Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Давлат бюджети: Қатъий назорат ўрнатилган жойда муаммолар бўлмайди

Давлат бюджети: Қатъий назорат ўрнатилган жойда муаммолар бўлмайди

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси ҳамда 2020 йил биринчи чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди. Конструктив мулоҳазалар, асосли таклифлар ўртага ташланди. Мухбиримиз мунозарадаги масала юзасидан сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари раҳбарлари фикрлари билан қизиқди.

Актам ҲАИТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари:

Бюджетдан маблағ ажратишда, аввало, улардан кутилаётган самарадорлик ва натижадорликни ҳисобга олиш лозим. Бунинг учун парламент қуйи палатаси вакиллари маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириши ниҳоятда муҳимдир.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган бўлса-да, лекин жойларда ушбу ҳужжатлар ижроси таъминланмаган.

Шу сабабли мажлисда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилди.

Биринчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш учун ажратилган маблағларни тўлиқ ва кечиктирмасдан молиялаштириш, айниқса, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағни кечиктирмаслик сўралди.

Иккинчидан, республика бюджетидан ажратилган маблағларни ўзлаштиришда қолоқликка йўл қўйган вазирлик ва идоралар бўйича сабабларни таҳлил қилиб, жадаллаштирилган графикларни ишлаб чиқиш ва назоратга олиш таклиф этилди.

Учинчидан, автомобиль йўлларини қуришга ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш устидан назоратни кучайтирган ҳолда, халқаро аҳамиятдаги Ғузор — Деҳқонобод магистрал йўлини таъмирлаш учун зарур маблағлар ўз вақтида ажратиш таклиф этилди.

Ўз навбатида, Олий Мажлис палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари жойларда Президент фармон ва қарорлари ижроси юзасидан парламент ва кенгашларнинг таъсирчан назоратини кучайтириши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Зеро, аниқ тартиб-интизом жорий қилинган, қатъий назорат ўрнатилган жойда муаммолар бўлмайди. Бошқача айтганда, инсон, давлат ва жамият ҳаётида ўсиш-ўзгариш, юксалиш бўлади.

Алишер ҚОДИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари:

— Давлат бюджети тўғрисидаги қонуннинг ўтган йил декабрь ойида қабул қилингани бюджет ташкилотларининг асосий сметалари апрель ойига қадар ижрога киритилмаслиги, яъни апрель ойига қадар вақтинчалик харажатлар сметаси асосида ишлашига сабаб бўлмоқда. Натижада ташкилотлар январь-март ойларига белгиланган бюджет харажатларига боғлиқ бўлган режалари бажарилмаслигига замин яратиляпти. Масалан, 2020 йилнинг биринчи чорагида Республика бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг бор йўғи 80 фоизи (йиллик режанинг 19 фоизи) молиялаштирилган, шундан жорий харажатлар 87 фоизга (йиллик режанинг 22 фоизига) ва капитал қўйилмалар эса 39 фоизга (йиллик режанинг 10 фоизи) молиялаштирилган. Мактабгача таълим вазирлигида 19,0 фоизга, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 23,7 фоизга бажарилган. Айрим вазирликларда бу кўрсаткичлар бундан ҳам паст бўлиб, умуман молиялаштирилмаган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Давлат бюджети ижросини тўлиқ ва самарали амалга ошириш ва ижтимоий лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш мақсадида келгуси йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини 1 сентябрга қадар Қонунчилик палатасига киритиш ҳамда 10 ноябрга қадар тўлиқ қабул қилиш мақсадга муфовиқ. Ялпи мажлисда ушбу масала юзасидан таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Наримон УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари:

Давлат бюджети ижроси муҳокамасида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинганини эътироф этган ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдик. Шу билан бирга, айрим камчиликлар ҳам диққат марказимизда бўлди. Чунончи, бугунги кунда нефрологик ва гемодиализ ва онкологик ёрдам кўрсатилишига мухтож аҳолининг реал сонидан келиб чиқиб, ажратилаётган маблағларни қайта кўриб чиқиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам ва хизматни янада яхшилаш юзасидан таклифлар билдирилди.

Депутатларимиз томонидан ҳудудларда ижтимоий объектларни қуриш, капитал таъмирлаш каби Давлат бюджетидан ажратиладиган капитал қўйилмалар қайси мезонлар орқали тақсимланаётганлиги мавҳумлиги қайд этилди. Натижада айрим ҳудудларда қурилаётган ижтимоий объектлар у ерда яшаётган аҳоли сони ва уларнинг реал талабига мос эмаслиги кўриниб қолмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ушбу соҳада парламент назоратини кучайтиришни талаб этади.

Шу ўринда Давлат бюджетининг Қонунчилик палатасида кўриб чиқилишидаги форматини ҳам ўзгартириш вақти келганлигини қайд этиш жоиз. Ҳозирда ушбу масалада фракциямиз депутатлари ўз таклифларини ишлаб чиқишмоқда. Таклифлар негизида асосий эътиборни қуруқ рақамларга эмас — Давлат бюджетининг натижадорлигига қаратиш мақсад қилинган.

Шундан келиб чиқиб, Бюджет ва мақсадли жамғармалар маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган объектларни Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан тасдиқлаш таклифи билдирилди.

Улуғбек ИНОЯТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Давлат бюджети маблағларини мақсадли ва самарали фойдаланишда муаммолар сақланиб қолаётгани, хусусан, 6,5 мингдан ортиқ бюджет ташкилотларида 142 млрд. 592 млн. сўмлик молиявий хатоликлар, камомад, ўзлаштириш ҳамда ноқонуний харажатлар аниқлангани ва уларнинг йилдан-йилга ўсиб бораётгани фракциямиз аъзоларини жиддий ташвишлантиради. Ялпи мажлисда бундай камчиликларни имкон қадар камайтириш учун назорат механизмларини ҳамда вазирлик, идоралардаги ички аудит бўлимлари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш ва уларнинг фаолиятини такомиллаштириш кераклиги таъкидланди.

Давлат бюджетининг барча жараёни, хусусан, бюджет ташкилотларининг ҳисоботи электрон дастур орқали амалга оширилмоқда. Бу эса ҳисоботларни қисқа муддатларда тайёрлаш ва қайта ишлаш имконини беради. Бироқ, бугунги тезкор ислоҳотлар даврида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот куни кеча кўриб чиқилганини замон талабларига мос келади, деб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, бу борадаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг биринчи чорагида, чораклик ҳисоботларни эса ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10 санасидан кечиктирмай қуйи палатага киритиш таклифини ҳукумат идоралари кўриб чиқишса мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу ва бошқа аниқланган муаммолар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш борасида тегишли таклифлар ишлаб чиқиш керак бўлади. Бу борада фракциямиз аъзолари бюджет соҳасига оид қонунчиликни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр.

Борий АЛИХОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари:

Ҳозирда ҳаётимизнинг барча жабҳаси қатори қишлоқ хўжалигида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уларни рўёбга чиқаришда сув ва ер ресурсларидан оқилона ва унумли фойдаланиш алоҳида ўрин тутади. Бу борада сувни тежайдиган томчилаб (ёмғирли) суғориш технологияларини жорий этаётган хўжаликларга берилаётган имтиёзлар-субсидияларни 2 бараварга ошириш зарур. Бу деҳқон-фермерлармизнинг манфаатдорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Экопартия мамлакатимизнинг иқтисодий юксалиши ва аҳолининг фаровонлигининг ўсиб бориши туфайли энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётганлигини инобатга олиб, энергетика соҳасини янада диверсификация қилиш тарафдори. Ўсиб бораётган эҳтиёжни қондиришни асосан экологик тоза қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш орқали эришиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.  

Фракциямиз Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил якунлари ва 2020 йилнинг биринчи чораги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллаган ҳолда, айрим масалалар бўйича маълумотлар етарли акс этмаганлиги сабабли қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларни билдиради:

биринчидан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларига ажратилган маблағлар ва харажатларнинг манзилли ахборотини;

иккинчидан, халқаро молия ташкилотлари маблағларини жалб қилган ҳолда шаҳарларда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва уларнинг рағбатлантирилишини;

учинчидан, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларига сарфланган маблағларнинг ҳисоботда таҳлилий очиб берилишини;

тўртинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда тоза ичимлик суви таъминоти тармоқларини янгилаш, оқава сув тозалаш иншоотларини, канализация тармоқларини реконструкция қилиш ва янгидан қуриш бўйича манзилли рўйхатларни шакллантириш ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотларни батафсил ёритишни лозим, деб ҳисоблайди.


Кўришлар сони: 214

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.07.2020
Хусусий бандлик агентликларига ишониш мумкинми? Соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Бандлик. Аслида дунёнинг аксарият мамлакатлари учун ўта долзарб, айниқса, бугунги коронавирус панде...

06.07.2020
Аудиторлик ташкилотлари аудитнинг халқаро стандартлари асосида мустақил аудит ўтказади

Аудиторлик фаолияти мустақиллик, холислик, ҳалоллик, профессионал малакалилик ва махфийлик принципл...

04.07.2020
Ёшлар парламентининг вазифалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жаҳон парламентларида ёшларнинг ўрни қандай? Улар билан ишлашда қандай чоралар кўрилмоқда?...

Тадбирлар тақвими