Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Қонунчилик палатаси ишчи гуруҳи Сирдарёда ўрганишлар ўтказди. Хулосалар қандай?

Қонунчилик палатаси ишчи гуруҳи Сирдарёда ўрганишлар ўтказди. Хулосалар қандай?

Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, коронавирус пандемияси дунё иқтисодиётига катта зарар етказиши кутилмоқда. Ҳамма жойда савдо алоқалари, кўплаб хизматлар тўхтаб қолган. Мамлакатимизда ушбу инқирознинг иқтисодиётга кескин салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари қабул қилиниб, бизнес тузилмаларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилди. Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ишсиз фуқароларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларга кўмак бериш, бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Бу жараёнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам фаол иштирок этиб, парламент қуйи палатаси Кенгаши қарорига асосан тузилган ишчи гуруҳлар худудларда ўрганишлар ўтказди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Борий Алихонов бошчилигидаги депутатлардан таркиб топган ишчи гуруҳ томонидан 2020 йил 15-19 июнь кунлари Сирдарё вилоятида аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан олиб борган ўрганишлар натижалари парламент қуйи палатаси Кенгашида муҳокама қилинди.

Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокими ва секторлар раҳбарлари онлайн тарзда масофадан иштирок этдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Ўзбекистон халқининг давлат идоралари ҳаракатларига ишончи ва эпидемия пайтида фуқароларнинг масъулиятли хатти-ҳаракатлари воқеаларнинг фожеали ривожланиши олдини олишнинг асосий сабаби экани, халқимиз яна бир бор ўзининг юксак иродасини, ақл-идрокини ва бирдамлигини намойиш этганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Йиғилишда таъкидланганидек, вилоят аҳолиси аввалига коронавирус пандемияси, сўнг май ойидан бери катта синовларни бошидан кечираётган бўлса-да, ўрганишлар жараёнида бу даврда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари қўллаб-қувватлаш бўйича ўз вақтида қабул қилинган Фармон ва қарорлари ҳудудларда йирик корхоналар фаолиятидан тортиб оддий аҳолининг кундалик турмуш шароитигача ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Ишчи гуруҳи аъзолари вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиб, тадбиркорлик субъектлари билан бевосита мулоқотлар ўтказган ҳолда уларга ҳозирги шароитда яратилган имкониятлардан қанчалик фойдаланаётганлари, олдиларида турган муаммолар билан қизиқдилар. Ана шу мулоқотлар чоғида кўтарилган масалаларни иложи борича жойида ҳал қилиш юзасидан амалий чоралар кўрилди. Шу билан бирга парламент қуйи палатаси аъзолари худудда вазирлик ва идоралар, шунингдек, секторлар раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан ҳам танишдилар.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, кичик бизнес вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар келгуси уч ой давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этилган. Хусусан, 52 та тадбиркорлик субъекти жами 2,2 миллиард сўмлик ер солиғини, 41 та тадбиркорлик субъекти жами 3,1 миллиард сўмлик мол-мулк солиғини, 6 та тадбиркорлик субъекти 37 миллион сўмлик айланмадан олинадиган солиғини ҳамда 7 та тадбиркорлик субъекти 65 миллион сўмлик ижтимоий солиқларни тўлашлари 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврга кечиктирилган. Шунингдек, вилоятда 4,1 миллиард сўмлик кредитларнинг 918 миллион сўми жорий йилнинг 1 октябрига қадар 6 ой муддатга узайтирилган, жумладан 65 мингта жисмоний шахснинг 1,3 миллиард сўмлик кредитларининг 260 миллион сўмининг тўлов муддатлари узайтирилган.

Вилоятда 13 343 та камбағал оилада мавжуд бўлиб, бу жами аҳолининг 5,8 фоизини ташкил этади. Ишчи гуруҳининг ўрганишлари мобайнида 580 та ҳолатда 1 миллиард 377 миллион сўм пенсия ишлари бўйича ортиқча тўлов қарздорлиги ҳисобдан чиқарилгани ойдинлашди. Шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлиши учун кўрилаётган чоралар туфайли 4 829 минг нафари (36%) иш билан таъминланган бўлиб, қолган 9068 нафарини йил якунига қадар ойма-ой ишга жойлаштириш белгиланган.

Йиғилишда таъкидланганидек, албатта, иш бор жойда камчилик ҳам бўлиши табиий. Шу маънода, ўрганишлар чоғида мамлакат раҳбарининг Фармон ва қарорлари билан берилаётган имтиёз ва енгилликлар ҳамма ерда ҳам бирдай жорий этилмаётгани, аҳолини ижтимоий ҳимоялашда баъзи ҳудудларда камчиликларга йўл қўйилаётгани, мазкур йўналишларда мутасаддилар, хусусан, секторлар ишида ҳам эътибор қаратилиши лозим бўлган муайян ишлар мавжудлиги маълум бўлди.

Тадбиркорлар билан ўтказилган юзма-юз мулоқотларда уларнинг аксарияти Президент фармон ва қарорларига биноан берилаётган имтиёз ва енгилликлардан бехабар экани аниқланди. Шунингдек, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан етарли тарғибот ишлари олиб борилмагани сабабли ажратилган субсидия миқдорлари мавжуд имкониятга нисбатан анча пастлигича қолмоқда.

Кенгаш йиғилишида давлат раҳбари фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш орқали мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан қатор тавсиялар билдирилди.    

Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокими ва секторлари раҳбарлари аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Видеоконференция тарзида ўтказилган, қизғин бахслар ва амалий таклифларга бўй бўлган йиғилиш якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 179

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими