Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Нега баъзи депутатлар шифокорларни тажовуздан ҳимояловчи қонун лойиҳасига қарши?

Нега баъзи депутатлар шифокорларни тажовуздан ҳимояловчи қонун лойиҳасига қарши?

Кейинги пайтларда кўпайиб бораётган ҳолатлар, яъни, ўз хизмат вазифасини бажараётган шифокорларни калтаклаш, тан жароҳати етказиш каби хунук ҳолатлар халқимиз, кенг жамоатчилик, айниқса, халқ вакиллари бўлган депутатларнинг ташвишини орттирмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси депутатлари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатасига киритган эди.

Қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Сўнг лойиҳа овозга қўйилди. Натижада:

Тарафдорлар – 87 нафар;

Қаршилар – 8 нафар;

Бетарафлар – 5 нафар;

Овоз бермаганлар – 1 нафар бўлди.

Хўш, бу рақамлардан нима англашилади?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, Қонунчилик палатасининг мажлисларида қонун лойиҳасини овозга қўйиш чоғида депутатлар умумий сонининг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берса, мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган ҳисобланиши алоҳида норма сифатида белгилаб қўйилган.

Шунга кўра, юқоридаги рақамлар тиббиёт ходимларининг ҳимоясига қаратилган мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганини билдиради.

Аммо...

Аввалдан айтиш лозимки, лойиҳа айрим камчиликлардан холи эмас. Одатда, ҳар бир қонун лойиҳасини биринчи ўқишда фақат концептуал жиҳатдан муҳокама қилиниб, маъқулланади. Яъни, шу лойиҳа ўзи керакми, долзарблиги борми, деган саволга жавоб олинади. Иккинчи ўқишда эса, ҳар томонлама муҳокама этилиб, камчиликлари кўрсатилади, уларни тузатиш, лойиҳани пишитиб, маромига етказиш учун таклиф ва тавсиялар берилади. Шу маънода, мазкур қонун лойиҳасини ҳам янада такомиллаштириш, маромига етказиш, касбий фаолиятини бажараётган соҳа жонкуярларини ҳимоя қилишга қаратилган нормаларни кучайтириш учун вақт, имкон бўла туриб, биринчи ўқишда 8 нафар депутат унга қарши овоз берганини қандай тушунмоқ керак?

Кўпнинг гапи — гап, деганларидек, ҳартугул, лойиҳа кўп овоз билан қабул қилинди.

Энди уни иккинчи ўқишга тайёрлашда таклиф ва тавсияларни ҳар томонлама кўриб чиқиш, қонун ижодкорлиги билан шуғулланаётган профессионал мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаш бўйича жараёнлар бошлаб юборилди.

Ушбу қонун лойиҳасида ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда.

Айтинг-чи, инсонлар соғлигини ва ҳаётини сақлашдек оғир, ўта масъулиятли ишга бел боғлаб, ҳатто ярим тунлари ҳам ҳаловатидан кечиб, тиббий ёрдам кўрсатишга чоғланган фидойи касб эгаларига нисбатан бундай тажовузкорона муносабатда бўлиниши адолатданми?

Бу, биринчи навбатда, бизнинг ҳуқуқий демократик давлатимиз принципларига мутлақо мос келмайдиган ҳолат.

Ушбу масалада депутатлар томонидан хорижий тажриба ҳам кенг ўрганилиб, таҳлилларга кўра, бир қатор давлатларда беморлар ва тиббиёт ходимлари ўртасида ўзаро муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинган. Хусусан, Америка Қўшма Штатларининг деярли барча штатлари қонунларида фельдшерлар, ҳамширалар ва шифокорларга хужум қилганлик учун 25 йилгача қамоқ жазосини белгиловчи нормалар мавжуд.

Россия Федерациясининг Жиноят кодексида тиббиёт ходимларининг соғлиғига зарар етказиш ҳолати учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Бунда жабрланган шифокорлар ҳам, ҳодиса гувоҳи бўлган фуқаролар ҳам маъмурий ёки жиноий иш қўзғатиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Бундан ташқари, АҚШ ва Россияда тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ хатарларни иш берувчи томонидан суғурталаш тартиби жорий этилган.

Шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларида тиббиёт ходимларига тажовуз билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар жиноят кодексининг нормалари билан тартибга солинган. Умуман олганда, сўнгги йилларда кўплаб хорижий давлатлар тиббий ёрдам соҳасида ишлаётган фуқароларга нисбатан содир этилган тажовузлар учун жазони кучайтиришга интилмоқдалар.

Ахир беморларга тиббий хизмат кўрсатиб, “эвазига” калтакланса, пичоқланса, тажовужга учраса, умуман, ҳаётига хавф туғилса, улар ҳимоясининг ҳуқуқий асослари таъминланмаса ким ҳам шифокор бўлиб ишлагиси келади?

Шундай экан, ҳар бир иссиқ жоннинг иши тушиши мумкин бўлган шифокорларни турли хавф-хатар ва тажовузлардан ҳимоялаш муҳим аҳамиятга эга. Буни назарда тутувчи қонун лойиҳасини норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, ҳарқанча такомиллаштириб, пишиқ-пухта ҳолга келтириш мумкин. Аммо бу қонун лойиҳасининг эзгу ғоясига қарши бўлувчиларни тушуниш қийин.  

 

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

 


Кўришлар сони: 138

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими