Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга киритишга нима тўсқинлик қилмоқда?

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга киритишга  нима тўсқинлик қилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Парламент Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов иштирокида ўтказилган мазкур йиғилишда янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш ишлари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бир қатор долзарб масалалар кўтарилиб, куюнчаклик билан фикрлар бирдирилган эди. Аввало, таълим-тарбия соҳасида замонавий, оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарсликлар, ўқув қўлланмаларини янгилаш зарурлиги, билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса, миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимлиги қайд этилган эди.

Юртимизда таълим тизимини такомиллаштириш, таълимни бугунги замон талаблари асосида ташкил қилиш мақсадида “Таълим тўғрисида”ги Қонунни бугунги кунда тизимда юритилаётган шиддатли ислоҳотларга мос равишда қайта кўриб чиқиб, янги таҳрирда қабул қилиш лозимлиги таъкидланган эди.

Шундан сўнг қисқа муддатда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Мамлакатимизда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжнинг қондирилиши, таълим соҳасига умумэътироф этилган замонавий халқаро стандартларни жорий этиш, шу тарзда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари қонун лойиҳасининг концептуал асосларини ташкил қилади.

Ана шу ёндашувга суянган ҳолда, лойиҳа ташаббускорлари қонун лойиҳасига бир қатор янги нормалар, тушунчалар ва моддалар киритган. Хусусан, лойиҳада катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тарибда педагогик фаолият билан шуғулланиш, давлат — хусусий шериклик, таълим соҳасига инвестицияларни киритиш, соҳада давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари, таълимда экспериментал, инновацион фаолият билан боғлиқ йўналишлар деган мутлақо янги норма ва тушунчалар акс этган.

Эътиборлиси, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига аввалги, замон синовидан ўтган мукаммал нормалар ҳам сақлаб қолинган ҳолда таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари ва таълим муассасаларининг фаолияти эркинлигини кенгайтиришни назарда тутувчи янги нормалар ҳам сингдирилган.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш мобайнида депутатлар, таълим соҳасида фаолият юритувчи экспертлар ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи томонидан кенг кўламли иш олиб борилди. Аввало, лойиҳа депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланганидан кейин парламент қуйи палатаси расмий веб-сайтига кенг муҳокамадан ўтказиш учун жойлаштирилди. Ишчи гуруҳи томонидан ўтган давр мобайнида лойиҳа юзасидан Қонунчилик палатасига фуқаролардан ва таълим муассасалари вакилларидан келиб тушган таклифлар таҳлил қилиниб, ўрганилди.

Бир қатор таълим муассасаларида қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор давра суҳбатлари ўтказилди. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида 14 вилоятдаги олий ўқув юртлари иштирокида видеоконференц алоқа тарзида тадбир ташкил қилинди. Умуман, ҳар бир ҳудуддаги таълим муассасаларида муҳокамалар ўтказилди. Педагоглар, экспертлар, олимларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари олинди.

Ана шу таклифлар асосида қонун лойиҳасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ҳаволаки нормалар чиқариб ташланмоқда.

Шунга қарамай, кенгайтирилган йиғилишда қонун лойиҳасида ҳал этилиши лозим бўлган принципиал, баҳсли бир қатор масалалар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Жумладан, Ҳукумат томонидан киритилган лойиҳада жисмоний шахсларнинг индивидуал таълим фаолияти (репетиторлик фаолияти) билан шуғулланишига доир норма акс этган. Бироқ ишчи гуруҳи томонидан мазкур нормани қонун билан тартибга солиш қанчалик мақсадга мувофиқлиги, сабаби, бундай фаолият бевосита таълим турига кирмаслиги ҳақида фикр юритилди. Боиси, репетиторлик — мустақил таълимга тааллуқли фаолият туридир.  

Ана шуларни ҳамда лойиҳада бошқа баҳсли нормаларнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш ишларини давом эттириш лозимлиги айтилди. Ўз навбатида, лойиҳани республикамизнинг ҳар бир вилоятидаги олий ўқув юртларида олимлар, педагоглар иштирокида яна бир бор кенг кўламда кўриб чиқиб, муҳокамалардан ўтказиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.  

Зеро, депутатлар таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юртимизда таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоғи, соҳа ишини тубдан такомиллаштириш, умуман, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтармоғи лозим.


Кўришлар сони: 226

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими