Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил давомида кредит маблағларини ўз вақтида тўлаб келади. Кредит истеъмолчиси маълум бир сабаблар, дейлик, иш жойидан бўшагани ёки соғлиғи ёмонлашгани учун муайян вақт кредит учун тўловни амалга ошира олмай қолади. Бундай пайтда дарҳол банкдан устма-уст қўнғироқлар, дағдағалар қилинади. Ҳатто, кредит эвазига харид қилинган уйни тортиб олиш ёки судга бериш ҳақида иддоалар қилинади...

Банкдан қарздор бўлган мижоз яна кимдандир қарз-ҳавола қилиб, бир амаллаб, уни қоплайди. Афсуски, бундан бошқа чораси қолмайди.

Ҳа, бу кўпчилигимиз учун таниш манзара.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси одамларни қийнайдиган мазкур муаммони бартараф этиш бўйича амалий ташаббусга қўл урди. 

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси депутатлари Абдуғани Умиров ва Жамшид Пирматов томонидан қонун ташаббускорлиги ҳуқуқларидан фойдаланиб, “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси тайёрланмоқда.

Лойиҳа уй-жой харид қилиш учун жалб этиладиган ипотека кредитлари фуқароларнинг кўп йиллик меҳнат фаолиятини қамраб оладиган, узоқ муддатли ва қатъий мажбурият эканини инобатга олиб, ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги кунда фуқароларга ипотека кредитларини бериш билан деярли барча тижорат банклари шуғулланмоқда. Хусусан, тижорат банклари томонидан 2017 йилда 2 трлн. 826 млрд. сўмлик 25970 та, 2018 йилнинг 1 август ҳолатига, 1 трлн. 250 млрд. сўм миқдорида 13 930 та ипотека кредитлари ажратилган.

Депутатлар таҳлилига асосан, қонун ҳужжатлари ва амалиётни ўрганиш мазкур соҳа мамлакатимизда ҳали талаб даражасида ривожланмаганини кўрсатмоқда.

Бунинг асосий сабабларидан бири, бу – ипотека кредитларини бериш тартиби ва шартлари фуқаролар учун бир қанча қийинчиликларни юклаётганида бўлмоқда. Масалан, ипотека кредитини олишдан олдин харид қилинаётган уй-жой нархининг 10 фоиздан 25 фоизгача олдиндан тўловни амалга ошириш мажбурияти қўйилгани, кредит олингандан сўнг уни олган шахснинг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганларнинг моддий аҳволи узрли сабабларга кўра, ўзгаргани муносабати билан кредит шартларини қайта кўриб чиқиш (реструктуризация қилиш) имконияти мавжуд эмаслиги фуқаролар манфаатлари талаб даражасида таъминланмаётганидан далолат беради.

Шу мақсадда мазкур қонун лойиҳасида “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига қўшимча киритиш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасида ипотека олувчи мажбуриятларини бажаришига касаллиги ёки ишдан бўшагани ёхуд фарзанд кўргани учун таътилга чиққани сабабли имконияти чекланган ҳолатларда тўловлар учун таътиллар (ипотека таътиллари) берилиши кўзда тутилган. Бунда, таътиллар миқдори уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга, лекин ипотека даврида уч мартага қадар берилиши, бироқ бир йилда бир марта кечиктириш ҳуқуқи шартноманинг шартида кўрсатилиши белгиланмоқда.

Таҳлилларга қараганда, хорижий мамлакатларда ҳам ипотека кредитлаш иқтисодиёт ўсишининг асосий манбаларидан бири бўлиб, мазкур тизимда кредитни реструктуризация қилишнинг бир қатор асосий шакллари мавжуд. Кредит муддатини узайтириш, кредит тўлашнинг имтиёзли муддатини белгилаш (унда кредит олган шахс фақатгина кредит фоизини тўлайди ёки мазкур фоизларни ҳисоблаш тўхтатилади), қарзни қайта молиялаштириш (қарзни қайтариш учун қулай шартларда янги кредит расмийлаштирилади) кабилар шулар жумласидандир. Масалан, Исроил давлатининг қонун ҳужжатида ипотека олувчи мажбуриятларини бажаришига касаллиги ёки ишдан бўшагани ёхуд фарзанд кўргани учун таътилга чиққани сабабли имконияти чекланган ҳолатларида кредит қайтарилишини кечиктириш юзасидан таътил бериш кўзда тутилган.

Юқорида келтирилган асослашлардан кўриниб турибдики, ипотека кредити олган истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш амалиёти хорижда ҳам кенг қўлланилиб келинади. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси депутатлари томонидан таклиф этилаётган қонун лойиҳаси ипотека кредити олган истеъмолчилар ва улар баробарида халқимиз фаровонлигини, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарорлаштиришда муҳим ўрин тутади.

 

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси

ижрочи котиби


Кўришлар сони: 161

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими