ахборот воситалари ва “ёлланма экспертлар” ёрдамида мамлакат аҳолисини Роғун ГЭСи қурилишининг муқобили йўқлигига ишонтириш мақсадида реал фактлар, халқаро экспертларнинг кўплаб далил-исботларини бутунлай бузиб кўрсатиб, рақамлардан ўз ҳийла-найрангларини асослашда фойдаланган ҳолда масулияцизлик билан ташвиқот олиб боришга уринмоқда.

Улар бу билан ушбу лойиҳа келтириб чиқарадиган ҳалокатли таҳдид ва хавф-хатарлар билан ҳисоблашмай, ўз мақсадлари йўлида ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатиб, мумкин ва мумкин бўлмаган барча воситаларни ишга солган ҳолда Роғун ГЭСини қуришга ҳаракат қилмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, кўпчилик халқаро экспертлар ва Тожикистонга қўшни – Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатлар Тожикистонни кам маблағ сарфлаган ҳолда, қисқа муддат ичида электр энергияси билан ишончли таъминлаш муаммосини ҳал этишга ёрдам берадиган, Тожикистон учун ҳам, унга қўшни давлатлар учун ҳам техноген, экологик ва ижтимоий-иқтисодий хусусиятга эга катта хавфларни келтириб чиқармайдиган оқилона, муқобил йўлни – қатор кичик ГЭСлар қуриш таклифини билдирмоқда. Зеро, ушбу муқобил вариантни кўриб чиқиш Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган ишларнинг муҳим йўналишларидан биридир.

Юқорида баён этилган фикрлардан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин.

Биринчидан. Тожикистон томони халқаро экспертлар ва мутахассисларнинг кўплаб огоҳлантиришлари ҳамда тавсияларига беписандлик билан қараб, Жаҳон банки томонидан ўтказилаётган халқаро экспертиза якунига етмай туриб, барча қурилиш ишларини тўхтатиб туриш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни қўпол равишда бузган ҳолда Роғун ГЭСи қурилишини давом эттираётгани билан мутлақо келишиб бўлмайди.

Иккинчидан. Бугунги кунда Тожикистон томони халқаро жамоатчилик ҳамда Амударё оқимининг қуйи қисмида жойлашган мамлакатлардан пинҳона амалга ошираётган сиёсат – Роғун ГЭСи комплекси қурилишининг давом эттирилиши олдиндан айтиб ва кейинчалик ўнглаб бўлмайдиган ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Табиийки, буни инобатга олмаслик мумкин эмас.

Кўришлар сони: 12168

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими