Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Халқимизга нима наф беради?

Халқимизга нима наф беради?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда парламент фракцияларида кенг муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад мамлакатимиз аҳолисининг даромад топишга қаратилган муайян фаолият билан шуғулланишига, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уни янада ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, бу борада мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, том маънода оилавий тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратишдан иборат.

Эътиборли жиҳати, ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилган. Фракциялараро баҳслар давомида депутатлар ушбу қонун лойиҳаси бўйича очиқ фикр-мулоҳаза билдириб, ўз қарашларини баён қилдилар.

Соҳибжон ИСМОИЛОВ, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

– Аввало, мазкур қонун лойиҳаси амалда нима беради, деган саволга жавоб излаш керак. Хусусан, лойиҳанинг 28-моддаси мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес вакилларини, умуман, тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиб, энг асосийси, реал ҳаётда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга кенг имкон беради. Бошқача айтганда, лойиҳа, ҳеч шубҳасиз, барча соҳаларда янги иш ўринлари ташкил этилишида муҳим ҳуқуқий омил бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қонун лойиҳаси бўйича депутатларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, қўшимча равишда, ҳатто, Энергетика вазирлиги билан ҳам келишиб олинди. Шунинг учун амалдаги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни партиямиз жуда муҳим, деб ҳисоблайди ҳамда уни иккинчи ўқишда қўллаб-қувватлайди.

Акмалжон УМРЗОҚОВ, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Мен Риштон сайлов округидан сайланганман. Биласиз, Фарғонада миллий ҳунармандчилик, кулолчилик яхши ривожланган. Сўзсиз, водийда оилавий тадбиркорлик миллий қадрият даражасига кўтарилган ва бу қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар улар фаолиятини янада жонлантириши табиий.

Лекин эътиборингизни бошқа бир жиҳатга қаратмоқчиман. Биласиз, бизнинг ҳунармандлар асосан чинни ва сопол идиш маҳсулотларини тайёрлашда табиий газдан фойдаланишади. Тўғри, чинни маҳсулотларини ясаш жараёнида табиий газ кўп истеъмол қилинади. Бироқ, миллий қадриятларимиз ҳисобланган сопол буюмларини ишлаб чиқаришда унчалик ҳам кўп миқдорда табиий газ сарфланмайди. Ҳар қандай табиий неъмат чегарасиз, туганмас эмаслигини инобатга олиб, сопол буюмларини ишлаб чиқарувчи оилавий корхоналарга улар қанча табиий газ ва электр энергияси истеъмол қилишига оид муайян чегара ёки чеклов меъёри тўғридан-тўғри қонунда белгилаб қўйилиши шарт, деб ҳисоблаймиз. Мақсад – муайян фаолиятга ғов қўйиш эмас, аксинча бугунги кунда аниқ талаблар бўлмагани боис, ҳозир оилавий корхоналар фойдалана олмаётган имтиёзлардан келгусида тўлиқ фойдаланишига замин ҳозирлаш ва табиий бойликни тежаб, ундан мақсадли фойдаланишда суиистеъмолчилликка йўл қўймасликдир.

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ, Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси:

– Ҳар икки партия вакили ҳам муайян даражада ҳақ. Шу боис улар билан бу борада баҳслашиш унчалик тўғри бўлмайди. Лекин халқимизга қулоқ тутсангиз, ҳар бир ишда адолат бўлмоғи кераклигини айтишдан чарчамайди. Шу маънода «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳаммага бирдай муҳим ва қизиқ.

Бундан ташқари, нотурар жой бино-иншоотларидан фойдаланилганда, коммунал тўловлар учун тўлов аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Шу боис, мазкур қонун лойиҳасига ижтимоий адолат тамойилларини қатъий сингдиришни таклиф этаман.

Бунда барчага, хусусан, тадбиркорларга тенг шароит яратиш орқали соғлом рақобат муҳитини қарор топтиришимиз керак. Дейлик, табиий бойликдан фойдаланишда кичик тадбиркор учун бошқа нарх бўлиши, ўрта тадбиркорга ўзгача нарх белгиланиши, ўз навбатида, улар томонидан ишлаб чиқиладиган маҳсулотларнинг нархига салбий таъсир этиши мумкин. Шунинг учун ушбу қонунни муҳокама қилаётганда, тарознинг икки палласини тенг тутиш давлат ва жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топишига хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Аҳад АҲМЕДОВ, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

– Албатта, халқимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилишда уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш давлатимиз учун муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ижобий амал партиямизнинг сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифаларимизга ҳам тўла мос келади.

Яхши биласиз, ҳар ким ҳам тадбиркор бўлавермайди. Лекин давлатимиз раҳбари ҳар бир оилани тадбиркор бўлишга даъват этаётган бир пайтда, биз халқимиз эртанги порлоқ кунини бугундан бошланаётганини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун партиямиз фракцияси аъзолари мазкур қонун лойиҳасини бир овоздан қўллаб-қувватлайди.

Хайрулла ҒАФФОРОВ, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи аъзоси:

– Тўғри, бу баҳсда ҳар бир партия ўз фикрини билдиришга ҳақли. Лекин гап миллий бойлигимиз, хусусан, табиий газ ҳақида борар экан, ушбу қонун лойиҳасини ҳар томонлама ўйлаб кўриш керак бўлади. Шу боис мен «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси билдирган фикрни қўллаб-қувватлайман. Буни реал ҳаётда, масалан, новвойлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳозирда кичик тадбиркорлар тандирларда нон ёпиши учун асосан табиий газдан фойдаланса, ўрта бизнес вакиллари цехларда турли хил нон маҳсулотларини тайёрлашмоқда.

Хўш, ана шундай шароитда буни тартибга солиш керак бўлади. Сабаби, халқимизнинг ерости ва ерусти бойликлари чекланган бўлиб, ундан оқилона фойдаланмаслик кутилган натижани бермайди. Бир нарсани унутмайлик, давлатимиз раҳбарининг бу борада инновацион ёндашиб, барча соҳаларда энергия тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиб, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратаётгани бежиз эмас.

Айни жиҳатдан қараганда, халқимизга наф келтирувчи «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги мазкур қонун лойиҳасини яна бир бор чуқур таҳлил қилиб, керак бўлса, экспертлар, ҳунарманду тадбиркорлар билан кенгашиб, бир қарорга келиш фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайман.


Кўришлар сони: 197

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...

Тадбирлар тақвими