Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Конституция — эркинлик ва тараққиёт гарови

Конституция —  эркинлик ва тараққиёт гарови

Миллий истиқлол мафкурасининг бош ғояси озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишдир. Бу ғоя халқимизнинг азалий орзу-умидлари, эзгу интилишлари ҳамда бугунги бунёдкорлик фаолиятининг маъно-мазмунини белгилайди, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун муқаддас бўлган юксак гуманистик қадриятларни ўзида мужассам этади. Бу мафкура қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурфикрлилик, турли миллат вакилларига ҳурмат ва улар билан аҳил-иноқ яшаш, диний бағрикенглик, замонавий билимларни қунт билан эгаллаш, дунё мамлакатларининг илғор тажрибаларини ўрганиш каби умумбашарий қадриятларга асосланади, «ҳар бир фуқаронинг фаровонлиги бутун жамиятнинг фаровонлигидир» деган ғояни илгари суради. Мустақиллигимизнинг ҳуқуқий рамзи, халқимиз хоҳиш-иродасининг олий ифодаси бўлмиш Конституциямизда шу умумбашарий қадриятлар ўзининг мукаммал ифодасини топган.

Юртбошимиз Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган Бош Қомусимиз эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, ўз истеъдодини тўла намоён этиш ва меҳнати натижаларидан баҳраманд бўлиш олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятининг қарор топишида мус­таҳкам кафолат бўлди, миллий истиқлол шарофати билан ўз олдимизга қўйган улуғвор вазифаларни амалга ошириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва қонун устуворлигини таъминлашда, мана, ўн тўққиз йилдирки, ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

«Конституция ўзининг туб моҳияти, фалсафа, ғоясига кўра тамомила янги ҳужжатдир,— деб таъкидлайди Президентимиз Ислом Каримов. — Унда жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи — инсон деган фикрни илгари сурдик ва шу асосда «фуқаро — жамият — давлат» ўртасидаги муносабатнинг оқилона ҳуқуқий ечимини топишга интилдик».

Ўн тўққиз йил — тарихан қисқа муддат. Бу йилларда асосий эътибор мустақилликни мус­таҳкамлаш, уни ички ва таш­қи хуружлардан асраш, собиқ тузумнинг одамлар онг-шуурида сақланиб қолган сохта “қадрият”ларидан қутулиш, мураккаб ва оғир вазиятда мамлакатда кенг қамровли иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш, янги қонунчилик тизимини юзага келтириш, жамият ҳаётида демократик тамойилларнинг барқарор бўлишини таъминлашга қаратилди. Биз бугун кейинги йигирма йиллик ҳаётимизни кўз ўнгимизга келтирар эканмиз, эришган ютуқларимизни сарҳисоб қи­либ, жаҳон давлатлари сафидаги бугунги обрў-эътиборимиз билан ҳақли равишда фахр­ланамиз, дунё давлатчилиги тараққиётига қўшаётган ҳиссамиздан, Ўзбекистон тажрибаси бугун жаҳоннинг кўплаб мамлакатларини, давлат ва жамоат арбобларини, молиячи, иқтисодчи, ҳуқуқшунос олимларни қизиқтираётганидан, улар мамлакатимизга тажриба ўрганиш учун ҳам келишаётганидан қалбимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлади. Буларнинг ҳаммасига Асосий Қонунимиз, муҳтарам Юртбошимиз белгилаб берган тамойилларга оғишмай амал қилганимиз, ҳамфикр ва ҳамжиҳатликда яшаётганимиз, фақат бугунги кунни эмас, яқин ва олис келажакни, биздан кейин келадиган авлодларнинг бахтли ҳаётини ҳам ўйлаб иш тутаётганимиз сабабчи, деб тўла маънода айта оламиз. Бугун, дунёнинг ривожланган йирик мамлакатлари жаҳон миқёсида кечаётган иқтисодий-молия­вий инқирознинг нохуш оқибатларига дучор бўлиб турган бир пайтда, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланаётгани, аҳолини ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш дастурлари тўла амал қилаётгани фикримизга далил бўла олади.

Асосий Қонунимизда ўз ифодасини топган бош тамо­йиллар, мақсад ва вазифалар ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётимизда тўлиқ аксини топаётгани, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир давлатимиз раҳбари таклиф этган Концепциясига биноан унга киритилган ўзгартишлар, шубҳасиз, халқимизнинг, ҳар биримизнинг мустақиллик йилларидаги энг муҳим ютуғимиз ҳисобланади. Галдаги вазифа — қонун устуворлиги ва қонунийликни янада мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ва самарали ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, бу йўналишдаги ислоҳотларни изчиллик билан давом эттиришдан иборат. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд тартибида ҳимоя қилишни янада кучайтириш, уларнинг давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахс­ларнинг қонунга зид ҳатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқининг кафолатланиши муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизда мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши, уларнинг ривожланиши учун зарур бўлган шароитларнинг яратилиши алоҳида эътироф этилади. Бундай кафолат ҳар кишида ягона Ватан туйғусини, умумий уйда тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлиш, меҳнат қилиш, илм олиш, ўзликни намоён этиш кайфиятини, айни чоғда, шу азиз Ватан бойликларини кўпайтириш, уларни асраб-авайлаш, келажак авлодларга етказиш ниятини кучайтиради, жамият аъзолари қалбида Ватан тинчлиги ва равнақи учун масъуллик ҳиссини юзага келтиради.

Ватан тараққиёти, миллий юксалиш, жамият олдига қўйилган улуғвор вазифаларнинг бажарилиши, аввало, бу мақсадларга эришиш учун зарур бўлган иқтисодий шарт-шароит ва ҳуқуқий асосларнинг мавжудлигига боғлиқ. Истиқлол Конституцияси, энг аввало, ана шу шароитларни яратиб берди. Халқимизнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонун устуворлигига эришиш орқали адолатли ва эркин жамият барпо этиш бош мақсад қилиб қўйилди. Олий Мажлиснинг қарори билан тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дас­тури” (1997 йил), Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши (2001 йил), Вазирлар Маҳкамасининг “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (1998 йил) ва бошқа муҳим ҳужжатлар бу борада дастурил­амал бўлди.

“Айни пайтда барчамиз бир ҳақиқатни ўзимизга аниқ тасаввур этишимизни истардим,— деб таъкидлаган эди Юртбошимиз Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида. — Яъни эришилган бундай марралар — барқарор ривожланиб бораётган иқтисодиётга асосланган, очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари сўзда эмас, амалда олий қадрият даражасига кўтарилган, жаҳон миқё­сида обрў-эътибор қозонган жамият барпо этиш борасида биз ўз олдимизга қўйган юксак мақсадга қаратилган узоқ ва мураккаб йўлнинг бир қисми, холос. Бу йўлда биз дуч келишимиз мумкин бўлган шундай бир хавф борки, у ҳам бўлса, авваламбор, эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамлик кайфиятига берилиш, реал воқеликдан узилиб қолиш хавфидир. Бу эса мамлакатимиз тараққиётининг самарадорлиги ва истиқболига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз Бош Қонунида, муҳтарам Юрт­бошимиз таклиф этган Концепцияда кўзда тутилган улуғвор вазифаларни тўла рўёбга чиқариш борасида ўтган давр ичида тарихий аҳамиятга молик ишлар қилинди. Эришган ютуқларимиз дунё ҳамжамияти томонидан расман эътироф этилди. Аммо бу ютуқлар, таъкидлаб ўтилганидек, хотиржам бўлишимизга асос бўлолмайди. Давр шиддат билан ўтиб бормоқда. Ҳаётнинг ўзи, турмуш тарзимизда, онг-шууримизда юз бераётган ўзгаришлар олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Эркин, демократик жамият қурилиши жараёни муттасил ривожланиб бормоқда. Шундай экан, Бош Қомусимизни, Концепцияда, давлатимиз раҳбарининг бошқа нутқ ва маърузаларида олға сурилган ғоя ва таклифларни, ўртага қўйилган долзарб вазифаларни янада чуқур ўрганишимиз, шу асосда партиявий тарғибот-ташвиқот иши самарадорлигини таъминлашимиз, партиямиз аъзоларини янги бунёдкорлик ишларига даъват этишимиз зарур.

Худоёр Маматов.


Кўришлар сони: 15633

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2020
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи муҳокама қилинди

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, барча соҳада инновацион технология ва илғор ғояларни қўллаш,...

18.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Имтиёзли кредитлар ёшларнинг таълим олишини кафолатлайди

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қара...

17.09.2020
Коронавирус пандемиясига қарши кураш масалалари Туркий тилли давлатлар Парламентлари муҳокамасида

Коронавирус бугун инсоният саломатлигига жиддий хавф солаётган касаллик бўлиб қолмоқда. Маълумотларга...

Тадбирлар тақвими