Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти parliament.gov.uzЖорий йилнинг 23 январь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан «Вояга етмаганларнинг маънавий-ахлоқий, психологик ва жисмоний ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотлардан ҳимоя қилишнинг долзарб вазифалари» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот, Алоқа ва ахборотлаштириш агентликлари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, жумладан, нодавлат Электрон оммавий ахборот воситалари, Интернет провайдерлари ва мобиль алоқа операторлари, Ахборот технологиялари ассоциацияси мутахассислари ва экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбати аввалида эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 июнда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида бугунги кунда ахборот оламида Интернет даври келгани, интернет-телевидение, интернет-радио, электрон почта, онлайн-видео каби кўплаб янги ахборот тарқатиш технологиялари тез суръатлар билан ривожланиб, уларнинг аудиторияси ва таъсир доираси тобора кенгайиб бораётганлиги алоҳида таъкидланган эди. Шу билан бирга, бугун ён-атрофимизда, узоқ-яқин минтақаларда юз бераётган воқеаларни инобатга оладиган бўлсак, ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган ғаразли кучлар ҳам Интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётгани ва бундай интилишларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганди. Жамиятда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган бундай хатарларнинг олдини олишнинг битта йўли борлиги, яъни, ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга қодир бўлган, бизнинг қандай бой тарих ва меросга эга эканимизни англаб яшайдиган, имон-эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган инсонлар этиб вояга етказиш кераклигига алоҳида урғу берилганди.
Шу маънода, мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад вояга етмаганларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат ва жамият институтларининг фаолияти самарадорлигини оширишга оид аниқ таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ахборот соҳасидаги экспертлар ва мутахассислар ёшларни салбий характерга эга бўлган ахборотлардан ҳимоялаш тизимини ташкил этишнинг муҳим институционал механизми сифатида миллий қонунчилигимизда тегишли ҳуқуқий базани шакллантириш ва уни мустаҳкамлаш заруратини бугунги тезкор даврнинг ўзи тақозо этаётганини қайд этдилар.
Шу маънода “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг бир гуруҳ депутатлари томонидан болаларни зарарли ахборотлардан муҳофаза қилинишини таъминлашга қаратилган “Вояга етмаганларнинг ахборот хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани эътиборга лойиқ..
Қонун лойиҳасини тайёрлашда БМТнинг болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоялаш соҳасидаги хужжатлари, жумладан БМТ Бош Ассамблеясининг “Вояга етмаганлар учун хавфсиз бўлган Интернет ва онлайн ресурсларини жорий қилиш тўғрисида”ги тавсияномаси талаблари инобатга олинган.
Тадбирда мутахассислар, ҳуқуқшунос ва экспертлар ушбу масала юзасидан ўз мулоҳазаларини баён этиб, бугунги глобаллашув жараёнларида ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиб бўлмаслиги, бироқ фарзандларимизни чалғитишга, тўғри йўлдан тойдиришга қаратилган таҳдидлардан, ғаразли ахборот хуружларидан ҳимоялаш чораларини кўриш долзарб вазифамиз эканига тўхталиб ўтдилар.
Давра суҳбатида «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан тайёрланаётган “Вояга етмаганларнинг ахборот хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича депутатлар, ҳуқуқшунослар, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар экспертларидан иборат ишчи гуруҳи тузиш ҳамда бу борадаги ишларни изчил давом эттиришга келишиб олинди. Шу билан бирга, ёшларни салбий таъсир ўтказувчи маълумотлардан муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи ваколатли органлар ва ўқув-тарбия муассасаларининг фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Сайтнинг Ахборот хизмати тадбирлари бўлимида тўлиқ матнда жойлаштирилган.
Кундалик тадбирлар рўйхатини кузатиб боришда давом этинг!