Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Янги Солиқ кодексининг ижросини таъминлашда парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг ўрни муҳим

Янги Солиқ кодексининг ижросини таъминлашда парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг ўрни муҳим

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг ижросини самарали ташкил этишда парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг олдида турган муҳим вазифаларга бағишланган туркум семинарлар бўлиб ўтмоқда. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, девон ходимлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда бошқа маъсул ходимлар иштирок этмоқда.

2020 йил 10 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги семинарда такидланганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, иқтисодиётни жадал ривожлантиришга ҳамда ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оширишга, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда иқтисодиётга ҳақиқий бозор механизмларини жорий этилишида муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 июндаги Фармони билан солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди. Янги таҳрирдаги солиқ кодекси айнан мазкур концепция асосида ишлаб чиқилди. Демак, бундан кўринадики, янги Солиқ кодексининг муаллифи айнан Президент ҳисобланади.

Кодексда мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний ишлаши учун шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган нормалар ўз аксини топди. Бундан кўзланган мақсад фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишига эришишдир. Айнан ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда янги солиқ тизимини яратишнинг асосий ғояси тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик каби асосий принципларга асосланди.

Мазкур солиқ кодексининг қабул қилиниши билан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ тизимида 120 дан ортиқ янги қоидалар амалиётга киритилди. Жумладан, солиқ турлари 13 тадан 9 тагача камайтирилди, солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат Кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда, қайтариш тартиби белгилаб қўйилди.

Яна бир муҳим жиҳат, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан тўланаётган ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга туширилди, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди. Яъни, батафсил камерал текширув ўтказилганидан кейин ҚҚС бўйича “манфий” қолдиқ суммасини қайтариш ҳуқуқи тақдим этилди.

Бу қоидалар тўғри қўлланилиши, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши учун ўзгаришлардан нафақат солиқ идоралари балки, барча хабардор бўлиши шарт.

Давлатимиз раҳбари томонидан Президент ваколатларининг айримларини парламентга, ижро ҳокимятига, маҳаллий ҳокимликларга бериш бўйича ташаббуслар амалга оширилмоқда. Бундай ташаббуслар асосида мамлакатимизда Давлат бюджетини Президент қарори билан қабул қилиш амалиётидан воз кечган ҳолда Қонун билан қабул қилиш жорий этилди. Шундай ташаббуслардан бири Солиқ кодексида ҳам ўз аксини топди. Яъни, бугунги кунга қадар солиқ имтиёзларини бериш фақатгина Президент ваколатида бўлган бўлса, эндиликда бундай имтиёзлар солиқ кодекси билан берилиши белгиланди.

Шу билан бирга янги таҳрирдаги Солиқ кодексида маҳаллий ҳокимликларнинг ҳам солиқ борасидаги ваколатлари ва маъсулиятлари оширилди.

Мазкур нормаларни амалиётда самарали ишлашини таъминлаш парламент ҳамда маҳаллий Кенгашлар олдига бир қатор муҳим вазифларни қўяди.

Семинарда Қонунчилик палатаси томонидан Солиқ кодексидаги янги нормалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, кафолатланган бюджетни таъминлаш бўйича парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш шунингдек, солиқ ва божхона органларининг бу борадаги фаолияти юзасидан парламент назорати шаклларидан кенг фойдаланган ҳолда эшитувлар, сўровлар ташкил этишга келишиб олинди.

Умуман олганда, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ тўловчилар учун ижобий бўлган янгиликлар кўп ва унинг ижросининг таъминланиши иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига ва аҳоли реал даромадларини оширишга ва солиқ маъмурчилигини яхшилашга хизмат қилади.

 


Кўришлар сони: 1030

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.05.2020
Қонун ижроси қай даражада бажарилган?

Айрим ташкилот, муассаса ва корхоналарда фуқаро муҳофазаси бўйича мутахассис лавозимлари жорий этилмаган....

27.05.2020
Қўмиталар Давлат бюджети ижроси юзасидан конструктив таклифлар берди

Ҳозирги кунда дунёнинг деярли барча давлатларига тарқалган коронавирус пандемияси халқаро интеграциянинг...

27.05.2020
Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти ҳақида

Парламентлараро иттифоқнинг расмий сайтида 2020 йил 18 май куни мазкур халқаро ташкилот томонидан...

Тадбирлар тақвими