Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Қизғин муҳокамалар бесамар кетмади

Қизғин муҳокамалар бесамар кетмади

ёхуд янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси муҳокамалари якуни юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида нималар дейилди?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан анча вақтдан бери давом этаётган қизғин муҳокамалар якунига етмоқда.

Шу муносабат билан 2019 йил 6 декабрь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Давлат бюджети бошқармаси ҳамда Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил қилинди.

Унда қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонида солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда бир қатор тизимли муаммоларни ечиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Яна бир муҳим жиҳат, давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш шартлигини айтиб ўтган эди. Бунда фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши лозимлиги қайд этилганди.


Ана шуларни инобатга олган ҳолда, янги солиқ тизимини яратишда тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик каби асосий принципларга асосланилди. Шу маънода, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси жорий йилнинг 26 ноябрида депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилингани бежиз эмас. Зеро, ўтган давр мобайнида лойиҳа, аввало, парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ҳамда бир неча маротаба ишчи гуруҳлари йиғилишларида кенг муҳокама қилиниб, маромига етказилди.

Шу билан бирга, лойиҳа юзасидан бир қатор ташкилот ва муассасаларда ҳам мутахассислар, экспертлар иштирокида муҳокама ва таҳлиллар ўтказилди. Муҳокамалар парламентдан ҳудудларга ҳам кўчиб, республикамизнинг барча вилоятларида маҳаллий кенгашлар депутатлари, мутасаддилари, мутахассислар, экспертлар, тадбиркорлар, йирик солиқ тўловчилар иштирокида кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда туркум семинарлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда лойиҳанинг ҳар бир нормаси иқтисодиётнинг барча жабҳасида макроиқтисодий барқарорликка эришиш, пировардида, мамлакат ривожи ҳамда халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш нуқтаи назаридан кўриб чиқилди. Мақсад — кодекс лойиҳасидаги ҳар бир норманинг амалиётда тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш, унинг халқчиллигини оширишдан иборатдир.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириш, ундаги зиддиятлар ва тушунмовчиликларни тугатиш, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ назоратининг шакл ва механизмлари, солиқ объектлари, солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлайдиган АКТни кенг жорий этиш билан боғлиқ бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилмокда.

Жумладан, солиқ назоратининг янги тартиби (камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити) таклиф этилмоқда.


Таҳлика-таҳлил дастури жорий қилинмоқда. Ушбу дастур фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил йўлак, сариқ йўлак, қизил йўлак) ажратади. Унга биноан, хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади. Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади ҳамда уларга молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилмайди. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан эса, солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади. Ўз-ўзидан аниқки, бундай корхоналар доимий назоратда бўлади.

Депутатларнинг фикрича, ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Лойиҳада солиқ тўловчилар ҳамда солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилди. Солиқ текшируви турлари 13 дан 3 тургача қисқармоқда.

Бундан ташқари, киритилаётган янгиликларга кўра, солиқ органлари томонидан ортиқча ундирилган суммаларга ҳар бир ўтган куни учун солиқ тўловчига фоиз тўланади. Хорижий сайёҳлар Ўзбекистонда сотиб олинган товарларга ҳисобланган қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) “Tax free” тамойили асосида қайтарилади. Мулкни (хизматларни) беғараз равишда топширишда тўланадиган ҚҚС бекор қилинмоқда. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан тўланаётган ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга туширилмоқда.

Лойиҳада солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб варақлари бўйича операцияларни 30 кундан ошмаган муддатга тўхтатиб туриш назарда тутилмоқда. Бунда солиқ тўловчининг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни 30 кундан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг илтимосномаси асосида суд томонидан қабул қилиниши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши бўйича янги меъёр киритилмоқда.

Солиқ ҳуқуқбузарликларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкциялар қўллаш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тартиби ҳам аниқлаштирилмоқда. Яъни, солиқ низоларини судгача муҳокама қилишни мажбурий ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Умуман, матбуот анжуманида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида акс этган шу ва бошқа кўплаб янгиликлар, муҳокамаларда билдирилган ҳамда бевосита парламент қуйи палатаси депутатлари таклифи билан киритилаётган ўзгаришлар хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар мажлисларида, шунингдек, жойлардаги муҳокамалар жараёнида депутатлар, тадбиркорлар, олимлар, экспертлар ва мутахассислар томонидан 300 дан ортиқ таклиф ва мулоҳаза билдирилди. Мазкур таклифлар қонун ташабусскорлари билан ишчи гуруҳларида кўриб чиқилиб, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасига 70 дан ортиқ таҳририй ва концептуал ўзгаришлар киритилди. Жумладан, лойиҳадаги солиқ қарздорлиги кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш ваколати Давлат солиқ қўмитасига тақдим қилиниши таклиф этилган эди. Муҳокамалардан сўнг йирик корхоналарнинг солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича рухсат бериш ваколати Давлат солиқ қўмитасига, қолган солиқ тўловчилар бўйича эса, ҳудудий молия ва солиқ органларининг хулосаси асосида Халқ депутатлари вилоят кенгашига берилиши кўзда тутилмоқда.

Умуман, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда тайёрлаш жараёнида жуда катта ҳажмли иш бажарилди. Лойиҳа ҳар тарафлама пишиқ-пухта ҳолга келтирилди. Галдаги вазифа эса аниқ — иккинчи ўқиш учун депутатлар эътиборига ҳавола қилиш ва уни моддама-модда кўриб чиқишдир.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.


Кўришлар сони: 799

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими