Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА: Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи

Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА: Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи

Дунёда инсон учун энг муҳим иш — фарзандини ўқимишли, зиёли қилиш бўлса, давлат учун энг долзарб юмуш таълимни тўғри йўлга қўйиш, етук кадрларни тайёрлашдир. Аслида энг баракали сармоя ҳам таълимга йўналтирилган сармоядир. Жаҳонда қанча ривожланган, тараққиёт бобида юксакликка кўтарилган мамлакат бўлса, барчаси юқори малакали, интеллектуал салоҳиятли кадрлари билан бунга эришган.   

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўтарилган муаммолар, куюнчаклик билан бирдирилган фикрларни мушоҳада қилар эканман, ана шундай хулосага келдим.

Давлатимиз раҳбарининг таълим тизимининг икир-чикиригача катта эътибор, чуқур таҳлил билан ёндашилган маърузасида айтилган ҳар бир гап юрак-юрагимизгача етиб борди. Чунки, унда янграган айрим гапларни мамлакатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб бот-бот такрорлаб келаётган эди. У киши шиддат билан кечаётган ислоҳотлар, ташқи дунёдаги кучли рақобат ҳар бир мамлакатдан юқори малакали кадрларни етиштиришни талаб этишини, агар улар бўлмаса, энг замонавий бошқарувларни кимга ишониб топширамиз, дея қайғуриб келади. Шу туфайли ҳам юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрларни тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, айни мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Президентимиз йиғилишда мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида келтириб. Ўз навбатида, машҳур адиб Виктор Гюгонинг “Мактаб очган одам бамисоли қамоқхонани ёпган бўлади” деган ҳикматли сўзларидан иқтибос келтириб, ушбу ҳикматлар мағзини чақиб берди.

Мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмаслигини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, таълимнинг асоси, пойдевори мактаб, мактабгача таълимдир. Мамлакатимизда кейинги пайтда мактабгача таълим тизимига ҳам катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Таълимнинг эртаси — тараққиётнинг ютуғи. Жажжи фарзандларимиз боғчадаёқ ҳарф таниб, ўқиш ва ёзишни ўрганиб, мактабга тайёр ҳолда бориши, мактабда эса, олтинга тенг қимматли вақтини ҳарф танишга эмас, билим олишга, уни мустаҳкамлаш ва кучайтиришга сарфлаши — олий таълимнинг муваффақияти ҳисобланади.

Кейинги пайтларда таълим тизимидаги ислоҳотлар туфайли юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Сўнгги уч йилда юртимизда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди. Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева каби улуғ инсонлар номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилди. Охирги уч йил ичида ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Олис туманларга бориб ишлаётган педагог кадрларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда.

Энг муҳими, ўтган даврда таълим тизимидаги энг катта ютқизиғимиз бўлган масала ечилмоқда — кўрилган аниқ чора-тадбирлар, ўқитувчининг обрўси оширилгани натижасида таълим-тарбия ишига 12 минг 871 нафар эркак ўқитувчи қайтди. Бу том маънода, таълимда сифат кўрсаткичларини яхшилаш билан бирга, фарзандларимизнинг тарбиясини янада кучай       тиришда муҳим омил бўлиши турган гап.

Албатта, буларнинг барчасига Президентимиз томонидан қабул қилинган халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда. 

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида барча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилаётгани, энди ҳамма гап уларни ҳаётга изчил татбиқ этишда қолганини қайд этди. Таълим тизимини яхшилаш, ўқитиш сифатини ошириш, ўқитувчи ва мураббийларни қўллаб-қувватлаб, жамиятда уларнинг обрўсини энг юқорига кўтариш учун бундан буён ҳам давлатимиз маблағни, имкониятни аямаслигини билдирди. Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ эканини таъкидлади.

Таълим соҳасидаги барча муаммоларни таҳлил қилиб, уларни ечиш йўлларини бирма-бир кўрсатган давлатимиз раҳбари ҳеч ким мазкур соҳадаги ислоҳотлардан четда турмаслиги, ўзини шу юрт тақдирига дахлдор деб билган барча фуқаромизда ватанпарварлик туйғуси уйғониши лозимлигини қайд этди.   

Албатта, бу борада биз — парламент вакилларининг ҳам зиммамизга катта масъулият тушади. Юртимизда таълим тизимини такомиллаштириш, таълимни бугунги замон талаблари асосида ташкил қилиш мақсадида “Таълим тўғрисида”ги қонунни айни пайтдаги шиддатли ислоҳотларга мос равишда қайта кўриб чиқиб, янги таҳрирда қабул қилмоғимиз зарур. Президентимиз бошлаб берган жуда кенг қамроқли таълимга доир ислоҳотлар, қўйилган вазифалар ижросини назорат қилишда парламент назоратининг барча таъсирчан шаклларидан фойдаланишимиз даркор.

Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак. Ана шунда кўзлаган барча марраларга албатта эришамиз.

 

Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 301

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2019
Тошкент вилояти депутатлари тадбиркорликни ривожланатириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ҳозирда Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 64 769 тани...

18.09.2019
Ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган, мутасаддилар нега хотиржам?

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши...

16.09.2019
Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

Тадбирлар тақвими