Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Қонунчилик палатасининг беш йилликдаги фаолиятига доир ахборот тақдимоти ўтказилди

Қонунчилик палатасининг беш йилликдаги фаолиятига доир ахборот тақдимоти ўтказилди

Парламент тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг учинчи чақириқдаги фаолияти юзасидан ахборот тайёрланиб, кенг жамоатчилик учун тақдим этилди.

2020 йил 4 январь куни парламент қуйи палатасида мазкур ахборот тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда депутатлар, парламент қуйи палатаси девони ходимлари, олимлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июль куни ўтказилган Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари билан бўлиб ўтган, мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ғоят муҳимлиги билан тарихимиз саҳифаларидан ўрин олган учрашувидаги «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» деб номланган маърузаси Қонунчилик палатасининг фаолиятида кенг ислоҳотлар даврини бошлаб берди. Президентимизнинг мазкур учрашувдаги дастурий маърузасида парламентимиз ва ҳокимият вакиллик органлари учун янги сиёсий йўл белгилаб берилди. Хусусан, халқ билан, халқнинг ўзи танлаган қонуний вакиллари билан мулоқотнинг тубдан янги механизми таклиф этилди.


2017 йилдан эътиборан янги демократик институт — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаат билан чиқиш институти жорий қилинди. Ушбу теран сиёсий ва юридик мазмун-моҳиятга эга бўлган муҳим институт парламентнинг мамлакат ҳаётидаги роли ва ўрнини чинакамига ошириш, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги сиёсий йўлидаги муҳим устуворликлар ва вазифалар бўйича ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.

Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга ҳар йили йўллайдиган ана шу Мурожаатномаларида белгиланган вазифалар миллий парламентимизнинг, бутун депутатлар корпусининг фаолиятини тубдан модернизация қилишнинг асосий негизига айланди.

Ушбу вазифаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти соҳасидаги ишлар қисқа муддатда қайта кўриб чиқилиб, сифат жиҳатидан янги шакл ва усуллар жорий этилди.


Ана шуларни ўзида тўла қамраб олган ахборотда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари ролини оширишда эришилган натижалар аниқ кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Қонунчилик палатаси фаолиятида ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан парламент назорати амалга ошириш кучайди. Парламент тарихида илк бор янги институт – “Ҳукумат соати” жорий этилди. Бугунги кунга қадар 14 маротаба “ҳукумат соати” ўтказилди. Ҳисобот даврида жами 82 парламент эшитуви ўтказилди.

Сўнгги йилларда парламент ва депутатлик сўрови сони кескин ошди. 2015-2019 йилларда 28 та парламент сўрови ва 856 та депутатлик сўровлари юборилди.

Парламент назоратини юритишнинг янги шакли — ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботини эшитиш депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Шу маънода, парламент тарихида илк бор 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.


Шунингдек, жойларда парламент назоратини амалга ошириш, депутатларнинг сайлов округларидаги сайловчилар билан ҳамкорлигининг шакллари ва усуллари, ижро этувчи ҳокимият органларига мавжуд муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, ҳудудларда таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш механизмлари ўзгартирилиб, мутлақо янгича мазмун-моҳият билан бойитилди. 2017-2018 йилларнинг ўзида республикамизнинг 137 та туман ва шаҳридаги ҳақиқий ҳолат бевосита жойларга чиқиб ўрганилди. Фуқароларни ташвишлантираётган муаммоларни, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш учун хонадонма-хонадон, уйма-уй юрилиб, 400 минг нафардан зиёд фуқаролар ҳамда 14 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти вакиллари билан суҳбатлар ўтказилди. Ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Депутатлар корпуси қонун ижодкорлиги фаолиятининг натижадорлиги ошди, ташаббускорлиги кучайди. Агар 2016 йил мобайнида депутатлар ташаббуси билан жами 11 та қонун киритилган бўлса, 2017 йил мобайнида бу кўрсаткич 27 тани ташкил этиб, 2,5 баравар ўсди. Кейинги йилларда ҳам шундай ўсиш кузатилди. Умуман, чақириқ мобайнида депутатлар томонидан киритилган қонун лойиҳалари сони 88 тани ташкил қилди.


Беш йилликда қабул қилинган қонунларнинг сифатини яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўрилди. Қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш тартиби киритилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти тасдиқланди. Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштирилиши ва унификация қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди.

Ахборотнинг алоҳида қисмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро этилган ишларга алоҳида эътибор қаратилган. Концепцияда белгиланган вазифлар ижроси доирасида 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат тайёрланди, янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун маромига етказилмоқда, тўғридан-тўғри амал қилувчи 61 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Мамлакатимиз парламентининг кейинги беш йилликдаги халқаро алоқалари ҳам самарали кечди. Агар 2015 йилда Қонунчилик палатасида хорижий давлатларнинг парламентлари билан ҳамкорлик бўйича 9 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолият кўрсатган бўлса, 2019 йилга келиб улар сони 28 тага етди, шундан 24 таси Сенат билан ҳамкорликда тузилган. Халқаро муносабатлардаги самарали фаолият натижаси ўлароқ, ўтган давр мобайнида парламентда қабул қилинган чет эл делегациялари сони 248 тани ташкил қилди.


Парламентимиз қисқа муддат ичида кўплаб нуфузли парламентлараро бирлашмаларнинг фаол иштирокчисига айланди. Парламентлараро Иттифоқ, МДҲга аъзо мамлакатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси шулар жумласидан бўлиб, Ўзбекистон парламенти аъзолари мазкур ташкилотлар раҳбарлик тузилмаларидаги юқори лавозимларга тайинландилар. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси 2017 йилдан эътиборан ўзининг ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеясидаги иштирокини қайта тиклади.

Умуман олганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг учинчи чақириғидаги фаолияти ўзининг серқирралиги, муҳим воқеаларга бойлиги, ҳақиқий демократик тамойилларга мос кечганлиги билан диққатга сазовор бўлди. Тадбирда қайд этилганидек, фуқаролар манфаатларини ифодаловчи том маънода ҳақиқий демократик орган сифатида шаклланган, давлат ҳокимияти органлари тизимида муносиб ўрин эгаллаган, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга жалб этилган Қонунчилик палатаси келгусида ҳам давлатимиз раҳбарининг халқимиз фаровонлиги, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кўтаришга қаратилган Янги сиёсий йўлининг фаол иштирокчиси ҳамда муносиб давомчиси бўлиб қолади.

Сўз — тадбир иштирокчиларига

 

         Эркин ХОЛБЎТАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

— Парламентимиз тарихида илк бор бундай ахборот кенг жамоатчилик учун очиқ тақдим қилинмоқда. Бу — янгилик. Фуқароларимиз учун ўзига хос қулайлик яратади.

Дарҳақиқат, беш йилликда, айниқса, кейинги уч йил ичида мамлакатда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида жуда фаол иштирок этдилар. Улар “фейсбук”, “телеграм” каби ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари орқали юртимиз ҳаётига доир ҳар бир муҳим воқеа-ҳодисага, ўзгариш ва янгиланиш жараёнларига ўз муносабатини билдириб бордилар. Қонунчилик палатаси расмий веб-сайтидаги барча фуқаролар учун очиқ бўлган “депутатнинг виртуал қабулхонаси” хизмати ҳам халқ вакилларининг барча сайловчилар билан муносабати сифати ва тезкорлигини, улар фаолиятининг шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги даражасини жиддий тарзда оширди.

Буларнинг барчаси мазкур ахборотда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, у фуқароларимизга парламент фаолияти ҳақида муфассал, ҳар томонлама тўлиқ   маълумотга эга бўлиш имконини беради.

Наргиза ГУЛИМОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими:

— Биринчи марта барча учун эълон қилинган ушбу ахборот парламент қуйи палатаси ўзининг беш йилликдаги фаолиятини очиқ ва шаффоф олиб бораётганидан далолатдир. Бу, ўз навбатида, депутатларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш, сайловчиларга қуйи палатада қабул қилинаётган қонунлар ва назорат-таҳлил фаолияти юзасидан тугал, тушунарли, содда ва халқчил тилда маълумот етказишда муҳим аҳамият касб этади. Ахборотнинг турли жадвал ҳамда инфографикалар билан бойитилгани эса, фуқароларнинг қуйи палата фаолияти ҳақида янада аниқ тасаввурга эга бўлишига ёрдам беради.


Кўришлар сони: 851

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими