Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутатлар Бухоро вилоятида пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган вазифалар ижросини ўргандилар

Депутатлар Бухоро вилоятида пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган вазифалар ижросини ўргандилар

Бутун дунёни ларзага солган коронавирус инфекцияси бугун нафақат инсонлар саломатлиги балки, жаҳон мамлакатлари иқтисодиётига ҳам катта зарба берди. Пандемия туфайли жорий этилган карантин чоралари туфайли жаҳондаги йирик компаниялар, ишлаб чиқариш қувватлари ўз фаолиятини қисқартиришига, айрим ҳолларда эса тўхтатишига тўғри келди. Бу ўз навбатида кўплаб соҳаларда турғунликни ва хатто орқага кетишни келтириб чиқарди.

Ўзбекистонда пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш, тадбиркорлик субъектларига зарур шарт-шароитлар яратиш, солиқ ва бошқа йўналишларда имтиёз ва енгилликлар бериш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш ва фуқароларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўриш орқали иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳаларнинг барқарор ҳаракатига туртки берилмоқда. Бу вазифалар давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорларида ўз аксини топди.


Ушбу ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳлари томонидан ўрганилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.

Шу кунларда парламент қуйи палатаси Кенгаши йиғилишларида депутатларнинг мазкур ўрганишлари натижалари атрофлича кўриб чиқилмоқда.

Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2020 йил 30 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Бухоро вилоятида ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди. Видеоконференция шаклида ўтган тадбирда Бухоро вилояти ҳокими, секторлар ва ижро органлари раҳбарлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари масофадан онлайн тарзда иштирок этишди.

Даставвал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ҳозирги шароитда мамлакат ҳудудларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида секторлар фаолиятининг аҳамиятига тўхталиб, ҳар бир раҳбар ҳар қачонгидан кўра икки карра масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда фаолият юритиши, бу жараёнда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам фаоллик кўрсатиши лозимлигига эътибор қаратди.

Ишчи гуруҳи вакилининг қайд этишича, Бухоро вилоятида коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кечиктириб бўлмайдиган вазифалар ижросига устувор аҳамият қаратилиб, алоҳида назоратга олинган.

Ўрганиш давомида вилоятда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қийнаб келаётган бир қанча масалалар ишчи гуруҳ томонидан тегишли мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ҳал этилган ҳамда таклиф ва тавсиялар берилган.

Бугунги кунда вилоятда тижорат банклари томонидан жами 93 272 та фуқаро ва тадбиркорларнинг 1 525,0 млрд. сўмлик кредитлари муддатлари узайтирилган. Бухоро сайёҳлик борасида юқори салоҳиятга эга. Ўз-ўзидан аён бўладики, бугунги шароитда мазкур соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш зарур. Шу маънода 2020 йил 1 апрелидан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар, меҳмонхоналар ер ва мол-мулк солиғидан озод қилиниши, ижтимоий тўлов ставкасини амалдаги 12% дан 1% га туширилиши ҳисобига Бухоро шаҳаридаги 327 та меҳмонхона ва 77 та туроператор ихтиёрида жами 3,3 млрд.сўм маблағ қолдирилмоқда.


Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят бўйича 11,8 минг оилага (36,8 минг нафар фуқаро) саховат кўрсатиш белгилаб олиниб, бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари узлуксиз етказиб берилмоқда, 12442 нафар (42,7 фоиз) кам таъминланган фуқароларнинг бандлиги таъминланган.

Карантин даврида ишсиз ва вақтинча ишини йўқотган ва ишсиз 858 нафар фуқарога март - май ойларида 437,3 млн. сўм ишсизлик нафақаси тайинланган.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ижобий ишлар билан биргаликда ўз ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Жумладан 2020 йил 1 апрель ва 1 июндан бошлаб 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сонини 10 фоиздан ошириш белгиланган бўлсада Бухорода вилоятида бундай турдаги нафақа олувчи оилалар сони 7.5% ошган.

Бундан ташқари, барчага намуна бўлиши зарур бўлган тиббиёт муассасаларининг ўзида карантин талабаларини бажаришда сусткашликка йўл қўйилган. Жумладан, Ромитан, Қоракўл тиббиёт бирлашмаларида тиббиёт ҳодимлари тиббий қўлқопларсиз муолажалар ўтказмоқда, айримлари тиббий ниқобсиз юрганлиги, шунингдек, тиббиёт муассасаларида фуқароларнинг ижтимоий масофани сақлаш масалалари эътибордан четда қолмоқда.

Карантин тадбирларига жалб этилган ходимларга қўшимча тўловлар тўлашда ҳам айрим муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди.

Йиғилишда вилоятдаги секторлар раҳбарлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари муҳокама этилган масалалар юзасидан қўшимча маълумотлар бериб ўтдилар.

Қонунчилик палатаси Кенгаши йиғилишида пандемия шароитида ишларни янада самарали ташкил этиш, секторлар, бошқа мутасадди ташкилотлар масъулиятини кучайтириш, муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

Ишчи гуруҳи аъзоларига қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ўрганиш давомида вилоятда аниқланган, республика даражасида ҳал этиладиган муаммоли масалалар бўйича тегишли вазирлик ва идораларга парламент ва депутатлик сўровларини юбориш ҳамда “Ҳукумат соат”ларини ўтказиш бўйича таклифлар тайёрлаш тавсия қилинди.

Бухоро вилоятида ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокамаси якуни бўйича Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 209

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими