Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутат мақоласи қандай натижа берди?

Депутат мақоласи қандай натижа берди?

Ўтган ойда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида депутат Ёрмамат Холиёровнинг “Тошкент метрополитени жетонлардан қачон воз кечади?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди.

Мақолада депутат барча соҳада кечаётган янгиланишлар, замонавийлик Тошкент метрополитенини четлаб ўтаётгани, бугун бутун дунёда электрон тўловлар тизими кенг қўлланилётгани, ҳаттоки, мобиль смартфонларга ўрнатиладиган дастурлар орқали NFC тўлов тизимлари жорий этилаётганини келтириб, Тошкент метрополитенида эса, ҳали-ҳануз жетонлардан фойдаланилаётгани, бу каби масалаларга етарлича эътибор қаратилмаётгани, эскича қарашлардан воз кеча олинмаётгани ҳақидаги масалани кўтарган эди.

Мақола эълон қилингач, ушбу масала жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама келтириб чиқарди. Мутасадди вазирлик ва идоралар ғимирлаб қолди. Ҳатто мазкур масалага Ҳукумат ҳам эътибор қаратгани диққатга молик.

Буни мақола муаллифи бўлган депутат номига “Ўзбекистон Темир йўллари” акциядорлик жамияти “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси раҳбариятидан келган жавоб хатидан ҳам билиш мумкин. Мактубда ушбу масалани Бош вазир ўз назоратига олгани ва тааллуқли бўлган вазирликларга топшириқлар берилиб, ишчи гуруҳи тузилгани, ишчи гуруҳ зиммасига Европанинг етакчи мамлакатлари транспорт тармоқларида амал қилаётган электрон тўлов тизим жорий этиш бўйича амалий таклиф киритиш юклатилгани ҳамда бу борада амалий ҳаракатлари бошлангани баён қилинган.

Шунингдек, хатда келтирилишича, ҳозирги пайтда Тошкент метрополитенининг Халқлар дўстлиги ва Ойбек бекатларида тажриба асосида HUMO пул тўлов карталари орқали йўлкира ҳақини тўлашни амалга ошириш имконини яратувчи тизим муваффақиятли синовдан ўтказилган.

Жорий йилнинг сентябрь ойининг ўртасидан бошлаб тасдиқланган режа асосида Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишининг Олмазор, Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Пахтакор, Буюк ипак йўли бекатларида, Ўзбекистон йўналишининг Дўстлик, Тошкент, Ўзбекистон, Алишер Навоий, Чорсу, Беруний бекатларида ва Юнусобод йўналишининг барча бекатларига HUMO пул тўлов карталари орқали йўлкира ҳақини тўлашни амалга ошириш имконини яратувчи тизим ўрнатилиб, босқичма-босқич ишга туширилмоқда экан.

Албатта, кўпчилик эътибор бермайдиган, лекин ҳамма учун муҳим бўлган биргина масалага депутатнинг куюниб мақола ёзиши билан омма эътибори қаратилди. Мутасаддиларни яхши маънода “уйғотди”.

Аслида ҳам ният — халқ учун қулайлик яратиш, енгиллик туғдириш эди. Қолаверса, депутат ёзганидек, туризм ҳақида бонг урамиз-у, аммо, сайёҳликнинг муҳим талабларидан бири ҳисобланган транспорт инфратузилмаларини жаҳон стандартлари асосида ташкил қилиш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш кўпинча хаёлимизга ҳам келмаяпти. Аслида буни сизу биздан кўра, Тошкент метрополитени раҳбарияти яққол ҳис қилиб, эртароқ амалий ишга қўл уриши лозим эди. Ахир бу ҳам ўзгараётган Ўзбекистоннинг имижи учун яхши бир восита-ку! Юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга, энг муҳими, халқимизга замонавий хизмат кўрсатиш, ҳар жабҳада ривожланган давлатлардан ортда қолмасликка ҳаракат қилиш барчамизни ўйлантирмоғи лозим.

Муҳими, “Тошкент метрополитени жетонлардан қачон воз кечади?” сарлавҳали мақола бу йўлда бир восита, туртки бўла олди. Энди ҳамма гап мутасадди идоранинг жавоб хатида айтилган ишлар ҳаётга кўчиб, амалий натижа беришида қолди.

Депутатлик корпуси эса, бу жараёнда эътиборни ҳеч қачон сусайтирмайди, керак бўлса, фаол иштирок этади.


Кўришлар сони: 392

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.12.2019
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этишга рухсат берилади

Бирламчи бозордан олинадиган кўчмас мулк ва транспорт воситалари ипотека, гаров ва лизинг шартномаларини...

05.12.2019
Парламентда қизғин паллага кирган муҳокамалар ҳудудларга ҳам кўчди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси...

05.12.2019
Нега кимгадир 2 фоиз, бошқага 4 фоиз белгиланган?

Аввал хабар берилганидек, яқинда парламент қуйи палатаси мажлисида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини...

Тадбирлар тақвими