Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Ҳуқуқий мониторинг нега керак?

 Ҳуқуқий мониторинг нега керак?

Қонунни билмаслик ёки тушунмаслик, нормаларни нотўғри қўллаш ва талқин қилиш мазкур қонуннинг ижросига салбий таъсир кўрсатиши, натижада ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига замин яратади.

Бугунга келиб, қонунчилик тизимимизда амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони 51 мингдан зиёдни ташкил қилади. Бироқ соҳага оид қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жойларда бирдек ижро қилиш, нормаларни тўғри тушуниш ва тушунтириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ қилиш масаласи ҳамон долзарблигача қолмоқда.

Амалиётда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини қўллашда маъноларининг бузиб талқин қилиниши натижасида мансабдор шахслар томонидан ноқонуний ва мутлақо асоссиз қарорлар қабул қилиниши ҳолатлари учраб туради. Турли ҳуқуқий ҳужжатларда бир-бирига зид, коррупцияни келтириб чиқарувчи нормалар ҳам йўқ деб бўлмайди. Қолаверса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижтимоий муносабатларни тўлиқ тартибга сола олмаслиги, юридик-техник жаҳатдан маромига етказилмагани ҳамда бошқа сабаблар уларнинг ҳуқуқий мониторингини олиб бориш заруратини келтириб чиқаради.

Мазкур ҳолатлар фуқаролар, айниқса, кўпроқ тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Сўнгги вақтларда тез-тез қулоғимизга чалинаётган уй-жой бузилиши ва қурилиши бўйича қонун ҳужжатлари ва техник регламентларга риоя қилмаслик билан боғлиқ масалалар ҳамда йўл ҳаракати қоидалари, автомобилдан фойдаланишга доир ҳуқуқий ҳужжатларнинг нотўғри талқин қилиниши ортидан келиб чиқаётган низоларни бунга мисол келтириш мумкин.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 ноябрдаги “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қарорга кўра, эндиликда қонунчилик базасидаги барча қонун ҳужжатларини ҳуқуқий мониторингдан ўтказиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тизими жорий қилинади.

Тизимнинг вазифаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллашнинг ягона амалиётини жорий қилиш, ижтимоий муносабатларни ўзида тўлиқ қамраб олмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётга мувофиқлаштириш, бир-бирига зид, такрорланувчи нормаларни унификация қилиш ва бошқалардан иборат.

Ҳужжатга кўра, мониторинг ўтказилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати уларни тушунтириш бўйича келиб тушган мурожаатлар сони, амалиётда қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар, тартибга солишдаги мавжуд низолар ва камчиликлар, бир хил талқин қилинмаслиги, давлат органлари томонидан ноқонуний ёки ассосиз қабул қилинган қарорлар билан боғлиқ ижобий ҳал этилган мурожаатлар сонини таҳлил қилиш натижасига, шунингдек, бошқа масалаларга кўра шакллантирилади.

Таъкидлаш керакки, мазкур қарор қабул қилиниши натижасида ҳуқуқни қўллаш соҳасида кўплаб ноаниқликларга, шунингдек, зиддиятли ҳолатларга чек қўйилишига эришилади. Хусусан, ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши муайян соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга киргач, уни амалиётда қўллашда вужудга келиши мумкин бўлган бўшлиқларни юзага чиқаради, норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан қамраб олинмаган соҳадаги ижтимоий муносабатлар аниқланиб, уни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ тартибга солиш таъминланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бўйлаб барча ҳудудларда қонунлар, қарор ва фармонларни ижро этишнинг ягона амалиёти йўлга қўйилади. Бу, ўз навбатида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлича талқин қилинишининг олдини олади ҳамда бир хилда ижро этилишига замин яратади.

Бундан ташқари, мониторинг жараёнида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқни қўллаш амалиётига қанчалик мос экани ўрганилади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қўлланилган тушунча ва атамалар ягона кўриниш ва тизимга келтирилади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мониторинг тизимининг жорий қилиниши кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг ҳам ижтимоий ҳаётига ижобий таъсир этмасдан қолмайди. Шунингдек, бу келгусида шарҳ беришга эҳтиёж туғиладиган қонун нормаларини аниқлашга, уларга расмий шарҳ бериш орқали ижроси оқсаётган нормаларнинг амалиётда тўғри қўлланилишига кўмак беради. Бинобарин, пухта ва сифатли қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг маъноларини тўғри тушуниш, нормаларни қўллашда ягона талқинга асосланган амалиётнинг шаклланиши тадбиркорлар ва фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланишда ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, сарсонгарчиликларининг олдини олиш имконини яратади.

 

Жамолиддин ВАҚҚОСОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Юридик бошқармаси

катта референти


Кўришлар сони: 89

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...

Тадбирлар тақвими