Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Барқарор ривожланиш мақсадларини Осиё-Тинч океани минтақасида имплементация қилишда парламентнинг роли қандай?

Барқарор ривожланиш мақсадларини Осиё-Тинч океани минтақасида имплементация қилишда парламентнинг роли қандай?

2020 йил 28 июль куни “Барқарор ривожланиш мақсадларини Осиё-Тинч океани минтақасида имплементация қилишда COVID-19 кўрсатадиган таъсир: бунда парламентларнинг роли қандай бўлиши керак?” мавзусида халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди.

Ушбу онлайн анжуман Парламентлараро иттифоқ томонидан БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси – ЭСКАТО билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро иттифоқ раисининг ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Конференцияда таъкидланганидек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) инсониятни ҳимоя қилиш ва фаровонлигини оширишга қаратилган бўлиб, бу борада якдиллик билан саъй-ҳаракат қилиш учун ўзига хос чақириқ ҳисобланади. БРМнинг 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартиби янги дунё ҳақидаги дадил тасаввурдир. Унда ижтимоий ва сиёсий адолатга содиқ қолиш, ижтимоий ва сиёсий ҳисобдорликнинг янгича шаклларини қўллаб-қувватлаш сари имкон қадар кўпроқ интилишлар ўз мужассамини топган.


Тадбир иштирокчилари қабул қилинадиган қонунларни баҳолашнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш, парламент тараққиёти Барқарор ривожланиш мақсадларининг “ҳеч ким ортда қолмаслиги керак” принципига амал қилиши лозимлиги ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтдилар.

— Ўзбекистонда мустақиллик йилларида миллий парламент фаолияти соҳасида ибратли анъаналар тўпланди. БРМни амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асослар мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Бунда халқаро ва илғор хорижий тажрибалардан унумли фойдаланилмоқда, – дейди А. Саидов. – Қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, ўз навбатида, мамлакат ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш, фуқаролар ҳаёти фаровонлигини ошириш учун зарур бўлган парламент назоратини кучайтириш имконини бермоқда. Сўнгги уч йилда Олий Мажлис томонидан ижтимоий соҳада 30 дан зиёд қонун қабул қилинди. Хусусан, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”, “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”, “Касаба уюшмалари тўғрисида”, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласига киради.Парламентимиз томонидан 10 дан ортиқ халқаро шартнома, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та Конвенцияси ратификация қилинди.

Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг қатъий тарафдоридир. Мамлакатимизда 2017-2021 йиллар доирасида амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос тушади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Барқарор ривожланиш соҳасидаги 16 та Миллий мақсад ва шу мақсадлар билан боғлиқ равишда 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 127 та вазифа тасдиқлангани, ана шу Миллий мақсад ва вазифаларни имплементация қилиш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилингани йиғилиш иштирокчилари томонидан юксак баҳоланди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ шафелигида Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари Халқаро кодексини қабул қилиш ташаббусини илгари сургани эътироф этилди. Ушбу кодексда давлатларнинг ҳам ўз фуқаролари олдида, ҳам халқаро ҳамкорлар олдида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларидаги минимал мажбуриятлари белгиланиши кўзда тутилиши керак.

Қайд этилганидек, 2020 йил 22 июнда халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинди. Миллий стратегияни тайёрлашда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашнинг долзарб муаммоларини ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажриба таҳлили, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамалари, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижаларига таянилди.

Ҳозирги вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, шу мақсадда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга амал қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилмоқда.

Тадбирда жорий йилнинг 12-13 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини видеоконференция шаклида ўтказиш режалаштирилгани ҳам айтиб ўтилди. Бўлажак анжуман ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланади.

Форумнинг мақсади – ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришнинг халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларини такомиллаштиришга тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама қилишдан иборатдир.

Шунингдек, халқаро конференцияда Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

 


Кўришлар сони: 62

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.08.2020
Фракция аъзолари қандай такифларни илгари сурди?

2020 йил 4 август куни парламент қуйи палатасидаги ЎзМТДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб...

04.08.2020
Қонун лойиҳаси билан бюрократик талаблар бекор қилинмоқда

Фуқароларимиз узоқ йиллик меҳнатларидан сўнг пенсияга чиқиш учун ҳужжатларни тўплай бошлайди. Шу п...

04.08.2020
ЎзХДП фракциясининг айрим аъзолари баъзи қонун лойиҳаларига қатъий эътироз билдирди

Фракция аъзолари ҳозирги замонда архив ҳужжатларини рақамлаштириш жуда долзарб масала экани, давлат ...

Тадбирлар тақвими