Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

“Инвестициялар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси: янгилиги, камчилиги ва муаммоси нимада?

“Инвестициялар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси:  янгилиги, камчилиги ва муаммоси нимада?

Мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, сармоядорларнинг бу борадаги давлат сиёсати изчиллигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш иқтисодиёт учун муҳим омил ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётга инвестицияларни кенг жалб қилиш, уларни ҳимоялашга қаратилган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришни тақозо этади.

Жорий йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 38 фоиздан ошган. Олдинги йилларда бу кўрсаткич 25 фоизга ҳам етмаган. Биринчи ярим йилликда қарийб
86 трлн. сўм, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробар кўп инвестициялар ўзлаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши 2,7 баробар, халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилиши 3,7 баробарга ўсган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Чора-тадбирлар режасида инвестиция фаолиятини тартибга солувчи ягона қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш белгиланган.

Шунга асосан, жорий йилнинг 1 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган.

Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан амалга оширилидиган инвестициялар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун тенг шароитлар яратиш, инвестиция фаолияти соҳасида нормаларни ягона қонунчилик ҳужжатида бирлаштириш, бу орқали инвесторларга янада қулай бўлган иш шароитларини яратиш, турли хил бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, ҳудудий инвестиция сиёсатини олиб боришда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ролини кучайтиришга эришиш лойиҳанинг асосий ғояларини ташкил этади.

Бундан ташқари, лойиҳада миллий қонунчиликда мавжуд бўлмаган  бир қатор янгиликлар кўзда тутилган. Хусусан, лойиҳа ягона қонун доирасида инвестиция фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирлаштиришни, халқаро тажрибани ўрганиш натижасида инвесторлар
ва инвестицияларни ҳимоя қилишга қаратилган янги нормаларни жорий этишни назарда тутади. Шунингдек, унга ҳам маҳаллий, ҳам чел эл инвесторлари учун ягона ҳуқуқий режимнинг жорий этилиши, инвесторлар учун инвестиция визаси, инвестицион солиқ кредитлари ва субсидиялар, маънавий зарарни қоплаш сингари янги тушунчалар киритилган.

Шу билан биргаликда, қонун лойиҳасида эътибордан четда қолдирилган бир қатор жиҳатлар ҳам мавжуд. Хусусан, лойиҳанинг 15-моддаси 3-хатбошиси ўзбек тилидаги матнида кўчмас ва бошқа турдаги мулк ва уларга бўлган ҳуқуқлар инвестиция манбалари сифатида эътироф этилмоқда.

Ҳолбуки, Конституциямизнинг 49-моддасида маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасида экани, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

Шундай экан, қонун лойиҳасидаги мазкур норма Бош қомусимиз ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилиши зарур. Ана шунда эртага бирор сармоядор, дейлик, “Абдуллахон” ёки “Регистон” майдонидаги маданий мерос объектларига инвестиция киритиш шарти билан уларни сотиб олиш ёки ижарага олишга даъвогар бўлиб чиқмайди...

Таъкидлаш жоизки, қонунларнинг кучи уларга амалда қанчалик риоя этилиши ва тўғридан-тўғри ишлаши билан баҳоланади. Қонун ижтимоий адолат принципларига мос бўлсагина, реал ижтимоий муносабатларни тартибга солсагина, унга риоя қилинади.

 

Нурали ОЛЛАБЕРГАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Девонининг

  Юридик бошқармаси катта референти


Кўришлар сони: 168

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджетига доир қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

Йиғилишда қайд этилганидек, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

12.11.2019
Оилавий тадбиркорларга яна бир қулайлик

Мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ...

12.11.2019
Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишида нималар ўзгарди?

Лойиҳа синов воситаларини аттестациядан ўтказишга доир янги модда билан тўлдирилган. Синов ...

Тадбирлар тақвими