Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Сирдарё вилоятида тадбиркорлик ривожи қандай кечяпти?

Сирдарё вилоятида тадбиркорлик ривожи қандай кечяпти?

2019 йил 18 сентябрь куни халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар ва бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида очиқ-ошкора мулоқот, қизғин баҳс-мунозаралар асосида кечган сессияда вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг бугунги аҳволи ҳамда бу борада юзага келаётган муаммолар, соҳани янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини чуқур танқидий таҳлил қилиб, очиқ фикр билдириш имкони яратилди.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари таъкидлаганидек, бугунги кунда мутасадди ташкилотлар, жумладан, банклар иш услубини тубдан ўзгартириб, тадбиркорларни уларнинг бутун фаолияти давомида қўллаб-қувватламоқда, ўз мижозлари билан ҳақиқий маънода бизнес-ҳамкор сифатида иш юритмоқда. Тижорат банклари ўз мижозлари билан учрашиб, уларга кўмаклашиш, ҳолати ўрта ва қониқарсиз бўлган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқиб, амалга оширмоқда.

Сессияда қайд этилганидек, ҳокимлар томонидан ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит маблағлари бўйича қарздорликни таҳлил қилиб бориш механизми жорий этилиб, шакллантирилган рўйхат асосида ҳар бир тадбиркорлик субъектларининг фаолият кўрсатмаслик сабаблари таҳлил қилинмоқда, шу асосда фаолиятини қайтадан тиклаш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2 баробарга ортиб, 1 сентябрь ҳолатига кўра, 10580 тага етган. Йил бошидан буён эса, 1885 та кичик бизнес субъектлари янгидан ташкил қилинган.

Сессия ишида таъкидланганидек, ҳудудда вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни бугунги давр ислоҳотлари шиддати, тобора ошиб бораётган халқ эҳтиёжлари ва ҳудудларнинг иқтисодий рақобати шароитида етарли деб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, сессияда айни соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, ҳанузгача ўз ечимини кутаётган масалалар, мавжуд муаммолар хусусида сўз юритилди.

Хусусан, вилоятда кичик бизнес субъектларининг олдида турган тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, улар билан яқиндан мулоқот ўрнатиб, мавжуд муаммоларини ҳал этишга етарли эътибор қаратилмаётгани оқибатида фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес корхоналарининг сони ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан 788 тага ёки 7,4 фоизга ошган. Бундай тадбиркорлик субъектлари (юридик шахслар) Гулистон шаҳри ва Гулистон тумани, Сирдарё, Мирзаобод, Сайхунобод туманларида юқорилигича қолмоқда.

Сессияда айрим тадбиркорлик субъектлари яширин равишда фаолият кўрсатишига тўғри келаётгани ҳам танқид остига олинди.

Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқаролар учун доимий даромад манбаларини яратиш долзарб вазифалардан саналмоқда. Ҳудудларни ижтимоий ривожлантириш дастурлари доирасида 18,6 трлн. сўмлик 349 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, 23 851 янги иш ўрни яратилиши белгиланган эди. Бугунги кунга қадар вилоятда 978,8 млрд. сўмлик 122 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 073 та янги иш ўринлари яратилган, холос. Тадбирда бу борадаги сусткашликлар сабабларини чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш вазифаси қўйилди.

Сессияда экспорт салоҳиятини ошириш кўп жиҳатдан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятига боғлиқлиги таъкидланган ҳолда, вилоятда кичик саноат зоналарида лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш борасида айрим муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Мавжуд эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналаридаги инфратузилмани яхшилаш, у ердаги имкониятларни янада кенгайтиришга эътиборни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Умуман олганда, сессияда Сирдарё вилоятида фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларига қайта иш бошлаши учун имкониятлар яратиб бериш, улар дуч келаётган тўсиқларни амалий кўмак билан бартараф этиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, ижроси учун масъуллар белгилаб олинди.

Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш, фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини яқиндан ўрганиш бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳлари ҳам ўз олдига вазифалар белгилаб олди. Қизғин баҳс-мунозара руҳида ўтган тадбирда депутатларнинг фаоллигини янада ошириш, бизнес вакиллари билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда уларнинг соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан билдирган таклиф ва мулоҳазаларини чуқур ўрганиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 665

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими