Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака оширишга қаратилган ўқув машғулотлари, маърифат соатлари ўтказиш яхши анъанага айланган.

Жорий йилнинг 16 октябрь куни ўтказилган навбатдаги маърифат соати Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланди. Унда филология фанлари номзоди, таниқли адабиётшунос олим Зуҳриддин Исмомиддинов иштирок этиб, давлат тилининг аҳамияти, унинг қонун ижодкорлигида тутган ўрни хусусида ўз қарашларини билдирди.

“Халқимиз ҳали шу пайтгача ҳеч қайси қонунни «Давлат тили ҳақида»ги Қонунни кутганчалик кутмаган, ҳатто, қабул қилинишини талаб қилмаган”, дейди З.Исомиддинов.


Қонун — халқ учун, жамият учун яратилади. Шу боис, унинг фуқаролар учун тушунарли, лўнда бўлмоғи лозимки, ана шунда унинг ҳаётга татбиқ этилиши осон кечади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қарор топган анъанага кўра, палатага кириб келаётган барча қонун лойиҳалари мажлисларда айнан ўзбек тилида муҳокама қилинади. Шу билан бирга, бошқа тилда сўзлашувчи депутатлар ҳам борлигини инобатга олган ҳолда, муҳокамаларда лойиҳалар рус тилида ҳам муҳокама этилиши мумкин.

Бугунги кунда парламент қуйи палатасида қонунларнинг ўзбек тили қонун-қоидаларига мослигини таъминлашга устувор вазифа сифатида қараляпти. Қуйи палата Девонининг Лингвистик экспертиза ва таҳририят бўлимида давлат тили ҳамда қонунчилик техникасини яхши билган, узоқ йиллик тажрибага эга, сара мутахассислар фаолият юритмоқда. Айниқса, кейинги пайтларда Қонунчилик палатасига кириб келаётган қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қарийб 70-80 фоизи ўзгартирилаётгани замирида ҳам давлат тилига эътиборни кўриш мумкин.

Биргина мисол. Бир неча кун олдин Олий Мажлис Сенатининг
мажлисида маъқулланган қонун лойиҳаларидан бири хорижликларга мамлакатимизда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни бир мунча енгиллаштиришга қаратилган эди. Бироқ мазкур қонуннинг лойиҳа пайтидаги номи даставвал ўзбек тили қоидаларига мос тушмаслиги аниқ эди. Сабаби, лойиҳа қонун ташаббускори томонидан, Ҳукумат орқали, шунча босқични босиб ўтиб, Қонунчилик палатасига киритилганида “Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик” мазмунида номланган эди. Қонун лойиҳаси масъул қўмита, фракциялар ва депутатлик гуруҳида дастлабки муҳокамаларданоқ унинг номланишига бир қатор эътирозлар билдирилди.

Қонун лойиҳаси номида “Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун” ибораси мавҳум, тушунарсиз бўлиб қолган. Боиси, “бўлиш” сўзидан жумла тузишда ҳар хил маънода  фойдаланиш мумкин. Яъни, уни ҳам “муайян жойда бўлиш”, ҳам бирор нарсани “тақсимлаш” маъносида қўлласа бўлади.


Шу маънода, узоқ тортишувлардан сўнг, депутатлар лойиҳа номини “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги” деб ўзгартиришга қарор қилдилар. Шундай қилиб, мазкур ноаниқлик Қонунчилик палатаси депутатларининг таклифларига асосан ўзгартирилиб, “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” дея қайта номланди. Албатта, парламентнинг кундалик фаолиятида бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Маърифат соатида давлат тилини асраб-авайлаш, унинг мавқеини янада ошириш, жамиятда тил қоидаларига амал қилиш кўникмасини шакллантириш йўлидаги қадамлар,  аввало,  қонун чиқарувчи олий орган — парламентдан бошланиши зарурлиги қайд этилди. Буни, айниқса, парламент қуйи палатаси Девонининг қонунлар билан бевосита ишлайдиган ходимлари теран англаб етмоғи даркор.

Зеро, тилга эътибор — элга эътибор, унинг равнақи — юртнинг тараққиёти демакдир.

Жасур КЕНГБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати ходими


Кўришлар сони: 199

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими