Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутатлар пандемия шароитида Жиззах вилоятидаги ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилдилар

Депутатлар пандемия шароитида Жиззах вилоятидаги ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилдилар

Бугунги кунда бутун дунё ҳамжамияти коронавирус пандемияси туфайли катта синовни бошидан кечирмоқда. Ушбу касалликдан юзлаб-минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмаётгани, айрим ривожланган давлатлар коронавирус пандемияси туфайли саросимага тушиб қолаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари пандемия оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилди. Мазкур ҳужжатларда аҳолига ҳар томонлама ёрдам бериш, эҳтиёжманд оилаларни қийин вазиятда қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга турли имтиёз ва енгилликлар бериш ўта долзарб вазифалар сифатида белгиланди.

Жорий йилнинг 15-20 июнь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алиханов бошчилигидаги парламент қуйи палатаси депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида бўлиб, жойлардаги ислоҳотлар жараёнлари, ҳудудда келгусидаги амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳамда пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўргандилар.

2020 йил 29 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилишида ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятидаги ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди.


Йиғилишда Жиззах вилояти ҳокими ва секторлар раҳбарлари онлайн тарзда масофадан иштирок этдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов таъкидлашича, депутатлик корпусининг ҳудудлардаги ўрганиш якунларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, халқимиз, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари Президентимизнинг аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтириш йўлидаги сиёсатини ҳар томонлама, якдиллик билан қўллаб-қувватламоқдалар.

Ўрганишда аввало, коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича берилаётган имтиёзлар ва енгилликларнинг қўлланилиши, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлиги таъминланиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида этибор қаратилди.

Хусусан, берилган имтиёзларга асосан Жиззах вилояти бўйича 2020 йил 1 май ҳолатига 179 та хўжалик юритувчи субъектнинг ташқи савдо операциялари бўйича 64,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари бўйича жарима қўллаш муддати келган 130 та субъектга (53,9 млн. АҚШ доллари) муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари учун 269,9 млрд.сўмлик жарималар қўллаш тўхтатилган.

2020 йил 1 июндан 1 сентябргача бўлган даврда кичик тадбиркорлик субъектлари мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод этилиши ҳисобига жами 8,3 млрд.сўм тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилган. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларнинг 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол-мулк солиғи жами 3,4 млрд.сўмлик ҳосил бўлган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган.

Эътиборлиси, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида асосий даромад манбаларини йўқотган шахсларни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож катламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлашни таъминлаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилган.

Хусусан, Жиззах вилояти бўйича 1 июнь ҳолатига жами нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар 42 889 та бўлиб, уларга январь-май ойларида 61 284,7 млн.сўмлик нафақа ва моддий ёрдам пуллари тўланган. Шундан, апрель-июнь ойларида муддати тугайдиган нафақаларни танаффуссиз давом эттириш бўйича 14 ёшгача болалари бўлган 6 738 нафар, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар бола парваришлаш учун 3 237 нафар онага ва 1 975 нафар кам таъминланган оилаларга жами 8 307,5 млн.сўмлик қўшимча маблағлар тўлаб берилган.

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар натижасида Зафаробод туманидаги “HUAXIN CEMENT JIZZAKH” МЧЖ Хитой билан ҳамкорликда қуввати йилига 1,5 млн. тонна юқори сифатли цемент маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонани бунёд этиш жадаллик билан олиб борилмоқда.

Мирзачўл туманидаги “Мирзачўл текстиль” МЧЖ имтиёзлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда корхонада жинси материалларидан шим, комбинезон ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариб, йилига 1,5 млн АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда.

Ўрганиш жараёнида бир нечта эҳтиёжманд оилалар берилган имтиёзлардан тўғри фойдаланиши ҳисобига камбағалликдан чиқарилганлиги аниқланди. Ана шундай фуқаролардан бири Зафаробод туманидаги Оҳунбобоев қишлоғида яшовчи Гулноза Бурхонова 11 млн.сўмлик имтиёзли кредит ҳисобига қуёнчиликни ривожлантириш йўналишида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган бўлиб, қуён гўштини сотиши орқали оилавий даромадини кўпайтиришга эришган.

Ҳозирги кунда вилоятда қатор ютуқларга эришилган бўлсада, ўрганишлар давомида аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш борасида секторлар томонидан айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳам аниқланди. Жумладан, Дўстлик туманида ташкил этилган технопарк фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган. Технопарк жойлашган ҳудуднинг санитар-гигиена ҳолати ачинарли тус олган.

Жиззах шаҳридаги “ADM JIZZAKH” МЧЖнинг “Енгил автомбиллар ишлаб чиқариш” лойиҳаси жорий йилнинг октябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда лойиҳа ташаббускорлари томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Аммо корхонани муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш масаласи ҳал этилмаган.

Тадбиркорлар яратилаётган имкониятлардан фойдалана олмаётгани, яъни банкдан кредит ажратишда муаммолар сабабли шифер ишлаб чиқаришга ихтисослашган Зарбдор туманидаги “BO`STON STROY SHIFER” МЧЖ ҳозирда ўз фаолиятини тўхтатган.

Ғаллаорол туманидаги “Калий фосфат” МЧЖ томонидан калий сульфат маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлсада, корхонага олиб борувчи йўл инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги тадбиркорнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Кенгаш йиғилишида ўрганишлар жараёнида аниқланган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли сектор раҳбарларига таклиф ва тавсиялар берилди.

Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилиш якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 278

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими