Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Бандликка оид қонунчиликни такомиллаштириш — давр талаби

Бандликка оид қонунчиликни такомиллаштириш — давр талаби

Бугун демографик ўсиш натижасида меҳнат бозорида талаб кучайиб бормоқда. Бу эса, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига янада жиддий эътибор қаратишни тақозо этади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб 170 миллиондан ортиқ аҳоли ишсизлик муаммосидан азият чекади. Мазкур муаммо Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди, албатта. Шу боис юртимизда аҳолининг миллий ўзига хослигидан келиб чиқиб, халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда, бандликка оид қонун ҳужжатлари такомиллаштириб борилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йилнинг
8 ойлик ҳисоботида келтирилган маълумотда таъкидланишича, жорий йил
1 июль ҳолатига кўра, меҳнатга лаёқатли аҳолимиз сони 18 миллион
954 минг, банд аҳоли сони эса, 13 миллион 376 минг кишини ташкил этади.

Жорий йил биринчи ярмида ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган (ўтган йилнинг шу даврида - 9,3 фоиз). Демак, мазкур рақамлардан бу борада кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни амалга ошириб бориш кераклиги маълум бўлади.

Яхши биласиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
5 мартдаги қарори билан, жорий йилдан илк бор янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тасдиқланди. Қарорга асосан, 2019 йилда 370 минг янги иш ўринлари ташкил этилиши ва 182 минг аҳоли вақтинчалик иш ўринларига жалб қилиниши белгиланган.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг аҳолини иш билан таъминлаш бўйича қонунчилигини янада такомиллаштириш заруратга айланиб бораётганини кузатиш мумкин. Айни жиҳатдан келиб чиқиб “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштириш мақсадида унинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

1998 йилда қабул қилинган амалдаги қонун бугунги кун нуқтаи назаридан реал воқеликни тўлиқ қамраб олмайди. Тўғридан-тўғри амалиётга татбиқ этиш учун ҳам мураккабдир.

Шу тариқа аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, меҳнат бозорини ва меҳнат миграциясини назорат этиш билан боғлиқ янги муносабатларни қонуний мустаҳкамлаш зарурати юзага келмоқда.

“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирдаги лойиҳасининг ўзига хослиги шундаки, у тўғридан-тўғри амалиётга татбиқ этиладиган ҳужжат бўлмоқда. Шунингдек, лойиҳа
3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та қарор ва фармони, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган бандлик, меҳнат бозори, меҳнат миграцияси ташкилотини назорат қилишга оид 40 дан ортиқ ҳуқуқий нормаларни қамраб олади.

Лойиҳада янги норма сифатида “иш ўрни”, “меҳнат бозори”, “меҳнат миграцияси”, “иш ўринларини яратишга давлат буюртмаси” каби меҳнат миграциясини назорат қилувчи ва бандликни таъминлаш тажрибасида қўлланилувчи тушунчалар акс эттирилган. Алоҳида янги моддалар билан янги иш ўринларини яратишни рағбатлантириш, тадбиркорлик фаолиятини, фермерликлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш, микрокредитлар бериш дастурларини молиялаштириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир нормаларни ўз ичига олган. Қолаверса, ишсизлик учун компенсация ва ижтимоий кафолатлар, ишсизлик бўйича нафақа белгилаш, тўлов шартлари, банд бўлмаган, фаол иш қидираётган ҳамда ишсиз шахсларни рўйхатга олиш, ҳисоблаш тартиби қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилган.

Учинчидан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси асосий халқаро стандартларга, жумладан, Ўзбекистон ратификация қилган ХМТнинг Бандлик соҳасида сиёсат тўғрисидаги Конвенцияси, Иш ўринлари тўғрисидаги глобал пакт, 2013 йил қабул қилинган янги демографик контекстда ижтимоий ҳимоя ва бандлик ҳақидаги Резолюция талабларига ҳам жавоб беради.

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши фуқароларнинг нафақат юртимизда бандлигини таъминлаш, балки меҳнат мигрантлари ҳақида тўлиқ маълумот базасини шакллантириш, уларнинг хорижга ишлашга кетишидан олдинги тайёргарлиги, мигрантларнинг чет элдаги бандлиги, моддий ва ижтимоий ҳимоясини мониторинг қилиш билан алоқадор яхлит масалаларни ҳал қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади. Шунингдек, мамлакатимиз аҳолисини чет давлатларда ҳам ишга жойлаштириш, ишсизликдан ҳимоя қилиш механизмини аниқ назорат этиш, давлат хизмати ва хусусий сектор томонидан бандликка кўмаклашиш, ишга жойлаштириш бўйича хизмат кўрсатиш шароитлари ҳамда тартибини аниқлаш кафолатлари, имкониятларини кенгайтиради.

 

 

Гулмира БЕКДУРДИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Девони ходими

 


Кўришлар сони: 257

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...

19.11.2019
ХДП фракцияси аъзолари қандай фикрда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши...

Тадбирлар тақвими