Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Норма ижодкорлиги: "ақлли тартибга солиш” модели қўлланилади

Норма ижодкорлиги: "ақлли тартибга солиш” модели қўлланилади

Кейинги йилларда барча соҳада изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар қонун ижодкорлиги соҳасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгилангани бежиз эмас.

Ана шундай стратегик режаларнинг мантиқий давоми сифатида 2018 йил 8 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича концепцияси тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонда ўтган йилларда таркиб топган қатор ижобий анъаналар қаторида Ўзбекистон қонунчилиги соҳаси базасида бир қанча камчилик ва муаммолар тўпланиб қолгани ҳам кўрсатиб ўтилган. Жумладан, қонун ҳужжатларида тизимлилик жуда заиф бўлиб, уларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишда тарқоқлиги таъкидланган. Бу эса, уларнинг бир-бири билан боғлиқлигига салбий таъсир кўрсатади. Бунинг оқибатида ҳуқуқий коллизиялар, яъни бир хил муносабатни бир неча ҳуқуқий нормалар билан тартибга солиш ҳолати ҳамда улар ўртасида зиддиятни вужудга келтиради. Турлича маъно берадиган ва талқин этиладиган ҳуқуқий нормаларнинг кўпайиши, қонун ҳужжатларининг мамлакат иқтисодиёти тармоқларига таъсирини баҳолаш механизмининг йўқлиги, умумий тусдаги қонунларнинг ҳамда қонуности ҳужжатларининг кўпайиб кетаётгани ҳамда шу каби бошқа масалалар норма ижодкорлиги фаолиятида қатор муаммолар мавжудлигидан далолат берар эди.

Ҳуқуқ ижодкорлигидаги юқорида тилга олинган муаммо ва нуқсонлар қонунчиликдаги шунчаки оддий масалалар эмас. Уларнинг мавжудлиги давлат ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатади. Фуқароларнинг ҳаёти ва фаровонлигини яхшилашга доир вазифаларга эришишга тўсқинлик қилади. Шу жиҳатдан улар кенг кўламли ислоҳотлар талабларига мутлақо зид ҳисобланади.

Ҳозирги кунда ушбу муаммоларни ҳал этишда давлат раҳбарининг юқорида тилга олинган Фармони ҳамда у билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси катта аҳамият касб этмоқда.

Фармонда ва Концепцияда белгиланган тадбирларни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш бир қанча ижобий натижаларни қўлга киритиш имконини беради. Биринчидан, қонунчилик базаси тизимлаштирилади. Бу барқарорликни таъминлаб, уларнинг амал қилиш самарадорлигини оширади. Иккинчидан, ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнлари сифати ошади, уларнинг ижроси устидан жамоат назорати, шунингдек, мониторингини амалга ошириш кучаяди. Учинчидан, норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишнинг янги шакллари татбиқ этилади. Тўртинчидан, норма ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементлари қўлланилади. Бешинчидан, норма ижодкорлиги фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштирилади. Зеро, бундай натижаларга эришиш Фармонда белгиланган норма ижодкорлиги фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.

Президентимизнинг мазкур Фармонига кўра, унда белгиланган вазифаларни таъминлаш учун кўплаб тадбирлар белгиланган, қатор давлат органлари зиммасига муайян мажбуриятлар юкланган. Фармонда (10 та тадбир) ҳамда Концепцияни амалга ошириш бўйича амалий тадбирлар режасида (26 та тадбир) белгиланган тадбирларни амалга ошириш ва назорат қилиш учун махсус комиссия тузилган.

Ҳозирги пайтда Олий Мажлис палаталарининг саъй-ҳаракатлари билан Фармонда белгиланган биринчи вазифа – Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона Услубиёти қабул қилинган бўлиб, у амалда ўз самарасини бермоқда.

Хусусан, вазирлик ёки республика идоралари томонидан ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари ҳамда улар қабул қилаётган қарор ва буйруқлар таҳлил қилинганда мазкур услубиёт ижобий самара бераётгани маълум бўлди. Услубиёт талаблари асосида яратилган ҳуқуқ ижодкорлиги муҳити ва ундаги қулайликлар туфайли идоравий норматив ҳуқуқий ҳужжатлар сифати ҳам яхшиланмоқда.

Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг 2019 йил 26-мартдаги қўшма қарори билан Президент Фармони юзасидан “Тўғридан тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштирилиши ва унификация қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган. Унга биноан, 2019 ва 2021 йилларда 61 та қонунни тизимлаштирган ҳолда қайта қабул қилиш режаси белгиланган. Шунингдек, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг фуқароларнинг жамоавий ташаббусларини электрон тақдим этиш (“Mening fikrim” веб-портали) фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги 2019 йил 2 февралдаги қарори ҳам давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони ижросини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.

Зикр этилаётган Фармондаги вазифаларни таъминлашда Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган ва Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳим роль ўйнайди. Ушбу Қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш, албатта, таҳсинга сазовар. Сабаби, уни қабул қилиш орқали Концепцияни амалга ошириш бўйича амалий тадбирлар режасидаги тадбирларнинг бир қанчаси ҳал этилиши кутилмоқда.

Мазкур режага кўра, Олий Мажлис палаталари зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш асоси ва тартибга солиш предметини фарқлаб қўйиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тартиби ва амал қилиш тартибига таснифлаш, қонун ижодкорлиги жараёнларига фуқаролар ва фуқаролик институти вакилларини жалб этиш орқали жамоатчилик муҳокамалари таъсирини кучайтириш шулар жумласидандир. Шунингдек, “ақлли тартибга солиш” моделини қўллаш, яъни амалдаги норма ижро этилишида фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва умуман, жамият томонидан сарфланадиган сарф-харажатларни қисқартириш учун уни бекор қилиш ҳамда ўрнига нисбатан кам харажатли нормани қабул қилиш ҳам муҳим вазифалардан саналади. Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни қўллаш мониторинги давомида уларни баҳолаш тизимини жорий этиш, қонун лойиҳаларининг парламентдаги муҳокамалари жараёнининг шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлигини таъминлаш ҳам белгиланган.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонини бажариш бўйича тузилган махсус Комиссия томонидан унда белгиланган барча тадбирларнинг ижроси қатьий назорат қилинмоқда. Фармон ижросини таъминлаш ишлари Комиссиянинг мунтазам ўтказиб келинаётган мажлисларида унинг аъзолари, давлат органларининг масъул ходимлари, депутатлар, олимлар, мутахассислар ҳамда жамоатчилик иштирокида манфаатдорлик руҳида муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Натижада ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнларининг сифати ошмоқда, демократик тамойилларга мослиги, шаффоф ва самарадорлиги янги даражага кўтариламоқда. Бу эса, давлатимиз раҳбари томонидан концепцияда илгари сурилган илғор ғоялар комиссия томонидан изчил ҳаётга татбиқ этилаётганининг амалий ифодасидир.

 

Йўлдош ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Респбуликаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Девони масъул ходими,

юридик фанлари доктори


Кўришлар сони: 119

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими