Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Бош қомус – тараққиётимиз пойдевори

Бош қомус – тараққиётимиз пойдевори

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ унинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилди. Шу мақсадда тузилган Конституция­вий комиссия 1992 йил 8 сентябрда Асосий Қомусимизни яратиш йўлида бажарилган ишни маъқуллади ҳамда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига ҳавола этишдан аввал уни яна бир бор синчиклаб ўрганиш ва таҳрир қилиш учун ишчи гуруҳи тузилди.

1992 йил 26 сентябрда эса мамлакат Конституция лойи­ҳаси илк бор матбуотда эълон қилинди.

Асосий Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси жуда кенг тус олди. Фуқароларнинг сиёсий фаоллиги туфайли қарийб икки ой мобайнида билдирилган фикр ва мулоҳазалар ўрганилди. Ижодий кўтаринкилик руҳида ўтган халқ муҳокамаси Ўзбе­кистонда демократия ривожининг самарали амалий мактаби бўлди. Матбуотда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда баҳс-мунозаралар қизғин тус олди. Давра суҳбатлари, анжуманлар бўлиб ўтди.

Матбуот саҳифаларида Конституция лойиҳасига бағишланган юздан ортиқ фикр ва мулоҳазалар эълон қилинди. 5 мингдан зиёд таклифлар билдирилди. Муҳокама жараёнида лойиҳа матни анча тузатилди, қайта ишланди ва 1992 йил 21 ноябрда муҳокамани давом эттириш учун газеталарда қайта чоп этилди.

Шундай қилиб, ҳуқу­қий прецедент — икки босқичли умумхалқ муҳокамаси юз берди. Ушбу ҳолат муҳокама иштирокчиларини фаоллаштирди. Натижада умумхалқ фикр алмашуви янгича тус олди. Мазкур акциянинг аҳа­мияти шундан иборат эдики, фуқаролар Конституциянинг қайта ишланган вариантида муҳокама жараёнидаги ўз иштирокларининг натижасини кўра олдилар. Негаки, янги вариантда умумхалқ муҳокамасининг дастлабки босқичида фуқароларнинг фаол қатламидан келиб тушган кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ўз ифодасини топган эди.

Фуқаролар Конституциявий комиссия томонидан уларнинг овози эшитилганлигига, таклифлари тегишли равишда кўриб чиқилиб, инобатга олинганлигига ишонч ҳосил қилдилар.

Конституция лойиҳаси Бирлашган миллатлар ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтди.

Ўзбекистон Конституциясини яратишда жаҳон конс­титутсиявий тажрибасининг қуйидаги жиҳатлари ўз ифодасини топди:

биринчи, республика бош­қарув шакли — бевосита халқ бошқарувининг шаклларидан бири эканлиги;

иккинчи, конститутсиявий тартибга солишнинг классик принтсиплари — ҳокимият ваколатларининг бўлиниши, инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлик, Конс­титуциянинг барқарорлиги;

учинчи, Конституция матнини муқаддима ва бўлимлар, боблар ва моддалар бўйича тақсимлаш ҳамда уларни мантиқий жойлаштириш;

тўртинчи, мазмунининг қисқалиги — реал давлат ва ижтимоий ҳаётни чеклаб қўядиган ортиқча қоидаларга йўл қўймаслик мақсадида Конституцияда келажакда қабул қилинадиган қонунларга оид ҳаволалар йўқлиги ҳам шу мақсад билан боғлиқ;

бешинчи, мафкуралаштиришдан воз кечиш, яъни бир мафкура ҳукмронлигидан воз кечиш; фикр, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги;

олтинчи, конститутсиявий кафолатлар — Конституция устуворлиги, Конституциявий суд тузилиши, Асосий Қонунга ўзгартиш киритишнинг алоҳида тартиби.

Аввалги “иттифоқ” конститутсияларидан фарқли равишда мустақил Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонунида фақат Европага хос конс­титуциявий тартибга солишнинг тазйиқи йўқ. Лекин Ғарб мамлакатларининг демократик конституцияларига хос бўлган фуқаролик жамияти, ҳокимият ваколатларининг бўлиниши, мувозанат ва ўзаро чеклаб туриш тизимига оид нормалар инобатга олинган. Бу ерда ислом дини маънавий анъаналарининг таъсири сезилади, давлат катта оила каби тушунилиши ва раҳбар ушбу оила ҳар бир аъзосининг тинчлиги, қадри ва фаровонлиги учун масуллиги яққол кўзга ташланади.

Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси Ўзбе­кистон халқининг хоҳиш-иродасини аниқлаш ҳамда жуда бой материал тўплаш имконини берди. Ушбу материал чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб чиқилди, умумлаштирилди ва халқнинг умумий иродаси шаклида ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессияси муҳокамасига киритилди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов сессияда Конституцияни “Халқчил Қомус» деб атаб, унинг лойи­ҳаси устида тахминан икки йил давомида ишлангани, икки ярим ой давомида умумхалқ муҳокамасидан ўтганлиги ва шу вақт мобайнида у омманинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойитилганлигини, сайқал топганлигини таъкидлади.

Республика Олий Кенгашининг сессиясида муҳокама қилиш учун киритилган Конс­титуция лойиҳасига 80 га яқин ўзгартишлар, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди. Уларнинг айримлари муҳим аҳамиятга эга эди. Парламент сессиясининг иши давомида депутатлар ҳам бир қатор ўзгартишлар киритдилар.

Давлатимиз раҳбари Кон­с­­­титуция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этган барча фуқароларга самимий миннатдорлик билдирди.

Конституцияни ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва қабул қилиш жараёни Президент Ислом Каримовнинг “Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома бўлганлиги, у халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттириши, унинг халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули эканлиги ҳақидаги хулосасининг тўғрилиги ва асосланганлигани тасдиқлайди.

Хорижий мамлакатлар конс­титутсиявий ҳуқуқи бўйича россиялик мутахассис А.Якушев шуни таъкидлайдики, “Ўзбекистоннинг Консти­туцияси собиқ иттифоқдош давлатларнинг конституциялари орасида биринчи эди (бошқа барча МДҲ давлатлари ва Болтиқбўйи давлатларида конституциялар кейинроқ, яъни 1992-1996 йилларда қабул қилинган).

Ўзбекистон Конституцияси ўзбек жамияти ва давлатининг барча энг муҳим соҳаларини тартибга солади, қисқалиги ва аниқ ифодаланганлиги, шунингдек, ўзига хос тузилиши билан ажралиб туради”.

Ўзбекистонда конституциявий қурилишнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз асарлари, чиқишларида ифодалаб берган беш асосий принцип ташкил қилади. Бу асос бўлувчи ғоялар ва қоидалар Ўзбекистон тараққиёти ва миллий истиқлол мафкурасининг тамал тошидир.

Акмал САИДОВ, юридик фанлари доктори, профессор.


Кўришлар сони: 15327

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими