Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

«Таълим тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳамон давом этмоқда. Сабаб нимада?

 «Таълим тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳамон давом этмоқда. Сабаб нимада?

Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янги босқичга кўтариш, педагог кадрлар тайёрлаш сифатини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва олий педагогик таълим билан қамров даражасини ошириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида, соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини талаб этади. Амалдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига 20 йилдан ошди. Табиийки, қонун нормалари бугунги шиддатли ислоҳотларга ҳамоҳанг эмас.

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айнан соҳадаги барча ютуқ ва камчиликлар, жаҳондаги тажриба ва тенденцияларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилмоқда.

Мамлакат келажаги ва тақдирига бевосита дахлдор масала бўлгани сабабли ҳам депутатлар муҳокамаларга жиддий ёндошмоқдалар. Бундай дейишимизнинг сабаби бор албатта. Қонун лойиҳаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳи томонидан бир неча ой давомида иккинчи ўқишга тайёрланди.

Бу жараёнда 238 та нормага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Лойиҳадан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш оқибатида 123 та норма чиқариб ташланди. Уларнинг ўрнига 54 та янги тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар киритилди. Ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва тартибга солишнинг эскирган механизмларини бартараф этиш ҳисобига киритилган 7 та моддадан бутунлай воз кечилиб, аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи 9 та янги модда киритилди.

Қонун лойиҳаси устида шунча меҳнат қилинганига қарамай, унинг ялпи мажлисдаги муҳокамаси 5 май куни бошланиб, қарийиб 3 кун давом этди ва депутатларнинг кескин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Кўплаб саволлар кўтарилди.

Хусусан, Миллий тикланиш демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу қонун таълим соҳасини тартибга солиш билан бир қаторда тарбия соҳасини ҳам тартибга солиши зарур деган ғоя билан чиқди. Лозим топилса, мазкур қонунни тарбиявий аҳамиятлар билан боғлаш, қонунни таълим ва тарбия тўғрисида деб номлаш, таълим стандартлари нормаларига таълим ва тарбия стандартлари тушунчалари билан бойитиш каби фикрлар ҳам илгари сурилди. Қўмита томонидан мазкур масала юзасидан таҳлилий материаллар ҳамда хорижий тажриба ёрдамида фракция аъзоларига тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, йиғилишда депутатлар томонидан қонун лойиҳасижаги хорижий тушунчаларни ўзбек тилидаги номлар билан аташ таклифи берилди.

Лойиҳа муҳокамаси давомида айрим тушунчалар ноаниқликларни келтириб чиқараётганлиги боис, уларга аниқлик киритиш, яъни бир ном билан аташ лозимлиги таъкидланди. Қолаверса, қонун лойиҳасида бир тўхтамга келиш қийин бўлган бир қатор нормалар кескин баҳс-мунозораларга сабаб бўлди.

Жумладан, таълим бериш тили билан боғлиқ модда ҳаволаки тусда бўлиб қолгани боис, депутатлар томонидан уни қонун лойиҳасидан чиқариб ташлаш таклиф қилинди. Бу албатта, ҳужжатнинг ҳаволаки нормалардан ҳоли бўлиши, амалиётда тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Айни пайтда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳи сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни қонун лойиҳасида акс эттириш устида иш олиб бормоқда. Қонун лойиҳасини маромига етказган ҳолда Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар муҳокамасига киритиш режалаштирилган.  


Кўришлар сони: 265

Депутатлар минбари

Янгиликлар

01.06.2020
Депутатлар Давлат бюджети ижросидан қониқдими?

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда бюджет маблағларининг бирламчи тақсимловчилари соҳага ажратилга...

01.06.2020
Давлат бюджетининг ижроси депутатлар муҳокамасида

2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги...

30.05.2020
Ривожланишимизга нималар тўсиқ бўляпти?

Тадбиркорлар бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Ҳукуматимиз томонидан кичик бизн...

Тадбирлар тақвими