Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини кенг татбиқ этиш, миллий мутахассислар техник омилкорлигини халқаро даражага олиб чиқиш масалаларида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан соҳада модернизация ишларини амалга ошириш бўйича бир қатор янги манзилли дастурлар ва лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, унинг самарадорлигини ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар ва айниқса, аҳолининг кенг қатламлари сезиши лозим.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент Қонунчилик палатасига киритилган янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айнан шу мақсадни кўзлаб, унда ўлчаш воситаларининг калибровка тизимини халқаро талаб ва меъёрларга мослаштириш, метрология хизматларини кўрсатишга бизнесни жалб қилиш, давлат метрология назорат тизимини такомиллаштириш каби асосий йўналишлар назарда тутилган.

Мазкур қонун лойиҳаси юзасидагн Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган муҳокамаларда депутатларнинг ўрганишлари, аҳоли билан ўтказилган учрашувларда кўтарилган муаммолар, ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлар дуч келаётган ҳолатлар атрофлича таҳлил этилди.

Депутатларнинг таъкидлашича, мамлакатимизнинг метрология соҳасидаги ҳуқуқий базаси халқаро талаблар билан тўлиқ уйғунлашмаган. Республикада амалга оширилган ўлчашлар ва синовлар натижалари ҳорижда тан олинишига жиддий тўсиқлар мавжуд. Соҳада хусусий сектор улушининг камлиги, метрологик лабораториялар техник базасини модернизация қилиш масалаларига эътиборнинг сустлиги саноат тармоқларида ҳамда ижтимоий соҳаларда метрологик таъминотини амалга оширишда бир қатор муаммолар йиғилиб қолишига асос бўлмоқда.

Шунингдек, ўлчашларнинг асосий пойдевори бўлган миллий эталон базаси етарли даражада ривожланмаган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 12 та миллий эталон мавжуд бўлиб, бу тараққий этган мамлакатларга қараганда паст кўрсаткич ҳисобланади. Шу боис, айрим ишлаб чиқарувчи корхоналар технологик жараёнда фойдаланиладиган ўлчаш воситаларни калибровка қилиш мақсадида хорижий мамлакатларга олиб боришга мажбур бўлмоқда.

Бундан ташқари, аҳоли ва юридик шахслар ихтиёрида бўлган ўлчаш воситалари (маиший ҳисоблагичлар)ни қиёслашда бир қатор ноқулайликлар, бюрократик тўсиқлар, тарафларнинг манфаатлари тўқнашуви ҳам мавжуд.

Ушбу номутаносибликларни бартараф этиш масаласи янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий мақсади бўлиб, мазкур қонун депутатлар ҳамда соҳа мутахассислари фикрлари ва тавсиялари асосида иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, депутатларнинг 2017-2018 йиллар давомида жойларда олиб борилган ўрганишлари давомида аҳолининг электр энергияси ва газ сарфи ҳисоблагичларини давлат қиёсловидан ўтказиш билан боғлиқ муаммоларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари номига парламент сўровининг юборилиши натижасида ўз ечимини топди. Бироқ ечимини кутаётган масалалар тўлиқ ҳал этилмади ва бу ишларни охирига етказишни депутатлар ўз назоратида қолдирдилар.

Жумладан, метрологик хизматларни амалга оширишнинг шаффоф, соддалаштирилган интерактив тартиб-тамойилларининг йўқлиги, саноат тармоқларида калибрлаш ишларини жорий этиш масалаларининг етарли даражада олиб борилмаётгани, ижтимоий соҳада, жумладан, маиший энергоресурсларни ҳисобга олиш приборларини метрологик таъминоти бўйича ягона тизим мавжуд эмаслиги каби муҳим масалалар янги таҳрирдаги қонун билан тартибга солиниши таъминланадиган бўлди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш бўйича муҳокамалар қизғин ўтказилиб, унда депутатлар аҳоли хонадонларида ўрнатилган ҳисоблагичларни қиёслашда аввалги сарсонгарчиликларга барҳам бериш, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, ҳисоблагичларни давлат кўригидан ўтказиш харажатларини тўлиғича энергия таъминоти корхоналари томонидан қоплаш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

– Янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги муҳокамалари қизғин кечиб, депутатларнинг турли хил фикр-мулоҳазалари, саволлари ва ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Асосий эътибор “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ушбу қонун лойиҳаси билан белгиланган нормаларнинг ижро этилишини назорат қилиш, қонунчилик базасини халқаро нормалар билан уйғунлаштириш, истеъмолчи ва етказиб берувчилар ҳуқуқ ва бурчларини аниқ белгилаб бериш, қонун нормаларининг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш бўйича депутатларнинг таклиф ва тавсияларига қаратилди, – дейди “Ўзстандарт” агентлиги бош директори Д.Сатторов.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида, метрология фаолиятини амалга оширишда хусусий секторнинг улушини ошириш, инвестициявий лойиҳаларни соҳага кенгроқ жалб қилиш, аҳолига сифатли метрологик хизматлар кўрсатишни таъминлашнинг қонуний асосларини таъминловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур қонун лойиҳаси метрология соҳасини халқаро талаблар билан мувофиқлашга, шу билан бирга, маҳсулот, жараёнлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлиги масалаларида истеъмолчилар ҳамда давлат манфаатларини ҳимоялашга, маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Қолаверса, ушбу қонун лойиҳаси янги иш ўринлари яратилишига, соҳа инфратузилмасининг халқаро тамойиллар асосида ривожланишига, кўрсатилаётган метрологик хизматлар сифатини оширишга, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга имкон яратади.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси депутатлар, экспертлар, соҳа мутахассислари, ишлаб чиқарувчилар ҳамда аҳолининг талаб ва таклифлари асосида янада такомиллаштирилиб, иккинчи ўқишга киритишга келишиб олинди.


Кўришлар сони: 260

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...

Тадбирлар тақвими