Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Президент фармон ва қарорлари ижросининг жойлардаги ҳолати депутатлар диққат марказида

Президент фармон ва қарорлари ижросининг жойлардаги ҳолати депутатлар диққат марказида

Бутун дунёни ташвишга солаётган пандемия шароитида Президентимиз мамлакатда ижтимоий барқарорликни сақлаш мақсадида бир неча муҳим қарор ва фармонлар қабул қилди. Ушбу ҳужжатларда аҳолига ҳар томонлама ёрдам бериш, эҳтиёжманд оилаларни қийин вазиятда қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга турли имтиёз ва енгилликлар бериш ўта долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сифатида белгиланди.

Президент қарор ва фармонларида кўтарилан вазифаларни жумладан, тадбиркорларга берилган имтиёзлардан қай даражада фойдаланилаётгани, пандемия даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш жараёнларини халқ билан мулоқот қилиб, яқиндан ўрганиш, ҳокимлик ва секторлар иштирокида чуқур таҳлилдан ўтказиш ва амалий кўмак бериш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди.


Ишчи гуруҳи аъзолари жорий йил 15-25 июнь кунлари Самарқанд вилоятида аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолатини жойларга чиқиб, аҳоли вакиллари, фермер ва тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказдилар.

Таҳлилий ўрганиш натижалари 2020 йилнинг 26 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши йиғилишида муҳокама этилди. Онлайн видеомулоқот шаклида ўтган йиғилишда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, секторлар раҳбарлари, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши комиссияларининг раислари, вилоятдаги мутасадди идоралар вакиллари масофадан иштирок этди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ҳозирги шароитда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига тўхталиб, Президентнинг инқирозга қарши чоралар дастури давлатимиз ижтимоий масъулиятининг янги стандартини шакллантиришга туртки бўлишини таъкидлади. Пандемия шароитида эҳтиёжманд аҳолига манзилли ёрдам бериш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ишларини тизимли бажариш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда яқиндан кўмаклашиш парламент зиммасидаги жуда масъулиятли вазифа экани, депутатлар ҳудудлардаги ҳаётни чуқур ўрганиб, реал муаммолар ечимига ҳисса қўшиши зарурдир.


Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари Улуғбек Иноятов таҳлилий ўрганиш натижалари, вилоятдаги умумий ҳолат, ечимини кутаётган муаммоли масалалар ҳақида маълумот берди.

Самарқанд вилоятида коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кечиктириб бўлмайдиган вазифалар ижроси алоҳида назоратга олинган.

Вилоятда 1096 та маҳалла фуқаролар йиғини, 3 млн. 878 минг нафар аҳоли, 904 мингдан ортиқ оила бўлиб, шундан 47703 таси камбағал оила сифатида қайд этилган.

Оилаларни камбағалликдан чиқаришда муаяйн йўналишда банд қилиш орқали доимий даромадга эга бўлишини таъминлаш, бу борада тизимли ишларни ҳудудларнинг табиий-географик хусусиятларига қараб ташкил этиш, меҳнатга лаёқатли бўлмаган кишиларни доимий ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий нафақалар ўз вақтида ва тўғри тайинланиши бажарилмоқда.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати учун тижорат банкларида махсус ҳисоб-рақамлар очилиб, уларга жами 11 млрд. 362 млн. сўм маблағ келиб тушган. Вилоятнинг 16 та шаҳар ва туманида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармалари бўлинмалари томонидан 13 хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилиши йўлга қўйилган.

Парламент ишчи гуруҳи вилоятда амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, айрим хато-камчиликлар, сансоларликлар, имкониятлардан унумли фойдаланилмаётганини аниқлади. Қатор муаммоли масалалар депутатлар ташаббуси билан секторлар, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жойда ҳал этилди. Ечимини кутаётган ҳолатлар кўрсатиб ўтилди.

Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёз ва енгилликлар қай даражада қўлланилаётгани, тадбиркорларни яна қандай масалалар ўйлантираётганига эътибор қаратилди.

Вилоятда банклар томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига берилиши лозим бўлган кредитларини кечиктириш, молиявий хизматларга талабни тўлиқ таъминламаслик, инвестиция лойиҳаларини вақтида қўллаб-қувватламаслик каби камчилик ва сусткашликлар кузатилгани қайд этилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш масалаларида ҳам хато-камчиликлар кузатилаётгани қайд этилди. Баъзи туманларда ижтимоий муҳофазага муҳтож ёки карантин шароитида оғир аҳволга тушиб қолган оилалар рўйхати тўлиқ шакллантирилмаган, етарли даражада ёрдам кўрсатилмаган.

Самарқанд вилоятида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан уч томонлама шартномалар асосида субсидиялар ажратилмаётгани билан боғлиқ ҳолатлар кузатилган. Мутасаддилар томонидан ишлар етарли даражада олиб борилмагани натижасида иссиқхона қуриш, суғориш воситалари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш кечикиб кетмоқда.

Йиғилишда коронавирус пандемияси даврида тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимларига тўланиши белгиланган қўшимча устамаларни ажратмаган ҳолатлар танқид қилинди. Айрим жойларда коронавирусга чалинган беморларни даволашда қатнашаётган ходимларга қўшимча тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.

Парламент ишчи гуруҳи ўрганишлар давомида аниқланган хато-камчиликларни жойида бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатган.

Қонунчилик палатаси Кенгаши йиғилишида пандемия шароитида ишларни янада самарали ташкил этиш, секторлар, бошқа мутасадди ташкилотлар масъулиятини кучайтириш, муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

Ишчи гуруҳи аъзоларига қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ўрганиш давомида вилоятда аниқланган, республика даражасида ҳал этиладиган муаммоли масалалар бўйича тегишли вазирлик ва идораларга парламент ва депутатлик сўровларини юбориш ҳамда “Ҳукумат соат”ларини ўтказиш бўйича таклифлар тайёрлаш тавсия қилинди.

Самарқанд вилоятида ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокамаси якуни бўйича Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 348

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

03.07.2020
Ўзбекистон — Туркия: Парламентлараро ҳамкорлик янада кенгаяди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида...

02.07.2020
“Электрон шифохона” намунавий ахборот тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2020 йил 2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими