Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Хоразм вилоятида пандемия даврида олиб борилаётган ишлар ҳолати депутатлар эътиборида

Хоразм вилоятида пандемия даврида олиб борилаётган ишлар ҳолати депутатлар эътиборида

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисодиёт тармоқлари фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа этиб белгиланди. Ушбу вазифалар давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорларида ўз аксини топди.

Мазкур ҳужжатларнинг жойлардаги ижро ҳолати қандай? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари ҳудудларда айни шу масалаларни ўрганди. Хусусан, жорий йилнинг 15-25 июнь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А.Ҳаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида бўлиб, пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга берилаётган имтиёзлар ва енгилликлар ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш юзасидан олиб борилаётган ишларни таҳлил қилди.

2020 йил 29 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг видеоконференция тарзида ташкил этилган йиғилишида депутатларнинг Хоразм вилоятида олиб борган ўрганиши натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбирда вилоят ҳокими, секторлар раҳбарлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари масофадан онлайн тарзда иштирок этдилар.


Тадбир аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов коронавирус пандемияси шароитида унинг оқибатларини бартараф этиш, мамлакатда ишчанлик муҳити барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли чоралар жойларда ўз натижаларини бераётганини таъкидлаб ўтди.   

Қайд этилганидек, Ишчи гуруҳи аъзолари жами 390 та объектда, жумладан, “темир дафтар”га киритилган 214 та хонадон, 13 та деҳқон бозорлари, 32 та савдо комплекси ва дўконлари, 27 та ижтимоий соҳа объектлари ҳамда 104 та тадбиркорлик субъектларида бўлиб, аҳоли ва тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва енгилликлардан қандай фойдаланилаётганлиги, карантин талабларига риоя этилиш ҳолати билан бевосита танишиб, суҳбатлар ўтказишди.

Вилоят тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолини қўллаб қувватлаш мақсадида жорий йил 15 мартдан 1 июнга қадар бўлган даврда 2561 та тадбиркорлик субъектларининг турли лойиҳаларини молиялаштиришга 725,3 млрд. сўм ҳамда 7 314 нафар жисмоний шахсларнинг истеъмол эҳтиёжлари учун 56,0 млрд. сўмлик микроқарз ва онлайн тарзидаги бошқа кредитлар ажратилган.

Бугунги кунгача 6 636 та тадбиркорлик субъектларининг 631,3 млрд. сўм, 148 565 нафар жисмоний шахсларнинг 345,3 млрд.сўмлик кредитлар муддатлари 6 ойгача узайтириб берилган.

Хоразмда камбағалликни қисқартириш юзасидан ҳам амалий ҳаракатларга қўл урилган. Вилоятда 519 та маҳаллада 508 мингта оила истиқомат қилади. Шундан камбағал оилалар 11920 тани ташкил қилади. Уларга жорий йилнинг 15 июнь санасига қадар 16 млрд. 946 млн. 100 минг сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилган.

Коронавирус инфекцияси билан зарарланган беморлар билан фаолият олиб бораётган 223 нафар ходимга ҳар 14 кунлик даври учун махсус қўшимча тўлов, инфекция тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган 1556 нафар тиббиёт ва бошқа ходимларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловларнинг тўланиши учун жами 12,5 млрд. сўм маблағлар ажратилган.

Ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Хоразм вилоятида амалга оширилаётган кўплаб ижобий ишлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳамда эътибордан четда қолаётган ва фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кузатилди.

Масалан, республика бўйича кичик саноат зоналари ташкил этиш учун 400 млрд. сўм ажратилиши белгиланган бўлиб, Янгибозор туманида ташкил этиш режалаштирилган янги кичик саноат зонасида ушбу маблағдан тегишлича фойдаланиш чоралари кўрилмаган.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича айрим секторларда чора-тадбирлар пухта ўрганилмаганлиги маълум бўлди. Хусусан, айрим оилаларда даромад манбалари етарли бўлмаса-да, тегишли ёрдамлар кўрсатилмаган.


Гурлан туманида жойлашган Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти Хоразм вилояти илмий тажриба станцияси тасарруфидаги 91,7 га ер майдонидан мақсадсиз фойдаланиб келинаётганлиги, ҳосилдорлик оддий деҳқон хўжаликларига нисбатан пастлиги, янги навлар яратиш, ҳосилдорликни ошириш бўйича тажрибалар ўтказилмаётганлиги маълум бўлди. Бу ўз навбатида бор имкониятлардан фойдаланишга етарлича эътибор қаратилмаётганини кўрсатади.

Кенгаш йиғилишида Хоразм вилояти секторлари раҳбарларининг ҳам ахборотлари эшитилди. Хусусан, Хоразм вилояти прокурорининг таъкидлашича, вилоятда секторларга бўлинган ҳолда иш олиб борилиши бугун ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Бу айниқса, жойларда Президент қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришда яққол кўзга ташланмоқда.

Мухокамалар давомида ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан депутатлар томонидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Йиғилиш якунида Олий мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 258

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими