Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутат сўрови: мансабдор шахсларнинг масъулияти оширилмоқда

Депутат сўрови: мансабдор шахсларнинг масъулияти оширилмоқда

Мамлакатда турли соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган саъйи-ҳаракатлар жараёнида парламентнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини янада ошириш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолиятини кучайтириш бугунги куннинг ҳаётий талабига айланди.

Айни пайтда Олий Мажлиснинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини ташкил қилиш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини таъминлашга қаратилган ишлари анча жонланган бўлса–да, бироқ амалиёт депутатлик корпуси вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим масалалар борлигини кўрсатмоқда. Улар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси томонидан юборилган депутат, сенатор сўровларига айрим ҳолларда мансабдор шахслар томонидан беписандлик билан қараш, яъни ўз вақтида жавоб бермаслик, муддатларини кечиктирган ҳолда жавоб қайтариш, сўров юборилган мансабдор шахснинг ўзи томонидан эмас, балки унинг ўрнига бошқа шахслар томонидан жавоб қайтаришга оид муаммоларни санаб ўтиш мумкин.

Муаммо нимада? Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қонунларда депутат ва сенатор сўровига оид масала ўрганилганда мансабдор шахс номига юборилган депутат (сенатор) сўровига мансабдор шахснинг ўзи жавоб бериши лозимлиги тўғрисида мажбурий норма йўқлиги маълум бўлди.

Қонунчиликда мавжуд бўлган мазкур бўшлиқ туфайли Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан мансабдор шахслар номига юборилаётган сўровларга мансабдор шахсларнинг ўзи эмас, балки уларнинг ўрнига турли даражадаги ходимлар жавоб бермоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ депутат мансабдор шахсларга, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасида сўров юборишга ҳақли, — дейди Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев. — Яъни бундан кўринадики, ҳар бир депутат сўровининг ортида авваламбор халқ манфаати туради. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим мансабдор шахслар бундай сўровларга беписандлик билан қараб келмоқдалар. Аксарият ҳолларда депутат сўровига жавобни бевосита мансабдор шахснинг ўзи эмас, балки бунга ваколати бўлмаган бошқа шахслар томонидан имзолаш ҳоллари кузатилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан бу борадаги ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мақсадида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳа парламент, депутат ва сенатор сўровига жавоб хати, сўров кимнинг номига юборилган бўлса айнан ўша мансабдор шахс томонидан ёки унинг вазифасини бажариш юклатилган шахс томонидан имзоланиши тўғрисидаги мажбурий нормани жорий қилишни кўзда тутади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтиришга, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга, ҳамда вакиллик демократиясининг ривожланишига хизмат қилади.


Кўришлар сони: 636

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Барқарор тараққиёт халқимиз фаровонлигига хизмат қилади

«Мен бу ўринда парламент фаолиятидан, унинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш масаласи қанчалик...

Тадбирлар тақвими