Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Бобур — қомусий эколог аллома

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Бобур — қомусий эколог аллома

14 феваль — Заҳириддин Муҳаммад Бобур

таваллуд топган кун

 Аждодларимиз юртимизни қадимдан обод қилишга жиддий эътибор берган. Бу билан боғлиқ маълумотлар илк маротаба “Авесто”да ҳамда Шарқ Ренессанси даврида ижод этган алломаларимизнинг асарларида ўз ифодасини топган.

Ўрта асрлар даври Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи», Алишер Навоийнинг «Хамса», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Мирхонднинг «Равзатус-сафо», Хондамирнинг «Макаримул ахлоқ» номли нодир асарларида ёритиб берилган.

Албатта, ХVI асрнинг ноёб ёдгорлиги ҳисобланган «Бобурнома» асарида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тарихда нафақат кучли саркарда, ҳукмдор ва шоир, балки етук илмий иқтидорга эга бўлган табиатшунос, эколог аллома сифатидаги фаолияти ҳам акс этиб турибди. “Бобурнома” мазмун эътибори билан қомусий асардир. Унда Ўзбекистон, Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон мамлакатларининг табиий-географик жойлашиши, ўсимликлари, ҳайвонот дунёси ҳақидаги қимматли, энг ишончли маълумотлар жамланган. “Бобурнома“ни ҳажми ва қиммати, материалларнинг бой, ранг-баранглиги, маълумотларининг кўламига кўра аллома илмий меросидаги шоҳ асар дейиш мумкин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги нутқида Заҳириддин Муҳаммад Бобурни кўпроқ ўқишимиз лозимлигини, экологияни, экологик вазиятни ундан ўрганишимиз керак, деб таъкидладилар.

Дарҳақиқат, Бобур бобомизнинг кузатувлари шунчалик аниқки, улар ХV — ХХ асрлардаги машҳур Европа саёҳатчилари маълумотларидан аҳамияти, тўлиқ ва ишончли баёнлари билан ажралиб туради. Заҳириддин Муҳаммад Бобур шундай ёзади: “Ҳисор ва Хатлон ва Самарқанд ва Фарғона яйлоқлари тамом Кобул вилоятининг яйлоқларига ўхшашдир… Тоғлари тамом Кофиристондур. Тоғларида ножу (қарағай) ва чилғўза (кедр) ва балут (дуб) ва ёнғоқ ёғочлари бисёр бўлур, ўсимликлари сероб…”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур турли ҳудудлар ва минтақаларнинг, мамлакатлар ва ўлкаларнинг, шаҳарлар ва қишлоқларнинг сиёсий тарихи, илм-фани, маданияти, урф-одатлари билан бирга, уларнинг табиати, хўжалиги, жўғрофий ўрни, чегаралари, яйловлари, тоғ ва даралари, кўл ва дарёлари, хилма-хил ўсимликлари, мевалари, ҳайвонот дунёси, ерусти ва ерости бойликлари, тили, савдо-сотиқ ишлари билан ҳам астойдил қизиққан. Буларнинг ҳаммасини ўзининг қомусий асари — «Бобурнома»да баён этган. Хусусан, Фарғона ҳақида гап кетганда: “Фарғона вилояти бешинчи иқлимдадир. Маъмуранинг канарасида яъни Мовароуннаҳрнинг чеккасида воқе бўлибтур. Шарқи Қошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадаҳшоннинг сарҳади тоғлар, шимолида “Олмалиқ ва Олмату каби шаҳарлар бор. Аммо улар мўғуллар билан ўзбеклар урушида бузулубтур, асло маъмура қолмабдур. Мухтасар (кичик) вилояттур, ошлик ва меваси фаравон. Гирдо-гирдо тоғ воқе бўлибтур. Сайхун дарёси ким шарқ ва шимолий тарафидан келиб, бу вилоятнинг ичи бирла ўтиб, ғарби сари оқар. Хўжанднинг шимол ўтиб яна шимолга мойил қилиб, Туркистон сари борур. Туркистондин кейли қуйироқда бу дарё тамомқумға сингор, ҳеч дарёға қотилмас.

Андижон Фарғона вилоятининг пойтахтидур. Эли туркдур. Шаҳар ва бозорасида турки билмас киши йўқтур”, деб қайт этган.

“Бобурнома”да Фарғона вилоятининг географияси – Ўрта Осиёда тутган ўрни катталиги, аҳолиси, рельефи, яъни, атрофи тоғлар билан ўралгани, ўсимлик ва ҳайвонлари шу қадар мукаммал баён қилинганки, ҳатто ундан ҳозирги географияга оид маълумотлар сифатида фойдаланиш мумкин.

“Бобурнома”даги географик тасвир, ундан олдинги кўплаб манбалардагига нисбатан анча тўғри, мукаммал ва асосли экани билан диққатга сазовордир. Бунга сабаб З.М.Бобурнинг географик объект ва ҳодисаларни ўзи кўриб, тасвирлаганидир.

З.М.Бобур ўз юртида бир йилда тўрт фасл бўлгани ҳолда, Ҳиндистонда эса, бир йил уч фасл экани, ҳар фасл тўрт ойдан иборат эканини қайд этиб, фасл ва ойнинг ҳар икки тилдаги номларини бир-бирига қиёслаб тушунтиради. У бундан ташқари, Ҳиндистон қушлари ҳақида сўз юритар экан, уларнинг кўриниши, сайраши-овозини Мовароуннаҳрдаги қушларнинг шундай хусусияти билан солиштиради, уларнинг номларини қиёслайди. Айни пайтда Ҳиндистоннинг мевалари, гуллари тўғрисида ҳам қимматли маълумот бериб, уларнинг хусусияти ва номларини ўзбек тилидаги номлари билан қиёслайди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур табиатни ғоят севган, эъзозлаган. У айни пайтда табиат илмининг буюк билимдони, табиатшунос аллома сифатида Туркистон, Ўзбекистондаги юзлаб гиёҳ ва дарахтларни, уларнинг хосияти ва аҳамиятини, шифобахшлик жиҳатларини ниҳоятда яхши билган. Доривор ўсимликларни топиб, малҳам қилган. Унинг ўзи юксак дидли боғбон бўлган. З.М.Бобур қайси юртга борса, ўша ерга сув олиб борган, дарахтлар ўтқазиб, боғлар яратган, ариқлар, мармар ҳовузлар ва анҳорлар сувлари билан юртни обод қилган, эл-юрт фаровонлиги таъминлаган. Буюк Соҳибқирон Амир Темурдан ибрат олиб, Самарқанддагина эмас, Ҳирот ва Ҳиндистонда ҳам кўплаб ажойиб ва беқиёс боғлар барпо этган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур амалга оширган буюк ишлар ва беназир инсоний фазилатлари туфайли нафақат ўз даври, шу билан бир қатрода, бугунги замон авлодлари қалбини ҳам забт этди. Ҳиндистоннинг буюк давлат арбоби Жавоҳарлал Нерунинг “Бобур – дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукумдорининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган. Бобур ўта маданиятли ва жозибали одамлар орасида энг етук инсонлардан бири эди. У мазҳабпарастлик каби чекланишдан ва мутаассибликдан йироқ эди... Бобур санъат ва айниқса, адабиётни севарди...” деб эътироф этиши фикримиз исботидир.

Хулоса қилиб айтганда, Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг ўз асарларида баён этган фикрлари, ахлоқий-таълимий ва экологик қарашлари мустақиллик даврида камол топаётган ёшларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ўргатишда, уларнинг экологик маданияти ҳамда экологик дунёқарашини янада юксалтиришда ғоят қимматли манба бўлиб ҳисобланади.

 

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси



Кўришлар сони: 289

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.02.2020
Жарқўрғондаги сайловчилар депутатга қандай талаблар қўйди?

Ҳаёт шиддат билан ўзгариб бораяпти ва олдимизга янгидан- янги вазифаларни қўймоқда. Бунда энг асосийси...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутаталари Тожикистонда бўладиган парламент сайловларини кузатишади

Шу кунларда МДҲнинг Парламентлараро Ассамблеяси халқаро кузатувчилари координатори, Олий Мажлис ...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакили ТуркПА семинарида иштирок этмоқда

Парламентлараро ҳамкорлик, депутатларнинг нуфузли халқаро анжуманлардаги иштироки ва уларда кўтарилаётан...

Тадбирлар тақвими