Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий адолат тимсоли сифатида Симурғ номли қушни излаб узоқ йўлга тушадилар. Уни топиб, қонунни устувор қилмоқчи, бузилган ҳақ-ҳуқуқларни тикламоқчи бўладилар. Бу йўлда қийинчилик, заҳматларни бошдан ўтказадилар. Йўл бўйи уларга бир нарса далда бўлади. У ҳам бўлса, доно Ҳудҳуд томонидан ҳаёт, фалсафа, ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда айтиб берилган ибратли ҳикоятлар. Ўртада кечган баҳсу мунозаралар асносида улар анчайин маърифат касб этадилар. Тафаккури бойиб, маданияти ўсиб боради. Ва нияҳоят, ўттиз қуш (форсча: си - ўттиз, мурғ - қуш) – Симурғнинг маконига етиб келиб кўрсаларки, Симурғ дегани аслида ўттиз қушдан иборат ўз жамоалари экан...

Ҳа, аслида биз кундалик ҳаётда ва фаолиятимизда кўп ишлатадиганимиз — фуқаролик жамияти тушунчаси ижтимоий бир макон бўлиб, бу маконда қонун устувор бўлади, у инсоннинг ўз ўзини камол топтиришга монелик қилмайди, аксинча, ёрдам беради. Шахс манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла даражада рўёбга чиқишига кўмаклашади. Айни вақтда бошқа одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига қўл қўйилмайди, яъни, эркинлик ва қонунга бўйсуниш бир вақтнинг ўзида амал қилади.

Дарҳақиқат, инсоният ўз тараққиётида доимо адолатли давлат, демократик жамият барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва худди “Лисон ут-тайр”даги қушлар сингари шунга интилган.

Фуқаролик жамияти қуришнинг маъноси шуки, давлатчилик ривожлана борган сари бошқарувнинг турли хил вазифалари бевосита халққа топширилади. Яъни, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти ривожланади.

Модомики, жамият бошқарувини назорат қилиш кенг жамоатчилик томонидан амалга оширилар экан, биринчи навбатда, ҳар битта фуқарода мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси пайдо бўлиши лозим. Бу ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш одамлардан сиёсий, ҳуқуқий, маънавий юксакликни талаб этади. Чунки, бунда инсон жамиятдаги демократик институтлар, уюшмалар ва бошқа бирлашмалар орқали ўзининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа мақсадларини амалга оширади.

Аслида “фуқаролик жамияти” деган тушунча аслида бугун пайдо бўлгани йўқ. Бу атама қадимги Юнон ва Рим давлатларида ҳам қўлланилган. Файласуфларнинг таъбири билан айтганда, бу кишиларнинг бирдамликка бўлган табиий эҳтиёжидан келиб чиққан, ижтимоий тенгсизлик, табиий ҳолат, меҳнат тақсимоти ва жамият тараққиётининг асосини белгиловчи бошқа жараёнлар билан бевосита боғлиқ бўлган.

Бу борада бизнинг суянишимиз ва асос деб олишимиз мумкин бўлган ўз шарқона қадриятларимиз ҳам бор, албатта. Буюк давлатчилик тарихига эга бўлган юртимизда, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, намуна олишга арзийдиган маҳорат мактаблари мавжуд.

Дейлик, бу ҳолат Конституциямизнинг 54-моддасида ҳам ўз аксини топган. Яъни, мулкдор мулкига ўз хоҳиши бўйича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади. Мулкдорнинг бу эркинлиги, бир вақтнинг ўзида, бошқа инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслиги лозим, яъни, эркинлик ва қонунга итоат этиш бир вақтда амалга оширилади.

Шунинг учун парламент қуйи палатасида ҳозирги кунда қизғин муҳокама этилаётган қонун лойиҳаларининг аксарияти (“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим ҳақида”ги ва бошқа бир қатор қонунлар) айнан шу эзгу мақсадга — мамлакатимизда адолатли демократик фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилгандир.

Юқорида номлари зикр этилган қонун лойиҳалари ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқа соғлом фуқаролар билан баб-баравар ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлган ҳолда, жамият ва давлат ишларида фаол иштирок этишини, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш, билим олиш тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ўрнини, аҳамиятини батафсил ёритиб беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур қонунларини қанча тезроқ қабул қилиб, амалиётга татбиқ этсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, ушбу қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда шаклланаётган адолатли фуқаролик жамиятининг такомиллашувида яна бир ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Машҳур хитойлик файласуф Конфуций “Ўқиган – билади, билган – амал қилади”, дегани бежиз эмас. Зеро, бурч ва эркинликлар борасида меъёр даражасини билиш – қайси сарҳадларга қадам босиш мумкин-у, қайси чегарадан ошиб ўтишга ҳақи йўқлигини англаш ҳисси ҳар бир фуқаронинг олдига ҳуқуқий билим даражасини ошириш, сиёсий маданиятини юксалтириш талабини қўяди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ҳақида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган изчил сиёсат фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми бўлган ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар ҳамда жамоат бирлашмаларининг ўрни ва аҳамиятини тобора оширмоқда. Буларнинг барчаси муҳим бир нуқтада бирлашади: халқнинг фаровонлиги, оддий фуқаронинг, қолаверса, ҳар бир ватандошимизнинг турмуш тарзи юксалишига хизмат қилади.

Демократик институтлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларининг кенгайтирилиши, жамоат бирлашмалари ва нодавлат ташкилотлари тизимининг такомиллашуви фуқаролик жамиятининг энг ёрқин характерли хусусиятларидан бири бўлиб, тараққиётга йўл очадиган фикрлар хилма-хиллиги ва эркинлигига, ривожланишнинг янги қирралари, тамойилларини белгилашга имкон яратади.

Тоҳир ШОҲНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Девони Юридик бошқармасининг

Суд-ҳуқуқ қонунчилиги сектори мудири


Кўришлар сони: 225

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими