Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Давлат бюджети: мунозаралар авж нуқтасига етмоқда

Давлат бюджети: мунозаралар авж нуқтасига етмоқда

Айни кунларда парламент қуйи палатасида “2020 йил учун Ўзбекистон Респуликасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан муҳокамалар авж нуқтасига етмоқда. Парламент тарихида илк маротаба қонун шаклида қабул қилинаётган мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати депутатлик корпуси томонидан экспертлар, мутахассислар, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ҳар тарафлама чуқур кўриб чиқилмоқда.

Хўш, Қонунчилик палатасида концептуал жиҳатдан қабул қилиниб, ҳозирда иккинчи ўқишга тайёрланаётган мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан сиёсий партиялар фракциялари қандай таклифлар бермоқда? Ҳужжат лойиҳасида акс эттирилаётган нормалар мамлакатни иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга қай даражада имкон беради ёки халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қанчалик хизмат қилади?

Парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ўртасида кечган ўзаро баҳс-мунозараларда депутатлик бирлашмалари айни шу саволларга жавоб излади. Қуйида ана шу мунозаралардан бир қисми эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Комилжон ЭРНАЗАРОВ, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

— Бюджет-молия тизимида катта ўзгаришлар бўляпти. Қонунчилик палатасида 2020 йилги бюджети қонун лойиҳаси барча қўмиталар, фракциялар ҳамда ялпи мажлисда биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўзининг сайловолди дастурида, шу билан бирга, ўз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳасини ҳар томонлама атрофлича муҳокама қилди.

Фракциямиз қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, айрим масалалар бўйича уни янада такомиллаштириш лозим, деб ҳисоблайди. Жумладан, лойиҳада юридик шахсларнинг фойда солиғини тўлиқ республика бюджетига ўтказиш таклифи киритиляпти. Албатта, бу масалада фракциямиз позициясига эга. Яъни, эртага маҳаллий ҳокимликларда корхоналар ёки юридик шахсларни, тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга бўлган қизиқиш пасайиб кетиши мумкин, деган хавотир билан мазкур масалани юридик шахслар фойда солиғининг муайян қисмини ўша ҳудуднинг ўзида қолдириш керак, деган фикрдамиз.

Албатта, ҳозирги кунда парламент қуйи палатасида ҳукумат вакиллари бўлган ишчи гуруҳи йиғилишларида бу масала инобатга олиняпти. Шу билан бирга, давлат бюджетнинг даромадлар қисми бўйича ҳам бизнинг бир неча таклифимиз, фикрларимиз бор. Яъни, фракциямиз Давлат бюджетининг харажатлар қисмида умуман иқтисодиёт соҳасига ажратилаётган маблағлар миқдорини доимий ошириб бориш тарафдори.

Айни вақтда, ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларни фақатгина давлат муассасаларига бериш эмас, балки давлат хусусий шерикчилик орқали ижтимоий соҳага хусусий секторни ҳам жалб қилиш тарафдоримиз. Бу, авваламбор, ўша соҳадаги рақобатни ривожлантиришга йўл очади.

Иноят ҲОЖИЕВ, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон парламенти тарихида биринчи марта Давлат бюджети қонун сифатида қабул қилиняпти. Фракциямиз ушбу қонун лойиҳасини ўрганиб чиқиб, ўзининг позициясини, айрим қарашларини, керак бўлса, эътирозларини билдириб ўтди.

Бизнинг асосий эътирозимиз шуки, қонун лойиҳасининг “республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга ўзгартиришлар киритиш” деб номланган 6-моддасида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ўтказиш билан боғлиқ. Мазкур моддада 10 фоизгача бўлган ўтказмаларни (ажратмаларни) ўзгартириш киритиш Вазирлар Маҳкамасига юклатиляпти, 10 фоиздан ошиқ ўтказмалар эса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиши белгиланяпти.

Савол туғилади: нега энди Давлат бюджети қонун сифатида Олий Мажлисда, яъни парламентда қабул қилинади-ю, уни ичидаги ўзгаришларни Вазирлар Маҳкамаси киритар экан? Бунинг сабаби нима? Биз бунга бутунлай қаршимиз. Фракциямиз Давлат бюджети қонун сифатида қабул қилиндими, у билан боғлиқ ҳар қандай ўзгариш парламент доирасида амалга оширилиши лозим, деган фикрда.

Иккинчи эътирозимиз маҳаллий бюджет маблағлари тақсимоти билан боғлиқ. Чунки, муҳокамалар чоғида кўрдик, қонун лойиҳасида бирор маҳаллий бюджет тўғрисида норма ҳам йўқ, маблағлар тўғрисидаги тақсимот ҳам йўқ. Умуман, маҳаллий бюджетга парламентнинг аралашуви сезилмаяпти.

Биз, парламент аъзоларининг асосий фаолияти ўзимиз сайланган ҳудудда кечади, фуқаролар — сайловчилар билан кўп ишлаймиз. Фуқароларга тиббиёт муассасаларида кўрсатиладиган хизматлар ҳам, таълим ҳам — барчаси маҳаллий бюджетлардан молиялаштирилади. Республика бюджетидан фақат республика аҳамиятига эга муассасалар молиялаштирилади.

Шунинг учун биз маҳаллий бюджетларнинг тақсимоти, маҳаллий бюджетда тиббиётга, таълимга ажратиладиган маблағлар миқдори, унда ишловчи ходимлар сони ва бошқа барча масалалар бўйича парламентга айнан мана шу қонун доирасида ўз таъсир кучимизга эга бўлишимиз керак.

Бундай таъсир кучига эга бўлмайдиган қонун лойиҳаси бўлса, бунга иккинчи ўқишга тайёргарлик жараёнида фракциямиз ўзининг позициясини шакллантиради ҳамда уни маъқулламаслик масаласини кўриб чиқади.

Қолаверса, яна битта масала – бугунги кунда тиббиёт соҳасида кейинги уч йилда маблағлар деярли икки баробардан кўп ажратиляпти. Аммо болаларга тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида Давлат бюджетидан йўналтирилиш кўзда тутилаётган маблағлар миқдори етарли эмас, деб ҳисоблаймиз.

Яхши биласиз, Конституциямизда болаларга тиббий хизмат кўрсатиш бепуллиги қайд қилинган. Яъни, 18 ёшгача бўлган болалар бепул тиббий хизматдан фойдаланиши керак.

Ҳолбуки, бугун болалар тўлиқ бепул тиббий хизматдан фойдаланяптими? Албатта, йўқ. Улар, айниқса, юқори технологияли операциялар, даволаш усуллари бўйича тиббиётдан тўлақонли бепул фойдалана олмаяпти.

Шу боис, 2020 йил Давлат бюджетида бу масалага жиддий эътибор қаратишимиз, болаларни тиббий хизматдан бепул фойдаланишини таъминлашга эришишимиз лозим.

Аваз ЎРИНБОЕВ, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Мазкур қонун лойиҳаси фракциямизда қизғин муҳокама қилиниши жараёнида бир қатор таклиф ва эътирозлар билдирилди. Хусусан, қонун лойиҳасининг 21-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали тайинланадиган ижтимоий нафақалар туман ва шаҳарлар бюджетидан молиялаштирилиши белгиланяпти. Бу қанчалик тўғри бўлади? Маълумки, бизнинг партиямиз дастурида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ўз аксини топган. Туманларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали тайинланадиган ижтимоий нафақалар салмоғи анчагина. Хўш, туман бюджети ижтимоий нафақаларни тўлаб беришга қанчалик имкони бор? Буни ўйлаб кўриш лозим.

Биз уларга кафолатланган тўловлар учун қандайдир механизм киритиш ёки республика бюджетидан молиялаштирилишга ўтказилиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчи масала – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳар бир ҳудуддан сайланади. Шундан келиб чиқиб, биз туман бюджетини тасдиқлаш жараёнида туман кенгашлари депутатлари билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам иштирок этиши мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз.

Фарҳоджон ҚУВВАТОВ, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзоси:

– Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳида атрофлича муҳокама қилиниши асносида кўплаб саволлар туғилди. Билдирилган фикрлардан бири – Бюджетномада парламент ажратмалари деб ажратилаётган маблағлар қайси йўналишлар бўйича тақсимланиши аниқ ёритиб берилмаган. Мисол учун, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ажратилаётган маблағлар нималарга сарфланиши ва қайси йўналишларда харажатлар қилиниши белгиланмаган. Яъни, бу келгусида зарурат туғиладиган бўлса, сарфланаётган бюджет маблағларнинг ижроси юзасидан самарали парламент назоратини амалга ошириш имконини бермайди. Шу нуқтаи назардан, келгусида Бюджетномаларни киритишда ажратилаётган маблағлар йўналишма-йўналиш кўрсатилишини таклиф қиламиз.

Бундан ташқари, 2020 йил учун режалаштирилаётган маблағларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига 2019 йилга нисбатан 17-18 фоиз кўпроқ маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Шу ўринда бир масала. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига 20 миллиард сўм маблағ ажратилаётган бўлса, қолган 262 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджетдан молиялаштирилиши кўзда тутиляпти. Бугунги кунда мана шу маҳаллий кенгашлар маҳаллий бюджетларни шакллантиришда имконияти қай даражада, деган савол туғилади.

Шунингдек, депутатлар жойларга чиқиб ўрганишлар жараёнида кўплаб муаммоларга дуч келамиз. Халқимиз томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўладиган тоза ичимлик сув таъминоти ёки чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаслиги шулар жумласидандир. Эндиликда, ушбу масалалар 2020 йилдан маҳаллий бюджетлар томонидан молиялаштириладиган бўлса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига қандай ваколатлар берилади? Бу масала ҳам очиқ қолмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Президентимиз томонидан 2030 йилга мўлжалланган Ўзбекитон Республикасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концецияси қабул қилинди. Мазкур концепцияда 2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар тўла-тўкис кўрсатиб берилган. Ваҳоланки, мазкур қонун лойиҳасида айнан мана шу йўналишлар акс этмаган. Келгусида Президент томонидан қабул қилинган қарорлар, Давлат дастурлари ижроси аниқ ва равшан кўрсатилиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Қонун лойиҳасининг қабул қилинса, 2020 йил 1 январдан кучга киради. Мазкур жараёнларда маҳаллий кенгашлар маҳаллий бюджетларни қабул қилишга улгура оладими? Шу боис, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари мазкур қонунни 1 январдан эмас, қабул қилинган кундан кучга киради, деган таклифни илгари суради. Токи, маҳаллий кенгашлар ҳам тўлиқ ўзининг маҳаллий бюджетларини қабул қилишга имкониятлари бўлсин.

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

– Давлат бюджетининг қонун билан қабул қилиниши парламентга катта масъулият ва жавобгарлик юклайди. Сабаби, авваллари биз парламент назорати фаолиятидан фойдаланиб, Ҳукуматдан у ёки бу масаланинг нега ҳал этилмаётгани, нимага бунга етарли маблағ ажратилмаётганини талаб қилиб, парламент назоратини ўрнатган бўлсак, эндиликда ундай қилолмаймиз. Чунки, уларда бу масалада аниқ жавоблар бўлади. Сабаби, 2020 йил учун мўлжалланган бюджет лойиҳасини ўзимиз тасдиқлаяпмиз. Вазирлик, соҳалар кесимида ажратилаётган маблағларга ўзимиз тортишувларимиз ниҳоясида овоз бериб, қабул қиламиз. Шу нуқтаи назардан, ажратилган маблағлар доирасидагина масалаларни талаб қилишимиз лозим бўлади. Шундан келиб чиқиб, энг муҳим соҳаларда ўзининг ечимини узоқ йиллардан буён кутиб турган масалаларни ҳал қилиш учун ҳозирги кунда ушбу қонун лойиҳаси билан етарли маблағ ажратилишига эриша олмасак, кун тартибидаги халқимизни қийнаб турган муҳим масалалар ечилмасдан қолаверади.

Абдуғани УМИРОВ, Ўзбектистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Фракциямизда Давлат бюджети масаласи жуда қаттиқ мунозараларга сабаб бўлди. Боиси, бюджет биринчи марта қонун асосида қабул қилиняпти. Шу туфайли, фракциямиз бюджет муҳокамасига катта масъулият билан ёндашиб, ўзининг бир қатор таклифини илгари сурди. Бугунги кунда маҳаллий кенгашларга ўз бюджетини қабул қилиш ҳуқуқи берилаётганини, бу билан уларга катта масъулият юклатилаётганини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, яна бир масалага эътибор қаратишни лозим деб биламиз.

Бугунги кунда бюджет маблағларини, умуман, республика бюджетининг бўш турган маблағларини депозитларга қўйиб фойда олиш амалиёти мавжуд. Лекин амалиётда маҳаллий бюджетларнинг бўш турган маблағларини депозитга қўйиш ҳуқуқи йўқ. Шу боис, фикримизча, бундай ҳуқуқ берилиши керак. Сабаби, эртага маҳаллий бюджет олувчилари ҳам ўзининг вақтинчалик бўш турган маблағларидан самарали фойдаланиши, бу маблағлар бесамар, бўш турмаслиги керак. Бу маҳаллий ҳокимликларда ҳам фойда топишга, яъни маҳаллий бюджет маблағларини кўпайтиришга бўлган қизиқишини орттиради, деб ўйлаймиз.

Бугунги кунда жуда яхши самара бериб ишлаётган яна бир таклифимиз – қўшимча топилган маблағларнинг 10 фоизи ўша ердаги фуқаролар таклифини эътиборга олган ҳолда, муаммоларни ҳал этишга сарфланмоқда. Биз бу таклифни юз фоиз қўллаб-қувватлаймиз ҳамда буни яна кўпайтиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Шу нуқтаи назардан, ўша ҳудуддан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳам мазкур маблағлар сарфланиши кўриб чиқиладиган туман Кенгаши сессияларига таклиф этилса, бу каби муаммоларни янада самарали ва холис ечишга имкон яратилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 255

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими