Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Қонунчилик палатасида янги таркибда норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тузилди

Қонунчилик палатасида янги таркибда норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тузилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2020 йил 11 февралда бўлиб ўтган йиғилишида янги таркибда норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясини тузиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Қонун ижодкорлиги фаолиятида қонуннинг матнида биргина сўз, биргина атаманинг, ҳатто биргина тиниш белгисининг нотўғри қўлланилиши услубий ғализлик ва чалкашликларни келтириб чиқаради. Ва бу ҳол қонунларни амалиётда қўллашда, шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам парламент тасдиғидан ўтаётган ҳар бир қонун, унинг ҳар бир моддаси адабий тил қоидалари ва меъёрларига мувофиқ тарзда аниқ, лўнда ва тушунарли қилиб ёзилиши шарт. Чунки, ҳар бир қонун ва унинг моддаси замирида инсон тақдири туради.

Шундан келиб чиққан ҳолда, миллий парламентимизда Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясини тузиш анъанага айлангани сабабли Кенгаш кун тартибига янги таркибдаги Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясини тузиш тўғрисидаги масала киритилди.

Мазкур комиссиянинг Низомига мувофиқ, унинг асосий вазифалари аниқ белгилаб берилган. Хусусан, қонун лойиҳаларида атамаларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ҳолда, уларни турлича изоҳлаш эҳтимолини истисно этган тарзда тўғри қўлланилишини таъминлаш, қонун лойиҳаларида адабий тил қоидалари ва нормаларига, юридик техника қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, қонун лойиҳаларида келиб чиқадиган грамматик, стилистик ва бошқа номувофиқликларни қонуннинг мазмун-моҳиятига зарар етказмаган ҳолда таҳрир қилиш кабилар комиссиянинг асосий вазифалари сирасига киради.

Илк бор бундан 20 йил муқаддам тузилган Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясининг фаолияти йиллар давомида такомиллашиб борди. Икки палатали парламент ташкил этилгач, ушбу комиссияга бўлган эҳтиёж янада кучайди. Чунки доимий асосда фаолият юритувчи Қонунчилик палатасида қонун лойиҳалари устида ишлаш жараёнлари янада такомиллашиб, ҳар бир қонун лойиҳасини палата мажлисида моддама-модда муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Комиссия ўтган чақириқда — 2015–2019 йилларда, айниқса, самарали фаолият юритди. Беш йил ичида 170 маротаба йиғилиш ўтказилиб, уларда жами    300 дан зиёд қонун лойиҳаси, шу жумладан, 5 та кодекс атрофлича кўриб чиқилиб, такомилига етказилди.

Комиссия ўз фаолияти давомида фақат қонунларда қўлланилаётган норматив-ҳуқуқий атамаларга эътибор қаратиб қолмасдан, балки уларда ифодаланаётган қоида ва нормаларнинг мазмун-моҳиятига, таҳририга тааллуқли кўплаб жиддий таклиф ва фикр-мулоҳазаларни илгари сурди. Масалан, биргина 2019 йилнинг ўзида комиссиянинг қонун лойиҳалари нормалари ҳамда қоидаларининг мазмун-моҳияти ва таҳририга оид 700 дан ортиқ таклифи, матнларнинг стилистик ва грамматик жиҳатдан тўғри баён қилинишига доир 2000 дан зиёд таклифи, шунингдек, уларда юридик техника ҳамда бошқа махсус қоидаларнинг тўғри қўлланилиши бўйича 500 дан зиёд таклифи илгари сурилди. Ушбу таклифларнинг барчаси қўмиталарнинг ишчи гуруҳи томонидан қабул қилиниб, инобатга олинди.

Кенгаш аъзолари Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясини тузиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қўллаб-қувватладилар ва янги таркибдаги Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясининг фаолияти ҳам самарали бўлишига, комиссиянинг ҳар бир аъзоси Президентимиз томонидан илгари сурилган қонунларнинг сифатли, ўз вақтида қабул қилиниши учун бор куч-ғайратини ишга солиб меҳнат қилишига ишонч билдирдилар.

Ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар эътиборига ҳавола қилинадиган бўлди.


Кўришлар сони: 195

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.02.2020
Жарқўрғондаги сайловчилар депутатга қандай талаблар қўйди?

Ҳаёт шиддат билан ўзгариб бораяпти ва олдимизга янгидан- янги вазифаларни қўймоқда. Бунда энг асосийси...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутаталари Тожикистонда бўладиган парламент сайловларини кузатишади

Шу кунларда МДҲнинг Парламентлараро Ассамблеяси халқаро кузатувчилари координатори, Олий Мажлис ...

28.02.2020
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакили ТуркПА семинарида иштирок этмоқда

Парламентлараро ҳамкорлик, депутатларнинг нуфузли халқаро анжуманлардаги иштироки ва уларда кўтарилаётан...

Тадбирлар тақвими