Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Иқтисодий ислоҳотлар эътирофи

Иқтисодий ислоҳотлар эътирофи

“Битта корхона фаолиятини тўхтатишига ҳам “фавқулодда ҳолат” деб қаралиши керак. Чунки бу корхоналар қанчадан қанча иш ўринлари, мамлакат ва оилалар даромадини таъминламоқда...

Ҳозир синов даври... Тадбиркорларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, мушкулини осон қилиш ва барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳозирги пайтда ҳар доимгидан ҳам муҳим”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2021 йилда 6,6 фоизга ўсишини башорат қилмоқда

Дунё миқёсидаги иқтисодий фаолиятнинг қарийб барча жабҳалари у ёки бу шаклдаги коронавирус пандемиясининг салбий таъсирига дуч келди. Жаҳон бўйлаб халқаро савдо алоқалари ва таъминот занжирлари узилди, маҳсулот ва хизматларга талаб пасайди, молиявий бозорларда эса хатарлар кескин кўтарилди, ҳозир жаҳон бўйлаб миллионлаб одамлар ишсиздир.

Бундай инқироз ҳолатининг яна давом этиши эҳтимоли юқори, таассуфки, келажакда воқеаларнинг бу тусдаги салбий ривожи борган сари аён бўлиб бормоқда.

БМТ иқтисодчилари жорий йилда жаҳон иқтисодиёти сезиларли пасайишини башорат қилмоқда. CОVID-19 пандемияси ортидан дунё ке­йинги икки йил ичида қарийб 8,5 триллион доллар даромадни бой бериши кутилмоқда.

Пандемия туфайли 2020 йилда 34 миллиондан ортиқ одам қашшоқлик чегарасидан тушиб кетиши мумкин, бу кўрсаткичнинг ярмидан кўпроғи Африка мамлакатларига тўғри келади. Узоқ муддатли прогнозга кўра, 2030 йилга келиб ўта қашшоқликда яшайдиганлар сони яна 130 миллион кишига кўпаяди. Пандемия, айниқса, кам маошли, махсус маҳорат талаб қилмайдиган фаолиятга жалб қилинган одамларга жуда қаттиқ таъсир ўтказди. Натижада, БМТ маълумотларига кўра, дунёда бойлар ва камбағаллар, ҳудудлар ва мамлакатлар ўртасидаги даромадлар тафовути янада кенгаяди.

Жаҳон банки башоратига кўра, пандемия таъсирида Европа ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари иқтисодиёти 4,7 фоиз пасайиши мумкин. Жаҳон банки ушбу башоратни йилнинг иккинчи ярми бошида Европа ва Марказий Осиё ҳукуматлари томонидан жорий этилган чеклов чораларини босқичма-босқич бекор қилиш чора-тадбирларидан кутилаётган натижаларга асосланган. Пандемия таъсирини юмшатиш ҳамда савдо ва инвестицияларни тиклашни ўз ичига олган сценарийда 2021 йилда Европа ва Марказий Осиё иқтисодиётлари жонланиб, 3,6 фоиз ўсиши кутилмоқда.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар Жаҳон банки томонидан беэътибор қолмади. Унинг ҳисоботида Европа ва Марказий Осиёнинг 24 та давлатидан фақат Ўзбекистонда 2020 йил натижалари бўйича ЯИМ ўсиши, қолган давлатларда ёки “ноль” ҳолат, ёки пасайиш, айрим давлатларда эса ЯИМнинг кес­кин пасайиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, мазкур ҳисоботда келтирилган давлатлардан фақат иккитасида 2021 йилда кескин иқтисодий ўсиш кузатилиб (Ўзбекистон ва Албания), мамлакатимизда ЯИМ келгуси йилда 6,6 фоиз ўсиши башорат қилинмоқда.

CОVID-19 пандемияси натижасида Ўзбекистон ҳам иқтисодий қийинчиликларга дуч келди. Жорий йил март ойининг иккинчи ярмидан бошлаб мамлакатда иқтисодий фаоллик, ички ва ташқи талабнинг пасайиши кузатилмоқда. Иқтисодий ўсиш суръатларида асосий омил инвестициялар ва истеъмол фаоллигининг пасайиши бўлди. Шундай қилиб, 2020 йилнинг биринчи чорагида инвестициялар ҳажми 10,2 фоиз, чакана товар айланмаси ўсиш суръати эса 3,8 фоиз камайди. Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, ЯИМ ўсиш суръати 1,5-2,5 фоизгача пасаяди. Туризм, меҳмонхона бизнеси, халқаро транспорт, кўнгилочар, спорт ва эксклюзив хизматлар соҳаларида ўсиш суръатларининг сезиларли даражада камайиши кутилмоқда. Шу билан бирга, олтин нархининг кўтарилиши ва мева-сабзавот экспортининг ошиши давлат бюджети ва хўжалик юритувчи субъектларга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилаётган омиллар

Пандемия натижасида вужудга келган иқтисодий муаммоларнинг олдини олишга жиддий ёндашув ва ўз вақтида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар иқтисодий кўрсаткичларимизнинг “ноль” нуқтадан пастга тушишига йўл қўймади. Оқибатларни келтириб чиқарувчи омилларга қарши кўрилган кескин чоралар аҳоли ва иқтисодиёт субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга замин ҳозирлади. Жумладан, солиқ ва кредит таътиллари берилиши, солиқ имтиёзлари тақдим этилиши, кредитларнинг қайтарилиш муддатлари узайтирилиши, давлат мулки ижараси бекор қилиниши, аҳолининг кам таъминланган қисмини ҳимоя қилиш доираси кенгайтирилиши каби чора-тадбирларни санаб ўтиш мумкин. Шунингдек, яшил ҳудудларда амалга оширилган қатъий чора-тадбирлар ва эҳтиёткорлик асосида иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини қайта тиклашга эътибор қаратилди.

Бизнингча, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиётидаги бу каби ижобий ўзгаришнинг асосий омили сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

туризмни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган чора-тадбирлар. Ҳаттоки, мамлакатимиз ҳудудида вирус юқтириб олган сайёҳларга молиявий компенсация тарзида 3 минг АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатилишини белгиланиши. Зотан, Жаҳон банки ушбу йўналиш кўплаб мамлакатларда тикланиши қийин кечишини таъкидлаган;

аҳолини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш тадбирларини тадбиркорлик субъектлари амалга оширган тақдирда, уларга солиқ енгилликларини беришни жорий этилганлиги. Мазкур ҳолат аҳолининг даромадлари сақлаб қолинишига хизмат қилиши мумкин;

 

макроиқтисодий барқарорлаштириш сиёсатини шакллантиришда туман (шаҳар), вилоят кесимида ёндашув ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилганлиги. Бунда ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий ихтисослашувига эътибор беришнинг шаклланаётганлиги ва истиқболда унга жиддий ёндашув мавжудлиги билан изоҳланади.

Пандемияга қарши жорий этилган карантин чекловлари доирасида ҳудудлар “қизил”, “сариқ”, “яшил” тарзида баҳоланиши жорий этилиши муҳим аҳамият касб этди. Бундай табақалаштириш вирус аниқланмаган ҳудудларда иқтисодий ҳаракатсизликнинг мавжуд эмаслиги билан асосланади. Бошқача айтганда, “яшил” ҳудудда иқтисодий фаолиятни амалга оширишга рухсат берилади.

Албатта, Жаҳон банки томонидан бугунги пандемия натижасида келиб чиққан инқироз шароитида дунёнинг етакчи давлатлари иқтисодий жиҳатдан борган сари “оқсаётган” бир пайтда мамлакатимиз иқтисодий истиқболининг бундай ижобий баҳоланиши барчамиз учун қувонарли.

Мазкур иқтисодий ҳаракатсизлик инқирози натижасида ривожланаётган мамлакатларда давлат ташқи қарзи ошиши вужудга келди. Ушбу тенденция 2009 йилдагига нисбатан бир неча баробар юқоридир. Мазкур жараёнда Ўзбекистон ҳам ташқи қарзни жалб этишга тўғри келиши, мамлакатимизда давлат қарзини бошқаришга нисбатан ёндашувга шубҳаларни кучайтирди. Лекин, бизнингча, бундай қараш тор ёндашувни акс эттиради. Сабаби, 2020 йилнинг бошланишига қадар Ўзбекистон давлат қарзи ЯИМга нисбатан 27 фоиз атрофида эди, пандемия натижасида жалб этилган маблағлар 1-2 фоиз атрофида бўлиши қарзнинг ушбу миқдорда ошишига олиб келди. Умумий ҳисобда 2020 йил июнь ҳолатига 31 фоиз атрофида бўлмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг ҳисоб-китоби ва Халқаро валюта жамғармаси тавсиясига кўра, Ўзбекистонда давлат қарзи ЯИМга нисбатан 50 фоизгача даражада жалб қилиниши ижобий деб баҳоланиши маълум қилинган. Шу боис, ушбу тенденция кескинлик касб этади, деб ўйламаймиз.

Иқтисодий тикланиш ва иқтисодий зиддиятлар

Кўпчиликда иқтисодий тикланиш учун қанча муддат зарур бўлади, деган саволлар туғилиши табиий. Прогнозларга кўра, тармоқлар ва соҳаларга қараб иқтисодий тикланиш учун ўртача 3-12 ой керак бўлади. Туризм, хизматлар ва чакана савдо ҳамда йўловчи ташиш соҳаларида иқтисодий фаоллик нисбатан секин тикланиши кутилмоқда. Электротехника ва енгил саноат, қурилиш материаллари саноати, қурилиш ишлари, молиявий ва тиббий хизматлар соҳаларида иқтисодий фаолликнинг тезроқ (ўртача даври 2-3 ой) тикланиши аниқланган.

Мамлакатимизнинг Жаҳон банки эътирофига сабабчи бўлган иқтисодий омилларига эътибор қаратишимиз ва келгусида пандемия ҳамда иқтисодий инқироз шароитларида ислоҳотлар жараёнларини янада чуқурлаштириш йўналишларини белгилаб олишимиз лозим, деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатимизда пандемиянинг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига дастлабки босқичлардаёқ катта эътибор қаратилди, саноат корхоналари, тадбиркорлар ва экспортёрларга аниқ ва самарали чоралар белгилаб берилди, иқтисодиётда ҳисоб-китоб қилинаётган йўқотишлар ўрнини қоплаш учун захира яратиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳукуматнинг асосий вазифаси сифатида белгиланди.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Президентимизнинг коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Унга асосан, 10 триллион сўм ҳажмдаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилди. Иқтисодиётга коронавирус таъсири энг юқори бўлган тармоқларга солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланди. Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоиз камайтирилди. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб берилиши белгиланди.

Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинди ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилди. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмаслиги, халқаро савдодаги вазиятни инобатга олиб, экспорт-импорт бўйича кечиктирилган қарздорликка жарима қўлламаслик, “яшил йўлак”лардан маҳсулот ўтказишни кўпайтириш, юк ташишда юзага келаётган масалаларни оператив ҳал этиш белгилаб қўйилди.

Бизнес вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда, уларга яна қўшимча енгилликлар берилди — 1 октябрга қадар тадбиркорларнинг фойдаланилмаётган объектларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари бекор қилинди, коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган корхоналар банкрот деб эълон қилинмай, карантин муддати давомида тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган 3 минг 600 дан ортиқ давлат мулки объекти бўйича ижара ҳақларини ундириш тўхтатилди.

Шунингдек, барча лойиҳалар доирасида инвестициявий мажбуриятларни бажариш муддатлари 6 ойга узайтирилди. Бундан ташқари, карантин даврида тадбиркорларнинг ҳисоб рақамини тўхтатиб қўйиш тақиқланди, аҳолига товарларни етказиб бериш ҳамда ташиш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби бекор қилинди. Янги иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди — Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди.

Пандемия натижасида келиб чиққан иқтисодий инқироз шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди. Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоиз камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати кечиктирилди, юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилди.

Тадбиркор олган кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда унинг 12 фоизини давлат қоплаши, бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилиши, интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик бериши белгиланди. Қийин аҳволдаги корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилди.

Шунингдек, қишлоқларда кўп иш жойларини ташкил этиб, энди оёққа тураётган пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари йўлга қўйилди, уларнинг 2019 йилда пахта етиштириш учун олган кредитларини қайтариш муддати узайтирилди.

Таъкидлаш жоизки, карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 28 мингдан зиёд ҳунармандга 50 миллион доллар маблағ ажратилди, 12,5 мингта лойиҳа доирасида ҳунармандлар 75 мингдан ортиқ янги шогирд тайёрлади, уларнинг ташаббуслари пандемия вақтида аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.

Мамлакатимизда битта корхона фаолияти тўхталишига ҳам “фавқулодда ҳолат” деб қаралиши натижасида иш ўринлари ва оилалар даромади сақлаб қолинишига эришилди. Айниқса, ялпи ички маҳсулотнинг асосий қисми ва аҳоли бандлигини таъминлайдиган 2 мингдан ортиқ йирик корхона фаолиятини умуман тўхтамаслигига эришилди.

Шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишига қўшимча 3,6 триллион сўм ажратилди. Бу маблағлар, энг аввало, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилди. Хусусан, 152 та лойиҳанинг муаммолари ҳал қилиниб, 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Қолаверса, аҳоли ихтиёрида мавжуд 4,5 миллионта томорқа хўжалигидан одамларга қўшимча даромад, халқимизга ризқ-рўз манбаи сифатида фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш, хонадонларда ихчам иссиқхоналар қуриш биринчи даражали вазифа сифатида белгиланди, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 1-2 сотихли иссиқхоналар ташкил этилди, 233 та қудуқ қазилиб, 4,5 мингдан ортиқ хонадоннинг сув таъминоти яхшиланди.

Қишлоқ хўжалигида кооперативлар ташкил этилиб, улар учун 50 миллиард сўм ажратилди, кооперативга аъзо бўлган ишсиз фуқароларга маҳсулот етиштириш харажатлари учун 24 миллиард сўм субсидия ажратилди, кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга мевали кўчатлар, сабзавот уруғлари ва бошқа моддий ресурслар етказиб берилди, томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш йўлга қўйилди.

Шунингдек, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 19,5 триллион сўмлик кредит қарзларини тўлаш муддати кечиктирилди, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўхтаб қолмаслиги учун банклар орқали 30 триллион сўм айланма маблағлар ажратилиши йўлга қўйилди.

Жалб этилаётган молиявий ресурслар аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни ишга туширишга йўналтирилмоқда

Мамлакатимизда пандемия шароитида халқаро молия институтлари маблағларини жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, жорий йилда халқаро ва хорижий молия инс­титутлари томонидан йўналтирилган 2,7 миллиард долларни ўзлаштириш режалаштирилган. Уларнинг асосий қисми Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳиссасига тўғри келади. Пандемия шароитида тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашнинг ўзига 700 миллион доллар ­йўналтирилмоқда.

Жаҳон банкининг эътирофига сабабчи бўлган омиллардан яна бири сифатида мамлакатимизда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати фаолияти йўлга қўйилишини кўрсатиш жоиз, деб ҳисоблаймиз. Яъни мазкур ҳаракат доирасида пандемия шароитида янги иш ўринлари ташкил этиб, кам таъминланган аҳоли қатламларини иш билан таъминлаган ва уларга моддий кўмак берган тадбиркорларга уларнинг харажатлари солиқ ва кредит имтиёзлари тақдим этиш, инвестициялар йўналтириш ёки бошқа имтиёзлар бериш орқали тўлаб бериш амалиёти жорий этилди.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда пандемия шароитидаги иқтисодий инқироз ҳолатида ҳам ижтимоий-иқтисодий барқарорликни сақлаб туриш ва келгусидаги иқтисодий ўсишни таъминлаш учун турли йўналишларда тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишларни шартли равишда қуйидагича ифодаланмоқда:

биринчи — иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш;

иккинчи — камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш;

учинчи — банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш;

тўртинчи — тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш;

бешинчи — экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш;

олтинчи — саноатда рақобатбардошликни кучайтириш;

еттинчи — кичик бизнесни ривожлантириш;

саккизинчи — рақамли технологияларни кенг жорий қилиш.

Иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш ва ижтимоий фаровонликни таъминлаш омиллари

 

Аҳоли бандлиги ва даромадлилигини таъминлашда хусусий бизнес имкониятларидан самарали фойдаланишда уларнинг реал лойиҳаларини кредитлашнинг мақбул ечимларини таклиф этиш муҳим масала ҳисобланади.

Иқтисодиёт тармоқларида, умуман, барча соҳаларда илм-фан ютуқлари ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини ошириш харажатларни минималлаштириш ва нархларнинг пасайишига хизмат қилиши, шубҳасиз. Айни жараёнда интернет сифати ва тезлигини ошириш муҳим масаладир.

Бу ўринда Сингапур мўжизаси асосчиси Ли Куан Юнинг қуйидаги фикрларини эслаб ўтиш ўринлидир: “Мен Сингапурда мўъжиза яратмадим. Мен бор-йўғи ватаним олдидаги бурчимни бажардим. Давлат маблағларини таълим томон йўналтирдим. Муаллимлар даражасини бечораҳолликдан энг баланд табақага кўтардим. Мўъжизани муаллимлар яратди. Улар биз учун илм ва ахлоқни севадиган авлодни бино қилишди”.

Илм-фанга асосланган ҳаракатларимиз тайёр истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда катта ютуқлар беради. Сир эмаски, бой ресурсларга эга бўлсак-да, экспортимиз асосан хомашё билан боғланиб қолган. Бу хомашё асосида ишлаб чиқилган маҳсулотларни тайёр маҳсулот сифатида қайта сотиб олишимиз натижасида иқтисодий йўқотишларга дуч келаётганимиз ҳам бор гап.

Малакали кадрлар, шижоатли ёшларда мослашувчанлик кўникмалари шаклланган бўлади. Бу борада иш берувчилар ва мутахассис тайёрловчилар ўртасида мустаҳкам ҳамкорликнинг янги йўналишларида иш олиб боришимиз лозим. Ҳар бир иш берувчи инсон ресурсларидан фойдаланишнинг стратегик режасига эга бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, иқтисодиётнинг давлат секторида шаффофликни таъминлаш тартибини жорий этиш зарурати мавжуд. Бу борада давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенсни жорий этиш, рақобатни ривожлантириш борасида мутлақо янги тизим яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Комплаенсни бошқариш тизими компаниянинг хавфсиз бизнес ҳамкор сифатидаги ишончлилигини мустаҳкамлаш, бозордаги бошқа хўжалик субъектларига нисбатан рақобатбардошлилигини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистонда монополияга қарши комплаенсни жорий этишни самарали ташкил этиш бўйича бир қатор ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Жумладан, монополияга қарши комплаенснинг ташқи ҳужжатлари намуналари ишлаб чиқилиши, корхоналарнинг бу тизим жорий этилишдан оладиган самараси, мумкин бўлса, имтиёзлари кенг тарғиб қилиниши зарур. Бундан ташқари, давлат улуши юқори бўлган корхоналар, хусусан, табиий монополия субъектлари кесимида комплаенсни жорий этиш босқичлари белгиланиши лозим. Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари кузатув кенгашлари таркибида комплаенс ва рискларни бошқариш қўмитасини ташкил этиш даркор. Кадрлар таъминоти муаммосини бартараф этиш учун бу йўналиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ходимлар малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш керак.

 

Хулоса ўрнида айтиш керакки, малакатимизда амалга оширилаётган ва кўрилаётган чора-тадбирлар фақатгина пандемия шароитида иқтисодиётни сақлаб қолишга қаратилиб қолмасдан, энг катта бойлигимиз — аҳолини хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш, уларнинг муносиб турмушини таъминлаш ва узоқ истиқболда ривожланишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли. Албатта, коронавирус пандемияси бутун дунё учун катта синов бўлмоқда. Вужудга келган глобал инқироз барча мамлакатлар иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатяпти. Жаҳон банкининг прогнози бўйича 2020 йилда ялпи глобал маҳсулот 5,2 фоиз, АҚШда ялпи ички маҳсулот 6,1 фоиз, Россияда 6 фоиз, Европа Иттифоқида 9,1 фоиз тушиши кутилмоқда. Ушбу тушишлар фонида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда 1,5 фоиз иқтисодий ўсишни башорат қилиниши, фикримизча, улкан эътирофдир!

Лекин бу башоратни рўёбга чиқиши, аввало, юртимизда пандемиянинг кейинги “тўлқинлари” рўй беришига йўл қўйилмаслигига ва бунинг натижаси бўлган ишчанлик муҳитининг пасайиб кетмаслиги билан бирга, ташқи омилларга — геосиёсий турбулентликнинг вужудга келмаслиги ва ҳамкор давлатларимиз иқтисодининг кескин тушиб кетмаслиги билан боғлиқ. Шунинг учун бугунги ҳолат ҳар биримиздан сергакликни, ўта масъулиятни ва юқори яратувчанликни талаб этмоқда.


Одилжон ИМИНОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

иқтисод фанлари доктори, профессор


Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисод фанлари доктори, профессор

 



Кўришлар сони: 184

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими