Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, ишчи гуруҳларида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш юзасидан фаол муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.

Аввал хабар берилганидек, парламент қуйи палатаси мажлисида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқуллаган эдилар. Барча сиёсий партияларнинг фракциялари ўз позициясини билдирганди.

Ҳукумат ҳамда парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси олдига лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида уни кенг муҳокамалар қилиш ва депутатлар томонидан билдирилган таклифларни кўриб чиқиш вазифаси қўйилган эди.

Шунинг учун деярли ҳар бир норма баҳсга сабаб бўлмоқда. Чунки, парламент тарихида илк маротаба мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати қонун шаклида қабул қилинмоқда. Бу депутатлар ва ҳукумат олдидаги катта масъулиятдир. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, фуқароларнинг манфаатлари ҳамда таклифларини ҳисобга олган оқилона ва мақбул бюджетни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Шундай қилиб, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари ва экспертлар иштирокидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг йиғилишида қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди. Лойиҳани такомиллаштиришга йўналтирилган аниқ фикрлар билдирилди.

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши кўзда тутилмоқда. Олий Мажлис қошидаги Давлат бюджети Бошқармаси мутахассисларининг қайд этишича, бу хорижий мамлакатлар қонунчилигида кам учрайди. Бундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида ушбу тушунча “Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар” билан алмаштирилмоқда.

Ундан ташқари, парламент аъзолари республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга ўзгартириш киритиш тартибига аниқлик киритиш зарурияти юзасидан бир тўхтамга келишди. Жумладан, ҳукуматга 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда бюджет маблағларини вазирликлар ва идоралар ўртасида тақсимлаш ҳуқуқи берилади. 10 фоиз ва ундан ортиқ миқдор бўлганида эса, Олий Мажлис палаталари ушбу жараённи амалга оширади.

Шунингдек, депутатлар қонун лойиҳасининг 12-моддасини “парламент республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорларини тасдиқлайди” деган норма билан тўлдиришни таклиф этмоқда.

Маҳаллий бюджетларнинг шаклланишида ва уларнинг даромадлари тақсимланишида, қўшимча маблағларнинг сарфланишида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ваколатларига тааллуқли нормаларга аниқликлар киритилмоқда. Депутатларнинг таклиф этишича, маҳаллий ҳокимликларнинг таклифлари юзасидан маҳаллий бюджетнинг 10 фоиздан кам бўлмаган қўшимча даромадларини ижтимоий соҳа ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади. Бунда жамоатчилик фикрига муҳим аҳамият қаратиш зарур.

Бундан ташқари, жорий йил 14 ноябрда ўтказилган палата мажлисида депутатлар томонидан бир қатор аниқ таклифлар билдирилган эди. Эътиборлиси, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда ана шу таклиф ва фикр-мулоҳазалар ҳар томонлама ўрганилиб, уларнинг аксарияти инобатга олинмоқда.

Жумладан, депутат Феруза Эшматова томонидан қонун лойиҳасида 2020 йилдан бошлаб, маҳаллий Кенгашларга бюджетларни шакллантириш ва қабул қилишда тўлиқ мустақиллик берилишини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз навбатида, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами учун қонун ҳужжатларида белгиланган тадбирлар, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тайинланаётган нафақалар, беморларга бериладиган ордерларнинг реал талабга мутаносиб бўлиши учун зарур маблағларни ўз вақтида, тўлиқ молиялаштирилишини ким кафолатлаб беришига ойдинлик киритиш лозимлиги қайд этилган эди.

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахслар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётган бир шароитда бу борада ҳали ҳам қилиниши лозим бўлган кўплаб масалалар мавжудлиги қайд этилди.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасининг 21-моддасига қўшимча равишда маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса, харажатларни қоплаш учун Вазирлар Маҳкамасига бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилиши, шунингдек, ушбу тартибда туман ва шаҳар ҳокимликлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат этишлари белгилаб қўйилишини кўзда тутувчи алоҳида банд киритилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров ҳам бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратиб, янги жорий этилган Солиқ концепциясида бюджет ташкилотларига ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз, хусусий сектор учун 12 фоиз этиб белгилангани таъкидлар экан, олий таълим муассасалари ҳам солиқ тўловчи сифатида ягона ижтимоий тўлов ставкасининг 25 фоизида тўлаб келаётганини айтган эди.

Лекин, депутатнинг фикрича, олий таълим муассасаларининг қарийб 70 фоиз, баъзиларининг эса, 95 фоиз харажатлари контракт тўловлари маблағлари ҳисобидан шаклланади. Шу сабабли, мазкур маблағлар халқ тўлаган пулдан ушланишини эътиборга олсак, олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси 12 фоизга туширилиши лозим. Таъбир жоиз бўлса, жамият ҳам оилага ўхшайди: ҳар қандай қўли калта оила фарзанди яхши таълим олсагина оёққа туриб кетиши мумкин...

Мазкур масала Қонунчилик палатасида Молия, Олий таълим ва ўрта-махсус таълими вазирликлари ва бошқа мутасадди вазирлик ходимлари иштирокида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутат томонидан кўтарилган ана шу долзарб масала атрофлича ўрганиб чиқилмоқда. Бу масалани ишлаб чиқилаётган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига киритиш таклифи илгари сурилди.

Депутатлар илгари сурган таклифга кўра, қонун лойиҳасининг 11-моддасига қўшимча равишда Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тасдиқланган умумий харажатларининг 3 фоизидан ошган қисмини ишлатишга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан рухсат бериш нормаси киритилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, депутатлар томонидан ҳар томонлама чуқур ўрганишлар асосида муҳокама қилинаётган мазкур қонун лойиҳасига шу каби 20 га яқин ўзгаришлар киритилмоқда.

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси давом этмоқда.


Кўришлар сони: 247

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими