Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Волонтёрлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Волонтёрлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида депутатлар томонидан ишлаб чиқилган «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бирйўла уч ўқишда қабул қилинди.

Хўш, мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нимада? Унга қанчалик зарурат бор эди? Ҳужжат нималарни назарда тутади?

Парламент қуйи палатаси депутатлари ҳамда депутатлик бирлашмалари аъзолари бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Жаҳонгир ШИРИНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўзбекистонда кўнгиллилик ҳаракати кенг ривожланган. Лекин ҳозирга қадар бу масала умуман ҳуқуқий тартибга солинмаган эди. Бу эса, ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг энг асосий сабаби бўлди. Шу туфайли, қонундан кўзланган мақсад ҳам юртимизда кўнгиллилар фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, волонтёрлик фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйишни таъминлаш ҳамда ривожлантиришдан иборат этиб белгиланди.

Қонун бир қатор муҳим жиҳатларни қамраб олган. Хусусан, мазкур ҳужжат кўнгиллилик фаолиятининг шакл ва усулларини жорий қилиш (кўнгиллилар ташкилотларини тузиш, кўнгиллилик дастурларини шакллантириш орқали)ни, кўнгиллилик фаолиятини амалга оширувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашни назарда тутади. Шунингдек, унда Адлия вазирлигининг кўнгиллилар фаолиятини рўйхатга олиш реестрини жорий қилиш ва уни мунтазам янгилаб бориши белгиланмоқда. Бундан ташқари, «кўнгиллилик шартномаси»ни амалиётга жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Қонун бирйўла уч ўқишда қабул қилингани бежиз эмас. Зеро, қонун лойиҳаси устида қарийб ярим йил иш олиб борилди. Парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталари йиғилишларида ойлаб муҳокамадан ўтказилди. Депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, такомиллаштирилгач, ялпи мажлисга олиб чиқилди.

Абдуллажон ҲАМРОҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Бугунги кунда 80 дан зиёд мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Давлатлар томонидан катта ёрдам кўрсатилаётгани боис, кўнгиллилар сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айланиб бормоқда. Кўнгиллилар ўз фаолияти давомида қатор муҳим ижтимоий хизматларни кўрсатади, улар муайян товарларни ишлаб чиқаради, ўз манбалари ҳисобидан жамиятнинг эҳтиёжманд қатламларини қаноатлантиради, давлат органларининг айрим вазифаларини зиммасига олади.

Энди мамлакатимизда бу соҳа алоҳида қонунга эга бўлганини катта воқелик сифатида баҳолаш мумкин. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши юртимизда кўнгиллиликни ривожлантиришга, айниқса, ёшларнинг волонтёрлик фаолиятига қизиқишини оширишга рағбат уйғотиб, туртки беради.

Хайрулла РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:   

— Кўнгиллилик — ихтиёрийликка асосланган фаолият. Албатта, бир-бирига ёрдам бериш, кўмаклашиш, оғирини енгил қилишга ҳисса қўшиш, умуман, кимгадир беғараз яхшилик қилиш халқимиз қадриятларидан ҳисобланади.

Шу маънода, мазкур қонун бизга жуда керак эди. Боиси, у юқорида санаб ўтган барча хусусиятларни ўзида қамраб олган бўлиб, кўнгиллилик фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади, уни рағбатлантириш ҳамда ривожлантиришга ёрдам беради.

Исломжон ЗОКИРОВ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партия фракцияси аъзоси:

— Юртимизда кўнгиллилик ўзига хос салоҳиятга эга институт сифатида тараққий этиб бормоқда. Боиси, кўнгиллилик фаолияти халқимизнинг онгига ва менталитетига чуқур сингиб кетган кўп асрлик қадриятларга эга. Социологик тадқиқотларга кўра, қарийб 90 фоиз нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширишда кўнгиллилардан унумли фойдаланади. Уларнинг энг фаоллари – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Қизил ярим ой жамияти, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобланади. Ўз навбатида, давлат ҳокимияти органлари ҳам йирик халқаро конференциялар, семинарлар, спорт мусобақалари ва бошқа оммавий ижтимоий-сиёсий тадбирларга кўнгиллиларни таржимон, кузатувчи сифатида фаол жалб қилади.

Шу туфайли, депутатларимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, қабул қилинган мазкур қонуннинг аҳамияти ниҳоятда беқиёс бўлиб, у соҳани янада такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Акмал ЖУМАБОЕВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Ҳозирда волонтёрлик билан шуғулланаётган юртдошларимиз сони тобора ортиб боряпти. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали кўнгиллилик фаолиятига бел боғлаганлар сафи кун сайин кенгаймоқда. Улар хайрия тадбирлари, акциялари ҳамда ёрдам кўрсатиш бўйича бир мақсад йўлида бирлашмоқда. Қийналган одамларга кўмаклашиш, ногирон, ёлғиз кексаларга ғамхўрлик қилиш, йўқолган инсонларни излаб топиш, ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, эгасиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш, эҳтиёжмандларга дори-дармон сотиб олиш, қиммат тиббий операцияларни бажариш учун маблағ йиғишга ҳамда бошқа беғараз ёрдам тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиб келмоқда.

2017 йилда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон ёшларининг бутунжаҳон ассоциациясини тузди. Бу ассоциациянинг асосий фаолияти ҳам кўнгиллилик билан боғлиқдир.

Ана шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун мамлакатимизда миллий қадриятларимизга монанд равишда кенг қулоч ёзаётган кўнгиллилик фаолиятини янада такомиллаштиришга, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ривожлантиришга кўмаклашади.

 

 

Комила КАРОМОВА, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

Мамлакатимизнинг кўнгиллилар фаолияти ривожланган давлатлардан фарқли жиҳати ушбу фаолиятни амалга оширишни тартибга солувчи қонуннинг йўқлиги эди. Мазкур ижтимоий фаолият тури, фақатгина «Ҳомийлик тўғрисида»ги қонунда қисман ёритилган. Ҳолбуки, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатларининг миллий базасидаги ҳужжатлар сон 46 мингдан ортиқ бўлиб, 12 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда «волонтёр» тушунчаси мавжуд.

Энди қонунчиликдаги бу каби бўшлиқ тўлдириладиган бўлди. Соҳада алоҳида қонун қабул қилиниши кўнгиллилик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солиш ва волонтёрлик фаолиятини янада фаоллаштиришни рағбатлантиради.

Қодир ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистонда кейинги йилларда фуқаролик жамияти, унинг институтлари фаол ривожланяпти. Аҳолининг ижтимоий фаоллиги ўсиб бормоқда. Одамларнинг жамиятда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайиб, фуқаролик позицияси шаклланмоқда. Шулар қаторида волонтёрлик ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми ва унинг ривожланганлик кўрсаткичи бўлиб хизмат қилмоқда.

Волонтёрлар — юрт хизматига бел боғлаган ҳақиқий ватанпарварлардир. Мамлакатимизда хорижий давлатлардаги каби волонтёрлик турли миллий ва халқаро тадбирларни ўтказишда кенг учрайди. Масалан, хайрия тадбирлари ва акциялар ўтказилади. Спорт мусобақалари, йирик ижтимоий-сиёсий оммавий тадбирлар, хусусан, сайловларни ташкил қилишда ҳам кўнгиллиларнинг фаол иштироки кузатилади.

Кўнгиллилик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиниши жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини янада чуқур қарор топтиришга, бу фаолият билан шуғулланаётган барча фуқарога тенг ҳуқуқий шароит яратишга хизмат қилади.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳи аъзоси:

— «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши бир қатор масалаларни ҳал қилиш имконини беради. Аввало, бу ҳужжат кўнгиллилик фаолиятининг тартиб-тамойилларини белгилайди, мазкур турдаги фаолият тўғрисида ягона қонуний тушунчалар мажмуини шакллантиради. Энг муҳими, кўнгиллилик фаолиятини янада фаоллаштиришни рағбатлантиради, бу борада волонтёрликни амалга ошириш учун қўшимча кафолатларни яратади. Давлат органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг кўнгиллилар билан ҳамкорлик усуллари ҳамда шаклларини аниқлайди.


Кўришлар сони: 80

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...

19.11.2019
ХДП фракцияси аъзолари қандай фикрда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши...

19.11.2019
«Миллий тикланиш» ДП фракцияси ўз позициясини билдирди

Тадбирда «Миллий тикланиш» демократик партиясининг дастурий мақсадларига уйғун тарзда белгиланган...

Тадбирлар тақвими