Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан ортиқроқ вақт қоляпти. Бу хулоса чиқариш ва келаси йилга режалар тузиш фурсати ҳисобланади. Режалар хусусида гап кетганда, ислоҳотларнинг самарали бўлишида мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати прогноз параметрлари муҳим ўрин тутишини таъкидлаш жоиз.

Якунига етаётган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлисини ўтказди. Унда депутатлар “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат Бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Мажлис формати шу каби тадбирларни ўтказишдаги анъаналардан умуман бошқача тарзда ўтди. Сабаби, бюджет қонуни нафақат парламент тарихию тажрибасида, умуман, мамлакат ҳаётида янги институт ҳисобланади.

Барчамизга маълум, аввалги йилларда парламент Давлат бюджетини маъқуллаган, бюджет параметрлари эса, ундан кейин давлат раҳбарининг қарори билан тасдиқланган. Одатда, муҳокамалар расмий характерга эга бўлиб, узоғи билан икки-уч кун давом этган. Ўша пайтда бюджет маълумотларининг очиқлиги ва сифати ҳақида гапириш мушкул эди. Бу вазият бюджет маълумотларини чет эллик инвесторларга етказишга тўлиқ даражада имкон бермаган. Яъни, Давлат бюджетининг шаклланиши ва ижро этилиши жараёнида парламент вакиллари ва фуқароларнинг иштироки деярли сезилмаган. Шундай ҳолатлар ҳам бўлар эдики, депутатлар ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўлалигича тушуниб, англаб етмагани боис, уларга кўп ҳам қўшимча ёки ўзгартиш кирита олишмаган.

Шу маънода, мамлакат ва парламент олдида иқтисодий ҳамда молиявий статистик маълумотларнинг соддалиги, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашда янги механизмларни жорий этиш масаласи турган эди. Уларни амалиётга татбиқ қилиш ишлари эса, аввалдан бошланди.

Ўтган йилнинг август ойида Президентимизнинг “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ қонун билан тасдиқланадиган бўлди. Бундан ташқари, Президент ташаббуси билан, ўтган йилнинг декабрида Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада айтиб ўтилганидек, парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири бўлган Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Давлат бюджети бошқармаси ташкил этилди.

Кўрилган чоралар танланган йўлнинг тўғрилигини тасдиқлаган ҳолда, ўз натижасини берди. Бу сафар Парламент қуйи палатаси мажлисида мамлакат бош молиявий ҳужжатининг муҳокамалари кутилганидан ҳам қизғин ўтди. Бош вазир ўринбосари— молия вазири Давлат бюджетининг ҳар бир йўналишини, яъни, маблағлар қаерга ва қандай мақсадларда сарфланишни бирма-бир изоҳлаб берди. Шунга қарамай, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлик бирлашмалари иқтисодиёт тармоқларининг янада самаралироқ бўлиши, аҳоли билан учрашувлар чоғида кўтарилган долзарб масалалар ечими юзасидан конструктив таклифлар билан чиқишди. Мажлисда депутатларнинг жуда фаоллиги кузатилди, улар ҳукумат олдига биринчи навбатда халқ манфаатларига тааллуқли, фуқароларнинг фаровонлиги билан боғлиқ жиддий вазифаларни қўйдилар. Ушбу ҳаётий масалалар, авваллари бўлгани каби, кабинетда ўтириб олиб эмас, балки, халқ билан мулоқот натижасида шакллангани эътиборга моликдир.

Бундан ташқари, депутатлар муҳокамага яхши тайёргарлик кўргани яққол кўзга ташланди. Бунда парламент ҳузуридаги Давлат бюджети бошқармаси томонидан ўтказилган уч кунлик семинарлар муҳим ўрин тутди.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси А. Абдуқодиров вазирлик ва идоралар ҳузуридаги жамғармалардан фойдаланиш тартибини ким назорат қилиши ҳақида ҳукуматга савол қўйди. Депутатнинг фикрига кўра, жамғармаларнинг ҳажми триллионлаб маблағларни ташкил этишига қарамай, бугунги кунда амалиётда уларни назорат қилиш механизмлари мавжуд эмас.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси вакили А. Ҳамроев инвесторларга ер ажратиш, банклардан кредит олиш ва расмийлаштириш жараёнларидаги қийинчиликларга эътиборни қаратди. Депутат инвестициявий жозибадорликни ошириш масаласида айни йўналишда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Х. Рўзметов мамлакат иқтисодиёти тармоқларини ислоҳ қилишда ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи асосий ўрин тутиши, унинг юқори бўлиши учун ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш муҳим эканини таъкидлаб ўтди. Шу муносабат билан, депутат ҳукуматни мазкур йўналишдаги ишлар ҳақида иқтисодий ва молиявий терминлар билан эмас, балки, халқ учун тушунарли тилда очиқ маълумотлар тақдим этишга чақирди.

Умуман олганда, парламент ва ҳукумат аъзолари очиқчасига гаплашиб олдилар. Мажлис якунида барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари ва вакиллари ўз нуқтаи назарни баён қилдилар. Улар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқулладилар, аммо, ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклифлар муҳокама қилиниб, лойиҳага киритилиши юзасидан ҳукумат ва парламент қуйи палатасининг масъул қўмитаси олдига вазифа қўйдилар.

Мажлис бир неча соат давом этди. Бу орада ҳукумат парламентнинг фикрлари ва таклифларини эшитишга тайёрлиги, бюджет қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишгача такомиллаштиришга тайёр экани маълум бўлди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ



Кўришлар сони: 349

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими